Туркия 6 февраль куни мамлакат тарихидаги энг кучли зилзилалардан бирини бошдан кечирди ва бу зилзила қўшни Сурияга ҳам қаттиқ таъсир кўрсатди. 7,7−7,8 магнитудали биринчи зилзиладан сўнг сейсмологлар 300 дан ортиқ такрорий зилзилаларни қайд этишди, улардан бири 7,6 магнитудали эди. Минглаб бинолар, жумладан турар-жойлар, шифохоналар ва мактаблар вайронага айланди. Туркия ва Сурияда сўнгги маълумотларга кўра, деярли беш минг киши ҳалок бўлган, 25 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, 23 миллионга яқин одам зилзиладан маълум даражада жабр кўрган. Ушбу мақолада зилзила пайтида маҳаллий халқ томонидан олинган энг таъсирли (ва даҳшатли) видеолар жамланган.