Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
«Бири президент, бошқаси иқтисодчи бўлмоқчи»
Саратон билан курашаётган митти қалб эгалари
Саратон – инсон танасида мутацияга учраган, яъни фаолиятини ўзгартириб, ваҳшийга айланган ҳужайра. У бошқа ҳужайраларни сиқиб, катталашиб боради. Афсуски, саратон ёш танламайди, «бу ҳали бола экан-ку», демайди.
Дунё бўйлаб ҳар йили тахминан 400 минг нафар болалар ва ўсмирлар саратонга чалинади. Ўзбекистонда бир йилда уч мингга яқин онкологик касалликка чалинган беморлар аниқланса, уларнинг 900 нафардан зиёдроғини болалар ташкил қилади.

Онкологик касалликлар вақтида даволанмаса, ўлим билан тугайди. Юқори даромадли мамлакатларда саратонга чалинган болаларнинг тахминан 80 фоизи даволаниб, соғайиб кетади. Паст ва ўрта даромадли айрим мамлакатларда эса хаста болаларнинг атиги 20 фоизи омон қолади.

Ўзбекистонда саратонга чалинган болаларнинг ўртача 80-85 фоизи даволанади. Шунда ҳам уларда касалликнинг биринчи ёки иккинчи босқичи бўлиши керак. Афсуски, кўпинча болаларнинг аҳволи оғирлашмагунича шифокорларга мурожаат қилинмайди ёки мурожаат қилинганда ҳам аниқ ташхис қўйилиши кечикади.

15 февраль – Халқаро саратонга чалинган болалар куни муносабати билан «Газета.uz» мухбирлари Болалар миллий тиббиёт марказида бўлиб, саратондан даволанаётган болаларнинг ота-оналари билан суҳбатлашди. Улар ўз фарзандларида касаллик қандай белгилар билан намоён бўлгани ва ундан қай тарзда даволанаётганлари ҳақида сўзлаб берди.
Амал — 8 ёшда
Аввалига унинг сийдик қопи устида лимфома, кейин тос суягида саркома аниқланган. Улардан даволангач, простата, қалин ичак ва сийдик йўлларининг ичидан ҳам ўсимта чиқади. Онаси Розия опа ўғлининг касаллиги оғир даражага ўтиб кетишида аниқ ташхис қўймасдан дори-дармон ёзиб берган шифокорларнинг ҳам айби бор деб ҳисоблайди.
Амал - тўрт фарзандимнинг учинчиси. У 2021 йил августи ўрталарида олати оғриётганидан шикоят қила бошлади. Ёш бола бўлса, нега оғриркан деб ўзимча кўп ўйладим. Урологга олиб бордим, анча текшириб, бирор касаллик тополмади. 10 кун иситиш (парафин)га олиб боришимни айтди. Муолажаларни қилдик, аммо ўзгариш бўлмади. Кейин боланинг қорни ва орқаси ҳам катталашиб кетди. Қўрқиб, ваҳима билан жарроҳга олиб бордик. У Амални кўриб йиғлади. Сабабини сўрасам, «опа, бу жудаям катта нарса», деди.

Кўнглимга ғулғула тушди, натижаларни йиғдик-да, жарроҳнинг тавсияси билан Тошкентга, Республика онкология марказига бордик. МСКТ, МРТ текширувларидан ўтгач, аниқ ташхис қўйилди – лимфома.
реклама
реклама
Республика онкологиясидан Амални олиб қолишларини сўрадим. Онколог эса: «Сизларни олиб қолмайман, бу жудаям оғир ҳолат. Навоийдан келган бўлсангиз, Навоийга қайтиб боринг», деди. Ўшанда лимфома энг охирги, 4-даражада эди, боламнинг аҳволи оғирлигига қарамай, бизни қабул қилишмади. Эрим билан уларни кўндиришга қаттиқ ҳаракат қилдик, «барибир қабул қилмаймиз», деб туриб олишди.
Навоийга қайтдик. Аввалида у ердаги онкология бўлими ҳам «оғир ҳолат» деб бизни қабул қилишни хоҳламади, кейин кўнди. У ерда болалар бўлими йўқ, катталар билан бир палатада ётдик. 1,5 соат давомида операция қилишди. Гистологик таҳлилдан сўнг Амалда саркома ҳам аниқланди – кичик тос суягидаги юмшоқ толалар ва сийдик қопи устида ҳам ўсимта бор экан. Оғир аҳволга тушиб қолдик.
Амалнинг онаси Розия опа.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
2022 йил февралида 4 та кимётерапиядан кейин лимфома ривожланишдан тўхтади. Кейин саркомадан даволаниш учун кимётерапия ола бошладик. 6 та курсдан кейин онкологик касалликка чалинган болаларга ёрдам берувчи фондда ишлайдиган Линура исмли қиз Болалар миллий тиббиёт марказидаги онколог Камол Искандаровни тавсия қилди. У билан боғландик. У навбат катталиги, аммо нима қилиб бўлса ҳам қабул қилишини айтди. Шундай пайтда бизни қайтармагани учун ундан бир умрга миннатдормиз.

Айтилган шифокорнинг олдига ҳам ваҳима билан келгандим. «Ўғлимни операция қила оладиган врач борми, бўлмаса, мен кетаман, чет элларга бориб, операция қилдириб келаман», дегандим. У: «Биз операция қилишимиз мумкин, аммо танлаш сизнинг ихтиёрингизда. Хоҳласангиз, қиламиз, хоҳласангиз чет элга олиб кетишингиз мумкин», деди. Биз шу ерда операция қилдиришга рози бўлдик. Операция қилиб, саркомани кесиб олишди. Бола икки кунда ўзига келди.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Май ойидан реабилитацион кимётерапияни бошладик. Ҳаммаси яхши давом этаётган эди, ҳар 21 кунда келиб, муолажаларни олиб юргандик. Яқинда, 2023 йилнинг 30 январида боламнинг бошқа жойига – простата, қалин ичак ва сийдик йўлларининг ичига ҳам ўсимта чиққани аён бўлди.
Бу жуда оғир ҳолат: Амалнинг аҳволи яхши эди, 15 та кимётерапия олиб, «энди ҳаммаси тугади» деб, охирги кўрикка чиққанимизда шундай натижа чиқиб турибди.

Янги ўсимта тезда асоратларини кўрсата бошлади. Пешобини чиқаролмади, оёқлари зирқираб оғриганидан юролмай қолди. Яна касалхонага ётишимиз кераклигини айтишди. Шифокорлар операция борасида ҳали аниқ бир қарорга келгани йўқ. Шунинг учун яна кимётерапияни бошладик. Ҳозир боламнинг аҳволи келган вақтидагига нисбатан анча яхши, кайфияти ҳам жойига тушган. Пешобини чиқара бошлади, аста-секин юряпти.
Бошимизга шу ишлар тушгунича онкологиядан хабарим ҳам йўқ эди. Навоий вилоят онкология касалхонасидаги шифокор «Амал 18 ёшга киргунича унга мен врачлик қиламан» деганда шокка тушдим. «Бу нима деяпти, қанақа касаллик ўзи, болам шунча йил даволаниб, танасида кўтариб юрадими?», дегандим. 2-3 ой даволансак, тузалиб кетади деб ўйлаган эканман ўшанда.
Амал ва унинг онаси.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Тошкентга келгач, муолажаларнинг аксари бепул эканига қарамай қийналдик. Айрим эҳтиёжларни ўзимиз амалласак, гоҳида бошқалардан ёрдам кутишга мажбур эдик. Бизга шу ерда яшайдиган Артём исмли 35 ёшли йигит ёрдам қўлини чўзди. У танишимиз ҳам эмасди. Ўсимта ҳақида билганимизда «барибир чет элга бориб даволанамиз, бунинг учун эса пул керак бўлади», деб ёрдам берувчи одамлар излай бошладик. Артём биз билан алоқага чиқиб, ўзининг оиласи, болалари йўқлиги ва Амални моддий томондан қўллай олишини айтди. Дори-дармонми, нима керак бўлса, барини олиб берарди. Амалнинг туғилган кунига планшет, PlayStation’лар совға қилди. Шифохонадаги бошқа болаларга ҳам совға-саломлар олиб келарди, уни ҳамма биларди.

Бир ҳафтача аввал, Амалда ўсимта қайта чиққандан кейин у менга телефон қилди. Энди бизга ёрдам беролмаслигини айтиб, кечирим сўради. Бегона бўлишига қарамай, қилган яхшиликлари учун ундан бутун умр миннатдорман, барака топсин!

Шифокоримиз керак бўлса чет элдан врач чақиришларини айтди. Аммо она сифатида кўнглим хотиржам эмас. Агар қайсидир давлатга ўзимиз боришимизга тўғри келса, яна моддий ёрдамга муҳтож бўламиз. Тезроқ операция бўлсину, тузалсин. Болам азоблардан қутулсин, орзу-ниятларига етганини кўрайлик. У «катта бўлсам президент бўламан», дейди.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Ҳолат бу даражага келишида менинг ҳам айбим бор. Болам орқам шишиб кетяпти деганида, эрталабгача йиғлаб, ухлолмай чиққанда мен аҳамият бермай, «бориб ёт» деб уришардим. У бир ой азоб тортди.
Касалликнинг аниқ сабаби йўқ, лекин туғма дейишяпти. Бизнинг авлодда ҳеч кимда учрамаган. Аммо ўтган йили 68 ёшли қайнонам лимфомадан вафот этди. Биз Тошкентдан қайтганда ойижоннинг танасида қандайдир шишлар, оёғида эса ўсимта пайдо бўлганини кўргандим. Уларда ҳам тахминан лимфома шаклланаётганини билдим ва тезда кўрикка олиб бориш кераклигини айтдим. Гумоним рост чиқди. Биз қандай аҳволга тушганимизни тасаввур ҳам қилолмайсиз. Амал ва бувиси Навоий онкологиясининг битта палатасида ётиб даволанди.

Қайнонам 3-курс кимёдан кейин ўзларига келмади, 17 апрелда жон берди. Бу пайтда биз Тошкентда эдик. Ҳатто розилигини ҳам телефон орқали олганмиз. 27 апрелда операцияга киришимиз керак эди, таъзияга ҳам боролмадик.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Ота-оналарга айтарим: фарзандларингизнинг ҳар бир шикоятига эътиборли бўлинг. Аниқ ташхис қўя олмаётган ҳар қандай шифокорнинг ёзиб берган дори-дармонларидан шубҳаланиб, суриштириб, яхши мутахассисга кўрсатинг. Мен Навоийдаги урологнинг гапига кириб, Амални иситиш муолажасига олиб боргандим. Шу муолажа ва бир нечта қабул қилган дорилари ўсимтага ёқиб, «яйраб» ривожланган экан. Касалликнинг оғир даражага ўтиб кетишида аниқ ташхис қўймай туриб, дори-дармон ёзиб берган шифокорларнинг ҳам айби бор деб ҳисоблайман.
реклама
реклама
Бу ердаги оналар ҳали жуда ёш. Мен палатама-палата юриб, уларга ўзларини қўлга олишлари, боланинг олдида йиғламасликлари, муҳими, фарзандлари тирик экани, шундан куч-қувват олишлари кераклигини тушунтираман. Биласизми, менинг ҳаётим, дунёқарашим шу шифохонага келишдан аввал бошқача эди. Биз дунё ташвишларига шу даражада кириб кетарканмизки, Худони, яхшилигу меҳрни унутиб қўярканмиз. Боламнинг бошига тушган дард ҳар бирини қайтадан танитди.
Шарофатхон Ёрматова — 2,5 ёшда
Унда 10 ой аввал буйрак ўсмаси – нефроблостома аниқланган. Дастлаб ўнг буйраги тўлалигича, кейин чап буйрагининг бир қисми ҳам олиб ташланган. Қизалоқнинг дадаси Ойбек Вафоев болалардаги жуда кичкина белгиларга ҳам аҳамиятли бўлиш кераклигини таъкидлайди. Айтишича, Шарофатхоннинг қорни катталашаётганидан рафиқаси хавфсираган, аммо ота «яхши юрибди-ку» деб, вақтида эътибор бермаган.
Ўтган йили Шарофатхоннинг қорни жуссасига нисбатан анча катталашиб кетди. Сирдарёдаги УЗИга олиб борсак, зудлик билан Тошкентга олиб боришимиз кераклигини айтишди. Суриштириб, ТошМИ’га бордик. Биз кўринган жарроҳ «бу менинг касалим эмас, Болалар миллий тиббиёт марказига кўрсатинглар», деди.

Айтилган жойга бордик. 2022 йил апрелида қизимнинг ўнг буйрагида 3-даражага ўтиб кетган ўсимта – нефроблостома аниқланди. 18 майда операция қилиб, ўнг буйрагини олиб ташлашди. Буйраги ловиядек, аммо ўсимта муштдан катта ўлчамга келиб қолган экан.
Шарофатхон ва дадаси.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Операциядан кейин ҳар 21 кунда кимётерапия олиб юргандик. 2022 йил октябрь ойида тўсатдан қизимнинг чап буйрагида ҳам ўсимта чиққани аниқланди. Ҳиндистонга олиб кетмоқчи эдик, шифокор Беларусь, Россиядан тажрибали врачлар келиши, биргаликда операция қилишларини айтди. 26 октябрь куни жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, ўсимтанинг чап буйракни эгаллаган қисми олиб ташланди.
Ҳозир яна кимётерапия олиб, Аллоҳдан шифо сўраб турибмиз. Моддий жиҳатдан қийналганимиз йўқ. Ўзим давлат ташкилотида ишлайман. Ишхона томонидан ҳам ёрдамлар берилади. Қолаверса, яшайдиган ҳудудимиздан ордер берилгани сабабли, муолажаларнинг аксари бепул.
Аслида жуда кичкина белгиларга ҳам аҳамиятли бўлиш керак экан. Шарофатхоннинг қорни катталашаётганини рафиқам бир неча бор айтганди, мен эса «яхшигина юрибди-ку» деб, аҳамият бермагандим. Ўша пайтда ўсимта пайдо бўлган ва қизимнинг буйрагини эгаллаб олишда давом этаётган экан.
Муҳаммадий — 2,5 ёшда
6 ой аввал сийдик қопида ўсимта аниқланган. Айни дамда охирги кимё муолажаларини қабул қиляпти. Умумий кўрик натижалари яхши чиқса, тўлиқ соғайиб кетганлар сафига киради. Онаси Гўзал касалликни аниқлаш ва яхши онколог топишга икки ой беҳуда вақт кетмаганида эди, Муҳаммадий эртароқ тузалиб кетарди, деб ҳисоблайди.
2022 йилнинг сентябр ойида Муҳаммадийда сийдик қопи ўсимтаси аниқланди. 2-даражада экан. Аввалига пешоби сарғая бошлади. Хавфсираб, ўзимизнинг Асакадаги поликлиникага олиб чиқдик. Аниқ бир касалликнинг номини айта олишмади: «Мизожида иссиқлик миқдорини ошириб юборадиган овқатлар кўп бераётганингиздан шундай бўляпти», дейишди. Иссиқликлар беришни тўхтатдик, ўзгариш бўлмади. Аксинча, вақт ўтиб, пешоби қон аралаш кела бошлади.

Танишларнинг тавсиялари билан Республика онкология марказига бордик. Уч кун навбат кутиб, шифокор қабулига аранг кирдик. У «жиҳозларим етарли эмас» деб бошқа бир жойдаги онкология касалхонасига жўнатди. У ердаги шифокор эса «мен нечта касалдан биопция олганман, лекин давлат пул тўламади» деб, бир ҳафта ётиб даволанишимиз учун кунига 800 минг сўмданми ҳисоблаб фалон пул тўлашимизни айтди.
Болалар Миллий тиббиёт маркази.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Кейин бир қариндошимизнинг таниш педиатрига кўрингандик, у: «Нима, бола сизларга бир парча қоғозмидики, у ёқдан бу ёққа кўтариб юрибсизлар! Россияга олиб кетинглар», деди. Андижонга қайтдик, машинамизни сотиб, Россияга кетишга қарор қилдик. 15 йил Москвада яшаб келган амакимиздан бизни Россияга олиб боришларини сўрадик.

Амакимизнинг россиялик бир таниш онкологи Ўзбекистоннинг ўзидан, Болалар Миллий тиббиёт марказидаги онкологларни тавсия қилди. Бу ерга келдик, биопция олишди. Ўғлимда сийдик қопи ўсимтаси аниқланди, ўша куннинг ўзида касалхонага ётдик. Жами 7 та кимётерапия олишимиз керак эди. 5 тасидан кейин ўсимта анча кичрайиб қолган экан, операция қилишди. Шундан кейин қолган иккита кимётерапияни олишимизни айтишди. Ҳозир охиргисини оляпмиз, насиб қилса, умумий кўрикдан ўтиб, муолажаларни якунлаймиз.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Муҳаммадий бундан аввалроқ ҳам тўлиқ тузалиб кетиши мумкин эди. Аввалига Андижондаги шифокорлар аниқ ташхис қўёлмагани, кейин эса Болалар миллий тиббиёт марказига келгунча «отангга бор, онангга бор» қилиб, ҳар ердан қайтарилганимиз сабаб, икки ойга кечикдик.
Ботир — 19 ёшда
2,5 йил аввал унга суяк саратони ўсмаси — остеосаркома ташхиси қўйилган. Онаси Хуршиданинг айтишича, Ботир тўлиқ соғайиб кетиши мумкин. Бунинг учун келгуси 4 та кимётерапиянинг ҳар бирига 15-20 миллион сўмдан пул топиш керак: улар саховатли одамлар ёрдамидан умидвор.
Ботирда 17 ёшгача ҳаммаси яхши эди. 2021 йилда тиззаси сим-сим оғрий бошлади. Бир ҳафта ўтиб, юрганда, ётганда, ўтирганда оёғи зирқираб оғриётганини айтди. Бир хусусий клиникадаги травматологга кўриндик. У МРТ қилдиришимизни айтди. Натижалар чиққач, онкологияга бориб, биопция олдиришимиз кераклигини айтишди.
реклама
реклама
Тошкент шаҳар онкология касалхонасига бориб, шифокорларга бир ҳафта ялиндик. «Жой йўқ, вақт йўқ, доктор йўқ», деб ҳеч унашмади. Кўзимизга пул ҳам кўринмай «Эзгу ният» деган хусусий клиникага бориб, Республика онкология марказидан доктор чақиртириб, биопция олдирдик. Суяк ўсмаси чиқди. Чақирган шифокоримиз билан маслаҳатлашиб, республика онкологиясининг ўзида кимётерапия бошладик. Бир муддат шу ерда муолажа олиб, кейин Тошкент шаҳар онкологиясига ўтдик. Аммо муолажалар таъсири сезилмади, ўсма кичраймади.
Кейин операция қилиб, эндопротез қўйишди. Таниш шифокоримиз пулни аямай, Болалар миллий тиббиёт марказига келишимиз, бу ердаги кимётерапия бошқаларидан кўра яхшироқ таъсир қилишини айтди. Ҳозирча яхши, ўсма таъсири 98 фоизга камайибди. Яна 5 курс кимётерапия қолди. Биттаси учун 50 миллионга сўмга яқин пул керак. Январь ойи учун кимё воситаларини Тошкент шаҳар ва Республика онкологиялари берди. Яна 4 маротаба, ҳар 21 кунда ётиш ва айрим ювувчи воситалар учун 15-20 миллион сўм пул топишимиз керак.

Яхши одамлар жуда кўп. Яшнобод туман ҳокимлигидан операция учун моддий ёрдам сўрагандик, шифохона ҳисобига 70 миллион сўм ўтказиб беришди. «Эзгу амал» хайрия фондидан Бахтиёр деган инсон тахминан 55 миллионча турадиган эндопротезни олиб берди. «Artel» компанияси кимётерапияларимиз учун 20 миллион сўм бериб кетди.

Ўзим бир шифохонада тозаловчи бўлиб ишлардим. Болам касал бўлгандан кейин ишлашга имконим бўлмади. Унинг муолажаларини назорат қилиб турмасам бўлмайди. Ўзи кўпинча терапиялар таъсирида ё ҳолсиз бўлади, ёки ухлаб қолади.
Ботир 2022 йилда Молия институтига ўқишга кирди. Лекин ҳар 21 кунда муолажага келишга тўғри келгани учун ҳали бирор марта дарсга боролмади. Сентябрда ўқийман деб туриб олганига университетга 10 миллион сўм контракт ўтказган эдик. Энди университет билан гаплашиб, шу пулни ўзининг ҳисобига қайта ўтказиб олмоқчимиз. Муолажалар учун ҳарна ёрдам бўларди. Кимётерапияларни тугатиб, тўлиқ соғайгач, қайта имтиҳон топширади ва, албатта, университетда ўқийди.
Ботир ва унинг онаси.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Унга саратон ташхиси қўйилганда дадаси билан шокка тушдик. Онкология ҳақида тўлиқ хабаримиз йўқ, фақатгина бир маълумот – саратоннинг ўлим билан тугашини билардик. Шифокорлар билан гаплашиб ваҳималаримиз аста-секин тарқаяптию, лекин тўлиқ қутулолмадик. Аввалига Ботирнинг ўзига бу ҳақда айтмай, шамоллашинг бор экан, деб алдадик. Муолажалар бошлангач ўзи сезиб қолди. Саратон нималиги ҳақида биздан кўпроқ биларкан, балки сездирмагандир, аммо бундан бирор марта сиқилгани, тушкунликка тушганини кўрмадим.

Бошида кимётерапиялар қийнади. Ҳеч нарса еёлмади, оддий сув ичса ҳам кўнгли айнирди. Шифокорлар муолажалар даврида сутли маҳсулотлар истеъмол қилмасликни айтди. Аччиқ маҳсулотлар, қалампир, шамоллаганда олинадиган антибиотиклар, ҳар қандай витаминлар, қуёш нури ва ёқилган ис газининг ёнига бориш ўсимтани қайта ривожлантириши мумкин экан.

Ботирнинг нима сабабдан саратонга чалингани номаълум. Сиқилгандан дейишди: аммо вазмин бола, бундан бўлмаса керак. Фаст-фуддан дейишди: ора-сирада бўлмаса, кўп емасди. Улғайиш давридаги гормон ўзгаришидан дейишди: бунга ҳам аниқ исбот йўқ. Ҳаммаси Худодан ва муолажаларини қилиб, Худонинг ўзидан шифо сўраймиз.


Материални Зиёда Рамазонова тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифи: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг