Ҳар йилнинг 14 февралида эсланадиган, кўпинча фақат шу куни эсланиб, турли тадбирларда ғазаллари ўқилиб, эртасига деярли унутиладиган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёт йўли, шоҳ ва шоирлиги биздан кўра хорижда муфассал ўрганилган. «Бобурнома» асарини ўқиганлар ҳам биздан кўра чет элда кўпроқ. Бу китоб бир шахснинг иқрор, афсус, хулоса ва кўрган-кечирганлари жамланган ноёб дурдона. Гарчи озчилик таниш бўлса-да, орамизда мемуар асарга меҳри бўлак, ундан завқ ва наф олганлар бор. «Газета.uz»нинг суҳбатдошлари ана шундайлардан: «Бобурнома» ва Бобурга меҳри баланд китобхонлар.

бобур, бобурнома, ориф толиб, ҳусан нишонов

Журналист ва муҳаррир Ориф Толиб. Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz».

Ориф Толиб: Бундан 10−12 йил аввал китоб билан танишган эканман. Кеча варақлаб кўрсам, 2009 йили сотиб олган эканман 90-йилларда чиққан нашрини. Бундан кейин сифатли чоп этилган нашрини учратмадим.

«Бобурнома»ни ўқисангиз, муаллифнинг шахс, инсон сифатида кимлигига гувоҳ бўласиз энг аввал. Жўмардлиги, мардоналиги яққол кўринади. Асарнинг ўзидан ҳам мардоналик ёғилиб туради. Тўғри, Бобурнинг ҳам қусури, айблари бор. Лекин энг муҳими, у ўзининг олдида адолатли, хатоларидан хулосалар чиқара олади.

Қанийди, Бобурнинг кўп хусусиятлари ўзимда, бошқаларда ҳам бўлса! Ҳукмдор учун адолат, жасорат, ҳиммат энг муҳими.

Кимдир нима китоб ўқисам экан деб сўраса, ҳеч иккиланмай, Бобур мемуарини тавсия қилган бўлардим. Наф ва завқ беролган камёб китоблардан бири. Тўғри, тил тўсиғи бор, лекин 25−30 бетдан кейин қийинчилик камаяди.

бобур, бобурнома, ориф толиб, ҳусан нишонов

«Маърифат» газетаси бош муҳаррири Ҳусан Нишонов. Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz».

Ҳусан Нишонов: Ўқувчи пайтимиз эл қатори дарсликларда ўқиганмиз «Бобурнома»ни. Кейин «Бобур» видеофильмини ҳам кўрганмиз. Бу китобнинг илк жалб этадиган жиҳати — унинг тили. Ўша давр асарлари тилидан тубдан фарқ қилади. Жимжимадордан йироқ, асосий мақсадни ўзимизнинг тилда, дангал-дангал ифодалаган. Қайта-қайта ўқишимига сабабларнинг асосийси шу. Унинг шахси ва ҳаёт йўли эса иккинчи турткидир. Бобур билан «Бобурнома»нинг ичида яшашга ҳаракат қиламан.

Ориф Толиб: Бундан ташқари, у ўта қизиқувчан одам бўлган. Қаергадир борса, ўша ернинг ўсимлиги, табиати, аҳолиси, географияси, турмуш тарзини синчковлик билан ўрганган. Мени ҳайратлантиргани, Бобур ўта кечиримли шахс бўлган. Яқинларидан келадиган хиёнатларга ҳам ўта бағрикенглик қилган. Қавм-қариндошининг хиёнатига ҳам кўз юмади, кечиради.

Бугунги тил нутқаи назаридан ҳам «Бобурнома» энг катта, муҳим манбалардан. Асарни диққат билан ўқиш керак. Қийналсангиз, майли, табдилини кўрса ҳам бўлади. Лекин оригиналини ўқиган афзалроқ. Услуби завқ беради. Бу панд-насиҳат жамланган китоб эмас.

Ҳусан Нишонов: Болалигимизда ўқитувчилар айтарди: «Бобур Андижондан келтирилган қовунни сўйиб, еб йиғлади. Ватан соғинчи… Андижонни кўп соғинган, қайтишни хоҳлаган», дейишарди «Ватан туйғуси» дарсларида. Биз ишонганмиз. Ваҳоланки, биринчи ва иккинчи ўқиганларимда эътибор бермаган эканман, кейин диққат қилсам, тарихий факт бошқа экан. Бобур Андижондан эмас, Кобулдан келтирилган қовунни еб, шундай таъсирланган экан. «Ўшал ёқлар», деб Андижон, Самарқанд ё Мовароуннаҳрни эмас, Кобулни назарда тутган. Тарихда сохталиклар кўп. Биз кўпинча бугунги кун назари билан ёндашамиз. Бобур 17−18 ёшларида Мовароуннаҳрни тарк этган бўлса, йигитлик, етуклик даври Кобулда ўтган. Ҳиндистонда яшаган йиллари ҳам хасталаниб қолса, ҳавоси ёқмай, ҳоли оғирлашса, Кобулни қўмсаган. Айтмоқчи бўлганим, Ватан деган қарашга ҳозирги замон қараши билан қарамаслигимиз керак. Афғонистон демаяпман, Кобул подшолигини назарда тутяпман.

Ориф Толиб: Бобур шоир сифатида боғда қўлини иягига қўйиб, ўй суриб ўтириб, ижод қилган шоир эмас. От устида туриб ижод қилган. Бундан кейин бирор бадиий асар ёзилса, унинг шахсига алоҳида эътибор бериш шарт.

Ҳусан Нишонов: Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек бошқа ҳам шоҳ, ҳам шоирлар ҳаёт йўли хорижда кўп ва хўб ўрганилмаган. Бунинг сабаблари жуда кўп. Энг асосий сабабларидан бири, Бобурнинг ҳеч кимни аямаганлиги. Муваффақият, мағлубиятлари, ҳатто отаси, яқинларини аямагани, қон-қариндошларини ҳам танқид қилгани билан диққатга сазовор. Ўзининг қусурларини ҳам яширмай санаган.

Бобурга меҳрим баландлигидан қизларимга Гулбаданбегим, Гулрангбегим, ўғлимга Муҳамад Бобур деб исм қўйганман. Ўртанчамнинг исми Нилуфар. Уч боламнинг исми менга ҳар куни Бобур Мирзони эслатиб туради.

Бобурни кўпинча ижодкор сифатида кўз олдимизга келтирамиз. Лекин у биринчи навбатда сиёсатчи ва ҳақиқий лидер. У ҳамма соҳада ҳар томонлама яқинларига, қўл остидагиларга ўрнак бўла оладиган шахс.

Қунт қилган одам «Бобурнома»ни ўқиб, тушуна олади. Маъноси ўзгарган сўзларни эса алоҳида луғат қилиб чиқариш мумкин.

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини «Газета.uz»нинг YouTube’даги саҳифасида кўришингиз мумкин.

Чарос Низомиддинова суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтажчи Маъмуржон Обраҳматов.