6 февраль куни Туркиянинг жанубий вилоятлари ҳамда Суриянинг Туркияга чегарадош ҳудудларида содир бўлган кучли магнитудали зилзилалар мисли кўрилмаган талафотларни келтириб чиқарди. Ҳозирги вақтга келиб зилзила қурбонлари сони умумий ҳисобда 23 минг нафардан ошиб улгурди (бу мақолани ўқиётган вақтингизда бу рақам, афсуски, янада ўсаётган бўлади). Инсоний йўқотишлардан ташқари, мамлакатнинг зилзила эпицентрида жойлашган ва унга туташ, зилзила таъсири сезилган ҳудудларида ишлаб чиқариш ва инфратузилма объектлари вайрон бўлди, сақланиб қолганлари жиддий зарар кўрди.

Зилзила натижасида етказилган талафотлар, инсоний ва иқтисодий йўқотишлар Туркия иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатади. Бу таъсир мамлакатнинг йирик ҳамкорлари билан ўзаро савдо алоқаларида ҳам акс этиши шубҳасиз. Шу нуқтаи назардан, ушбу мақолада Туркиядаги зилзила оқибатларининг Ўзбекистон иқтисодиётига потенциал таъсирини баҳолашга уриниб кўрамиз.

Ўзбекистон иқтисодиёти сўнгги уч йилликда муттасил кутилмаган синовлар — 2020 йилда пандемия, 2022 йилда минтақавий геосиёсий вазиятнинг кескинлашуви, 2023 йилнинг дастлабки ойида аномал совуқ — таъсири остида қолмоқда (албатта, аномал совуқ таъсиридаги иқтисодий йўқотишлар аввалги шоклар даражасида эмас, бу алоҳида мавзу).

Туркияда кузатилган табиий офат ва унинг талафот кўлами фавқулодда катта эканлиги эса 2023 йил ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти учун синовли бўлиши эҳтимолини ошираётгандек тасаввур уйғотмоқда. Сабаби — Туркия Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири. Табиийки, Туркия иқтисодиётининг жиддий талафот кўриши ёки қисқариши Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

Хўш, Туркиянинг зилзила натижасидаги иқтисодий йўқотишлари Ўзбекистон иқтисодиётига қандай ва қай даражада салбий таъсир кўрсатиши мумкин?

Бу саволга жавоб бериш учун, биринчи навбатда, Туркияда содир бўлган зилзиланинг кўлами ҳамда унинг иқтисодиётга келтирган (ёки келтириши кутилаётган) умумий зарари тўғрисида тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш зарур. Бироқ ҳозирча бу ҳақда аниқ, ишончли ва етарли маълумотлар мавжуд эмас. Шунга қарамай, айрим дастлабки таҳминий хулосаларни бериш мумкин.

Табиий офатдан жиддий талафот кўрган ҳудудларнинг Туркия иқтисодиёти (ялпи ички маҳсулоти)даги улуши тахминан 9,3 фоизни ташкил этади. Шундан келиб чиқиб, мазкур ҳудудларда ЯИМ ҳажми 30 фоизга қисқаради, деб фараз қилинса, бу мамлакат иқтисодиётининг 2,8 фоизга қисқаришига сабаб бўлиши мумкин.

2022 йилда Туркия иқтисодиёти, Жаҳон банкининг дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 4,7 фоизга ўсган. Банк ўзининг январь ойидаги прогнозларида 2023 йил учун 2,7 фоизлик ўсишни тақдим этган бўлса, мамлакат ҳукумати прогнозлари нисбатан оптимистик — 5 фоизлик ўсишни кўрсатаётган эди. Албатта, мазкур прогнозларда зилзила келтириб чиқарган талафотларнинг таъсири ҳисобга олинмаган.

Юқорида қилинган тахминий ҳисоб-китоблар ҳамда Туркияда 2023 йилги иқтисодий ўсишнинг дастлабки прогнозларига таянсак, Туркия иқтисодиёти жорий йилда инқирозни бошдан кечириши эҳтимоли кам. Шубҳасиз, иқтисодий ўсиш сезиларли даражада секинлашиши мумкин. Бироқ, яна бир жиҳатни эътиборга олиш жоизки, табиий офатдан талафот кўрган ҳудудларда сезиларли даражада капитал (бойлик) йўқотилди. Бу ҳудудларни қайта тиклаш эса кенг кўламли экспанцион (рағбатлантирувчи) сиёсат талаб қилади. Бу айрим соҳаларда, хусусан, қурилиш соҳасида ўсиш суръатларининг кескин тезлашишига сабаб бўлиши мумкин. Талафот кўрган ҳудудларда маълум вақт — капиталнинг аввалги даражаси тиклангунча — иқтисодий ўсиш суръати зилзиладан аввалги даврдаги кўрсаткичларга нисбатан юқорироқ бўлади. Бу жиҳат, ўз навбатида, кутилаётган салбий иқтисодий оқибатларни юмшатувчи омил бўлиб хизмат қилади.

Юқорида таъкидланганидек, ҳозирги вақтда табиий офатнинг иқтисодий ўсишга қай даражада таъсир қилиши борасида аниқ хулоса чиқариш қийин. Зилзила талафотлари мамлакатдаги иқтисодий фаолликка жиддий зарар етказиб улгургани шубҳасиз: ўн минглаб инсонлар (меҳнат ресурслари) ҳалок бўлди, талафот кўрган ҳудудлар қачон тиклана бошлаши ҳамда ҳукуматнинг мазкур ҳудудларни қайта тиклаш учун қанча маблағ ажратиши ҳозирча номаълум. Шунга қарамай, Туркияда иқтисодий ўсиш 2,8 фоизга секинлашади, деб фараз қилинса, юқоридаги тахминий ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда хулоса қилиб, бунинг Ўзбекистон иқтисодиётига потенциал салбий таъсири даражасини баҳолаш мумкин.

Бугунги кунда Туркия Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Хусусан, 2022 йилда Туркия ҳамда Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо айланмаси 3,2 млрд долларни ташкил этиб, шундан 1,5 млрд доллар — экспорт, 1,7 млрд доллари импорт ҳиссасига тўғри келган. Бошқа бир жиҳат ҳам борки, ташқи савдо айланмасида энг йирик ҳамкорлар орасида тўртинчи бўлишига қарамай, Туркия билан ташқи савдо айланмаси Ўзбекистон умумий ташқи савдо айланмасининг 6,4 фоиз қисмини ташкил этади, холос.

Бундан ташқари, Туркияда юритилаётган нисбатан юмшоқ монетар сиёсат ҳамда Ўзбекистонда юритилаётган нисбатан қаттиқ монетар сиёсат сўмнинг лирага нисбатан (реал) алмашинув курсининг ошиб боришига сабаб бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида 2022 йил давомида Туркияга экспортнинг қисқаришини тушунтириб берувчи асосий омиллардан бўлиб ҳисобланади.

Маълумот учун, юмшоқ монетар сиёсат — бу марказий банк томонидан иқтисодиётга қўшимча стимул бериш мақсадида пул массасини оширишга қаратилган сиёсат бўлиб, асосан асосий фоиз ставкасининг пайсайтириш орқали амалга оширилади. Кўплаб давлатлар инқироз яқинлашиши билан фоиз ставкаларини тушириш орқали иқтисодиётга стимул беришни мақсад қилади. Нисбатан қаттиқ монетар сиёсат эса юқори инфляцияга қарши кураш мақсадида юритиладиган сиёсат бўлиб, асосий фоиз ставкасининг оширилиши ҳамда инфляция даражаси билан асосий фоиз ставкаси ўртасида маълум даражада ижобий фарқни сақлаб туришни назарда тутади.

2022 йил якунига кўра, Ўзбекистоннинг Туркияга экспорти 11 фоизга қисқарган. Яъни табиий офат юз бермаган шароитда ҳам Туркияга экспорт қисқаришни бошлаган эди. Бошқа тарафдан, Туркиядаги монетар сиёсатда ҳозирча қаттиқлаштириш аломатлари сезилмаяпти. Айни пайтда Ўзбекистон Марказий банки 2024 йилгача инфляциянинг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичига эришиш учун монетар сиёсатни ҳозирги даражада ушлаб туришни режалаштирган. Бундай шароитда реал алмашинув курсининг ўсишда давом этиши эҳтимоли юқори. Бу эса 2023 йилда ҳам Туркияга экспортнинг қисқаришига хизмат қилувчи асосий омиллардан биридир. Ўз навбатида, табиий офат қўшимча омил бўлиб хизмат қилади.

ташқи савдо, туркиядаги зилзила, ўзбекистон - туркия, яим

График Cтатистика агентлиги маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

Агар табиий офат натижасида Туркия иқтисодиётининг ўсиши, фараз қилганимиздек, 2,8 фоизга секинлашса, бу Ўзбекистоннинг Туркияга экспортини тахминан ЯИМнинг қисқариши (2,8 фоиз) даражасида қисқартиради. Туркияга экспорт умумий экспортнинг 8 фоизини ташкил этишини ҳисобга олсак, мазкур кўрсаткичнинг 2,8 фоизга қисқариши Ўзбекистон умумий экспортининг тахминан 0,2 фоизга қисқаришига сабаб бўлиши мумкин. Умумий экспортнинг ЯИМдаги улуши эса 24 фоизни ташкил этади. 24 фоиз қисмини ташкил этувчи компонентнинг 0,2 фоизга қисқариши ЯИМнинг 0,05 фоизга қисқаришига сабаб бўлиши мумкин, холос (мултипликатор эффекти билан қисқариш бироз юқори бўлиши ҳам мумкин). Бошқача айтганда, табиий офат натижасида Туркия билан савдонинг нисбатан қисқариши (қисқаришининг тезлашиши, десак тўғрироқ бўлар) амалда Ўзбекистон ЯИМининг ўсишига деярли таъсир ўтказмайди.

ташқи савдо, туркиядаги зилзила, ўзбекистон - туркия, яим

График Статистика агентлиги маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

Туркиядаги иқтисодий пасайиш ташқи савдодан ташқари омиллар орқали ҳам Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсир ўтказиши мумкин. Шундай омиллардан бири — бу халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг ўзгаришидир. Бироқ, сўнгги йиллардаги статистик маълумотларга эътибор қаратилса, Туркиядан кириб келаётган пул ўтказмаларидан кўра Туркияга чиқиб кетаётган пул ўтказмалари кўпроқ. Хусусан, пул ўтказмалари бўйича салбий сальдо 2021 йилда 111 млн долларни ташкил этган. Зилзила оқибатида юзага келган вазият Туркиядан пул ўтказмалари ҳажмини қисқартириши, бу, ўз навбатида, манфий сальдонинг янада катталашишига сабаб бўлиши мумкин.

ташқи савдо, туркиядаги зилзила, ўзбекистон - туркия, яим

График Марказий банк маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

Пул ўтказмалари ҳақида фикр юритар эканмиз, ўтган йилларда айнан табиий офатдан талафот кўрган ҳудудлардан кириб келган ўтказмалар ҳажмини билиш жуда муҳим, бироқ бу тўғрида маълумотлар мавжуд эмас. Юқоридаги тахминларга таяниб, Туркиядан пул ўтказмалари ҳажми ҳам 2,8 фоизга қисқаради деб фараз қилинса ҳамда Туркиядан пул ўтказмалари ҳажми Ўзбекистонга кириб келган умумий пул ўтказмаларининг тахминан 3 фоизини (2022 йилда мазкур кўрсаткич янада қисқарган) ташкил этиши ҳисобга олинса, Туркиядан пул ўтказмалари ҳажмининг қисқариши амалда иқтисодиётга умуман сезилмайди: бунинг ЯИМга олиб келиши мумкин бўлган потенциал зарари бор-йўғи 0,01 фоиз атрофида бўлиши мумкин.

Юқоридаги таҳлиллар кўрсатадики, Туркия билан савдо ҳамда пул ўтказмалари ҳажми қисқаришининг Ўзбекистонда ЯИМ ўсишига салбий таъсири сезиларли эмас — тахминан 0,06−0,08 фоиз атрофида бўлиши мумкин (албатта, бу дастлабки тахминларга асосланган ҳисоб-китоблар эканини эътиборга олиш зарур).

Туркия бошдан кечирган табиий офат жуда аянчли ва ачинарли. Зилзила натижасида ўн минглаб инсонлар ҳаётдан кўз юммоқда, яна қанчаси жароҳатланган, бошпанасиз қолган. Қолаверса, минглаб бинолар бутунлай яроқсиз ҳолга келган, инфратузилмага жиддий зарар етган. Бу табиий офат Туркия ҳукумати учун катта синов, бироқ дастлабки тахмин ва прогнозлар 2023 йилда мамлакат иқтисодиёти ўсишида жиддий пасайиш кузатилмаслигига ишора қилмоқда. Сабаби табиий офатдан жиддий зарар кўрган ҳудудлар Туркия иқтисодиётининг кичик қисмини ташкил этади. Бундан ташқари, мазкур ҳудудларга келгусида йирик пул маблағлари йўналтирилади. Бу эса табиий офат иқтисодий йўқотишларини муайян даражада компенсация қилиши мумкин.

Асосий савдо ҳамкорларидан бири бўлишига қарамай, Туркия иқтисодиётидаги кутилаётган пасайиш яқин келажакда Ўзбекистоннинг иқтисодиётига жиддий хатар туғдирмайди.