«Муштум» журнали ташкил этилганига 18 февраль куни 100 йил тўлди. Ушбу нашрда бир аср давомида чиққан ҳажвий, танқидий сурат ва мақолалар минглаб муаммо ва масалаларнинг ҳал қилинишига, камчиликларнинг тузатилишига ёрдам берди. У қай бир даврда жадидларнинг кўзгуси, кейинги даврда советларнинг тарғибот қуроли бўлиб хизмат қилган бўлиши мумкин, аммо ҳар доим ўзи кўрган иллатлар, муаммолар, камчиликларга зарба беришга, уларни йўқ қилишга интилган.

«Муштум» — миллатимиз мулки, 100 йилдан бери номи ўзгармай келаётган ноёб, зўр тарих", — дейди 2007 йилдан бери журнал бош муҳаррири лавозимида ишлаб келаётган Носиржон Тошматов. «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда у «Муштум» қандай қилиб 100 га тўлгани, журналга ҳозирги кундаги муносабат қандайлиги ва 100 йиллик тўйни қандай тасаввур қилгани ҳақида гапириб берди.

«Муштум» қандай қилиб 100 га тўлгани ҳақида

Ҳажвий йўналишдаги бу журнал ўзбек халқи учун жуда долғали, таҳликали даврда дунёга келган. Унга Абдулла Қодирий ва Ғози Юнус биргаликда асос солган; жадидлар журналнинг дастлабки сонларини ўртада пул йиғиб, уйда ишлаб чиқарган, шунингдек, ўша даврнинг ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан бой инсонлари ҳам қўллаб-қувватлаб турган. 1-сонда Қодирий томонидан журналга оқ йўл сифатида ёзилган мақолада «Муштум»га у золимларнинг эмас, балки мазлумларнинг муштидир, дея таъриф берилган. Елкадаги юк бошиданоқ жуда катта бўлган.

Давлат ва жамиятдаги иллатлар тасвирланган долзарб карикатуралари, ўткир фельетон ва мақолалар сабаб дастлабки сони 3 минг нусхада чиққан журнал халқ орасида қўлма-қўл бўлиб, 1970−1980 йилларга келиб ойига 1,5 млн нусхада чиқа бошлаган. Умуман, бу даврда СССРнинг деярли барча республикаларида тарғибот қуроли сифатида фойдаланилган ҳажвий-танқидий журнал бўлган, масалан, Россияда «Крокодил» («Тимсоҳ»), Тожикистонда «Хорпуштак» («Типратикан»), Озарбайжонда «Кирпи», Туркманистонда «Токмак», Қозоғистонда «Ара» («Ари») каби. Адашмасам, ҳозиргача уларнинг икки ё учтасигина чоп этилмоқда.

«Муштум» журналининг барча бош муҳаррирлари. Фото: Шоҳрух Ҳайдаров / «Газета.uz»«Муштум» журналининг барча бош муҳаррирлари. Фото: Шоҳрух Ҳайдаров / «Газета.uz»

Мустақилликнинг илк йилларидаги иқтисодий қийинчиликлар, синовлар босма матбуотга ҳам таъсир кўрсатиб, тиражлар тушиб бораверди. Ҳозир журнал 5 минг нусхада чоп этиляпти. Умуман, шу вақтгача «Муштум» икки марта фаолиятини вақтинча тўхтатиб туришга мажбур бўлган. Биринчи сафар — Иккинчи Жаҳон уруши туфайли 1941−1951 йилларда; иккинчи марта эса коронавирус пандемиясида, иқтисодий қийинчиликлар сабабли ишни маълум вақт тўхтатиб турдик. Орадан бир йил ўтиб, 2021 йилдан журнал яна чиқа бошлади.

«Муштум» қандай қилиб шу кунгача сақланиб қолди? Халқимиз кулгисевар, сўзни санъат даражасида ишлатади, сатирага муносабати яхши — шу боис ҳали ҳам муштарийлар бор, муштарийлар сабабли журнал ҳам тирик. Бундан ташқари, «Муштум»нинг ҳамон нафас олишига беминнат ёрдам бериб келаётган саҳоватпеша ватандошларимизни ҳам эътироф этиб ўтиш зарур — улар шарофати билан миллатнинг маънавий хазинаси қўллаб-қувватланмоқда.

«Муштум»га муносабат ҳақида

«Муштум» миллатмиз мулки, жадид боболаримиз кўзгуси, 100 йилдан бери номи ўзгармай келаётган ноёб, даҳшатли зўр тарих. Хориждан бирор ижодкор Ўзбекистонга келса, Навоий, Қодирий ҳайкаллари зиёратига, музейларга олиб борилади, телевидениеда кўрсатилади. Нега шу меҳмонлар «Муштум»га ҳам олиб келинмайди? Жадидлар асос солган ва ҳали ҳам нашр этилаётган журнал улар учун ҳам жуда қизиқ бўлса керак, деб ўйлайман.

«Муштум» ўз вақтида жуда катта хажв мактаби эди. Ўзбек адабиётининг аксарият таниқли намояндалари — Қодирий бобомиздан тортиб Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Ўлмас Умарбеков, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф каби жуда кўплаб шоир ва ёзувчилар ўз асарлари билан «Муштум»да қатнашган.

Бундан ташқари, мазкур журнал ўнлаб авлодларнинг хажвга, юморга, танқидга муносабатини шакллантирди. Шу боис «Муштум»нинг ҳар бир сонини ноёб манба деб эътироф этиш мумкин. Унда чиққан битта карикатура ёки хажвиянинг ўзини асос қилиб ҳам илмий даража ёқлаш мумкин.

абдулла қодирий, журналистика, интервью, матбуот, муштум, муштум журнали, носиржон тошматов, танқид, тарих

Яқин-яқингача ҳам, пандемия бошлангунича ҳам «Муштум»даги чиқишлар сабаб юзлаб, минглаб муаммолар ҳал бўлган. Совет даврида «Муштум»да кичкина бир нарса чиқса ҳам, амалдорлар шу муаммо билан шуғулланиб, ечимини топарди. Ҳозирги раҳбарлар эса эътибор ҳам қаратмайди.

Журналдаги материални масъул раҳбарга юборсангиз, жавоб ҳам келмайди, натижа ҳам йўқ. Ҳар бир амалдор ўзини ташқи ахборотдан ҳимоялайдиган матбуот котибига эга. Улар тизимдаги муаммога қарши курашиш ўрнига, камчиликни яшириш ва тан олмасликка, ўзини ҳимоялашга уринади. Ҳар ҳолда, бу менинг кузатувларим.

Мамлакатни ким бошқаришидан қатъи назар, «Муштум» ҳар доим жамият иллатларини, ҳукумат камчиликларини олиб чиққан ва ҳозир ҳам шундай. Кўпчилик: «Нега сизларга индашмайди?», дейди. Эшитиб ҳайрон қоламан — ким ва нега индаши керак? Ноҳақ бўлсаккина «тепа»дан кимдир гапириши, босим қилиши мумкин.

Карикатураларда ҳам, ҳажвияларда ҳам ҳамма кўриб турган, реал муаммолар олиб чиқилади. 15 йилдан бери муҳаррирлик қилаётган бўлсам, шу вақтгача қанчадан-қанча раддиялар келган. Бир материал ортидан салкам 6 йил судлашдик. Аммо, ҳақ бўлганимиз учун ҳам журналда раддия бермадик. Бирорта раддия бермаганмиз.

«Муштум»нинг келажаги ҳақида

Сўнгги йиллардаги асосий мақсадимиз журналнинг қоғоз вариантини кучайтириб олиш эди. Бунга аста-секин эришяпмиз. Энди онлайн фаолиятни ҳам кучайтириш ҳааркатидамиз. Ҳозир ижтимоий тармоқларда «Муштум»нинг саҳифалари очилган, мунтазам юритилмоқда. Лекин барибир босма нашрларга эътибор қаратиш зарур. Бу эса фақат таҳририятнинг қўлидаги нарса эмас.

Матбуот бозорини йўлга қўйиб, ривожлантириш керак. Масалан, журнални вилоятларга етказиш жуда катта муаммо, у ерларда бутун бошли матбуот дўконлари йўқ бўлиб кетган. Худди босма матбуотнинг ривожланмаслигидан айрим кучлар манфаатдордек. ОАВнинг бу йўналишига ҳам кучли эътибор, ёрдам керак. Ҳар бир ҳокимлик биноси, таълим масканлари ва бозорларга кираверишда газета дўконларини ташкил этиш лозим. Газета ва журналга кўзи тушаверса, одамларнинг ўқишга қизиқиши пайдо бўлади.

Тўғри, ҳозир замон шиддатли, интернет жуда керак, қулайликлари чексиз, ўзимиз ҳам ундан фойдаланамиз, юқорида таъкидлаганимдек, журналнинг интернетда тарғиб қиляпмиз ҳам. Аммо одамлар интернетдаги материалларни узоғи билан бир ҳафтача ўқиши, кузатиши мумкин. Кейин унутади. Босма нашрлар эса йиллар давомида тарих бўлиб қолаверади. Худди ҳозирги, 100 йиллик «Муштум» сингари.

«Муштум»нинг 100 йиллик тўйи қандай ўтиши керак эди?

Одамларда «ҳукумат ёрдам берса, эътибор қаратса, ҳаммаси яхши бўлиб кетар», деган тушунча шаклланиб қолган. Бир асрлик мафкура бизни шундай кайфиятга ўргатиб қўйган. Ислом Каримов даврида ҳам шу мафкура билан яшадик — у гапирса ё эътибор қаратса, ўзгариш бўлади, йўқса — йўқ. «Тепа»нинг кайфиятига қараб ишлаш ва юриш одатга айланиб қолган. Бу яхши эмас, албатта.

Журнал жамоаси «юқоридагилар ундай қилиб берса, бундай ёрдамлашса» деган фикрдан йироқ; балки кимдадир «фалончи мукофотланиши керак», деган фикрда бордир — мукофотланса ҳам 49 йилдан бери «Муштум»га расм чизадиган Ҳусан Содиқов лойиқ, бирор унвони йўқ. Биз фақат юбилейни муносиб ўтказиш бўйича баъзи идораларга хат билан чиқдик, таклифларимизни билдирдик.

абдулла қодирий, журналистика, интервью, матбуот, муштум, муштум журнали, носиржон тошматов, танқид, тарих

Хатларимизда журнал юбилейида аскиячилар, дорбозлар иштирокида сайиллар ўтказишни, Қодирий, Чўлпон ва журнал ривожига ҳисса қўшган бошқа кўплаб ижодкорларнинг персонажлари саҳналарга чиқишини, уларнинг ижод намуналари ўқилиб, халқнинг кайфиятини кўтаришни ўйлагандик. Ҳар бир вилоят марказида катта концертлар уюштиришни таклиф қилгандик.

Лекин бу хатларимиз, таклифларимиз натижасини кўрмадик. Тўғри, журнал ташкил топган сана ўтиб кетди. Балки инобатга олиб қолишар, йил энди бошланди-ку.