Ҳар йили анъанага кўра Ўзбекистонда келаётган йилга ном берилади. Ва ҳар йили анъанага кўра Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури қабул қилинади. 2023 йил ҳам бундан мустасно эмас — йилга «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб ном берилди. Ҳозирда Давлат дастури лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтмоқда. Олдинги йилларда ҳам шунга ўхшаш дастурлар қабул қилинганини инобатга олсак, узвийликни таъминлаш мақсадида 2023 йилга мўлжалланган дастур илгари бошланган ишларни давом эттиришга ҳаракат қилади, деб тахмин қилиш мантиқан тўғри бўларди. Бу тахмин қанчалик ҳақиқатга яқин? «Газета.uz» колумнисти, таълим соҳаси эксперти Комил Жалилов Давлат дастурининг таълим соҳасидаги ислоҳотларга оид айрим бандлари мисолида буни таҳлил қилишга ҳаракат қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида таълим соҳасида бошланган ислоҳотларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади. Президентнинг 2023 йилга оид Давлат дастури тўғрисидаги фармони лойиҳасида «2023/2024 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, уларда коммуникатив кўникмалар, танқидий ва креатив фикрлаш, ҳамкорликда ишлаш, тадқиқотчилик каби кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган янги ўқув дастурларини амалиётга киритилиш» вазифаси белгиланган.

Бунинг учун 1−4-синфларни «илғор хорижий тажриба» асосида ишлаб чиқилган дарсликлар бўйича ўқитиш (фармон лойиҳаси иловасида — 2023 йил давлат дастурида бу вазифа «бошланғич синф дарсликларини халқаро стандартлар асосида жорий этиш» тарзида белгиланган), 5−11 синфлар учун эса «STEAM фанлари дарсликларини ихтисослашган таълим муассасалари дарсликлари ва ўқув-методик мажмуалари асосида, шу жумладан хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда жорий этиш бўйича аниқ чораларни белгилаш» сингари вазифалар қўйилган. Худди шу ерда саволлар туғилади.

Янги ўқув дастурлари?

Фармон лойиҳаси матнидаги ифодадан (8б банди) келиб чиқиб хулоса қилинса, янги ўқув дастурларини 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич жорий этиш кутилмоқда. Фармон иловасига мувофиқ эса, Миллий ўқув дастурини жорий қилиш давом эттирилади (167-банд). Ҳужжат тасдиқланса, бу икки вазифадан қайси бири бажарилиши керак бўлади?

«Малакали педагог, илмий ходимлар, психолог ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш» вазифаси президентнинг 2020 йил 6 ноябрдаги фармони билан Халқ таълими вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига топширилган эди. Президентнинг тегишли фармонлари билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида (42-мақсад) ва 2022 — 2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурда 2026 йилгача мазкур дастурни тўлиқ амалиётга жорий қилиш кўзда тутилган. 2017 йилда 12 йиллик таълим учун тасдиқланган умумий ўрта ва ўрта махсус таълимнинг аввалги давлат таълим стандартлари 2021 йилдан ўз кучини йўқотган.

Республика таълим маркази маълумотларига кўра, 22 та фан бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқишга 246 нафар эксперт, шу жумладан, мактаб ўқитувчилари, методистлар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ҳамда БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) ва АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) экспертлари жалб этилган. Марказнинг таъкидлашича, «миллий ўқув дастурлари XXI аср талабларидан келиб чиққан ҳолда ўқувчиларда ривожланиши керак бўлган кўникмаларни белгилаб беради». Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси эса, ўз навбатида, мактаб ўқув дастурларининг мактабгача, профессионал ва олий таълим дастурлари билан узвийлигини таъминлаш учун 600дан ортиқ мутахассислар жалб этилгани ҳақида маълумот берган эди.

UNICEF томонидан тайёрланган Ўзбекистон таълим секторининг 2021 йилги Таҳлилида таъкидланишича, Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқишда UNICEF ва USAID`дан ташқари Британия Кенгаши ва бошқа ташкилотлар иштирок этган, жараён бир неча босқичда амалга оширилган ва дастурни ишлаб чиқишда қатнашаётган мутахассислар учун ўнлаб тренинглар ташкил қилинган. Биргина UNICEF 2020−2021 йилларда ушбу ислоҳотни қўллаб-қувватлаш учун 150 минг АҚШ долларига тенг маблағ ажратган.

Мажбурий таълимнинг барча босқичлари ва фанларини қамраб олувчи миллий ўқув дастури каби кенг кўламли ҳужжатни ишлаб чиқиш — машаққатли ва қиммат жараёндир. Ҳатто етарлича моддий ва инсоний ресурсларга эга ривожланган давлатлар ҳам бундай ҳужжатни тез-тез яратмайди. Масалан, Буюк Британияда 1988 йилда жорий этилган миллий ўқув дастури фақат 1994−95 йилларда қайта кўриб чиқилган ва бунда ҳам янги дастур ишлаб чиқилмаган, балки амалдаги дастур таълим мазмунини енгиллаштириш мақсадида таҳрир қилинган эди. Ҳозирги кунда ҳам амал қилаётган янги миллий ўқув дастури эса 2014 йилда жорий қилинган.

Финляндияда 2004 йилги миллий ўқув дастури бундан ўн йил аввал ишлаб чиқилган дастур ўрнига жорий қилинган. 2018 йилги PISA халқаро тадқиқотлари натижалари бўйича кучли ўнталикка кирган ягона постсовет давлати бўлмиш Эстонияда ҳам миллий ўқув дастури тахминан ҳар ўн йилда бир марта кўриб чиқилади. Балки Ўзбекистон ҳам янги ишни бошлашдан олдин халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда бошланган олдинги ишларни охиригача етказиши ва натижаларини таҳлил қилиб кўриши самаралироқдир?

Дарсликлар: «илғор хорижий тажриба» изидан?

Фармон лойиҳасига кўра, бошланғич синфларда «илғор хорижий тажриба» (қарор лойиҳаси матнида шундай дейилган) ёки «халқаро стандартлар» (қарорга илова матнида шундай) асосида яратилган дарсликлар жорий этилади, юқори синфлар учун эса STEAM фанлари бўйича «шу жумладан хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда» дарсликларни жорий этиш бўйича чоралар белгиланади. Матнда бир нарса мавҳум қолмоқда: Миллий ўқув дастури асосида дарсликларни нашр этиш ишлари давом этадими ёки бу янги дарсликлар бўладими?

2021 йил март ойида ўша пайтдаги халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Миллий ўқув дастури асосида ишлаб чиқилган 1−2-синфлар учун янги дарсликларни тақдимот қилди. Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов «замонавий дарсликлардаги ёндашув ва режалар давлатимиз раҳбарига маъқул бўлди, шу суръатда давом этиш топшириғини олдик», деб ёзди. Президентнинг 2022 йил 11 майдаги фармонида «2021/2022-ўқув йилидан бошлаб 1- ва 2-синфларда 252 номдаги янги замонавий дарсликлар, ўқувчи машқ дафтарлари ҳамда педагоглар учун ўқув қўлланмалар жорий қилинганлиги маълумот учун қабул қилиниши» қайд этилиб, қолган синфлар учун ҳам Миллий ўқув дастури асосида дарсликларни яратиш муддатлари белгиланди. 2022/2023 ўқув йилида Республика таълим маркази томонидан 3, 6, 7, 10-синфлар учун дарсликлар янгиланди. Расмий маълумотларга кўра, фақат 2022 йилда бу мақсадлар учун 1,1 триллион сўм йўналтирилиши режалаштирилган эди.

UNICEF 1−3-синфлар учун она тили ва ўқиш саводхонлиги, математика ва табиий фанлар дарсликларини яратишда иштирок этганлигини маълум қилди. Дарсликларни яратишга жалб қилинган халқаро экспертлар дастур ва ўқув қўлланмаларини яратишда хорижий тажрибанинг инобатга олиниши, танқидий ва ижодий фикрлашни ривожлантириши, дарсликларнинг халқаро стандартларга мувофиқлиги ҳақида баёнотлар билан чиқишди.

2019 йилда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) бюджети 29,5 миллион доллар бўлган 4 йиллик «Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим» дастури бошланишини эълон қилди. Дастур доирасида инглиз тили ва информатика бўйича Кембриж дарсликларини маҳаллийлаштиришдан ташқари, 1−4-синфлар учун она тили ва ўқиш саводхонлиги ҳамда математика дарсликлари ва ўқитувчилар учун қўлланмалар ҳам ишлаб чиқилди. 2022 йил июль ойида бу дарслик ва қўлланмалар икки вилоятда тажриба-синовдан ўтказиш учун Халқ таълими вазирлигига топширилди. Дарсликлар ва уларга асос бўлган стандартлар тажрибали миллий ва халқаро экспертлар гуруҳи томонидан Ўзбекистондаги бошланғич синф ўқитувчилари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилгани маълум қилинди.

2022 йил ноябрь ойида ўша пайтда Халқ таълими вазирлигидан мустақил бўлган Президент таълим муассасалари агентлиги (ҳозирда — Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги) физика ва биология бўйича Кембриж дарсликларини маҳаллийлаштириш лойиҳаси бошланганини эълон қилди.

2022 йилнинг иккинчи ярмида Финляндия тажрибасини мактаб таълимига жорий этиш ҳақида ҳам кўп гапирилди. Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов «1−4-синфлар учун ўқув мажмуалари ўзимизнинг мутахассислар томонидан фин стандартлари асосида тайёрланаётганини», Халқ таълими вазирлиги «2023 йил январь ойидан 1−4 синфларда Финландия масъул идоралари томонидан сифат белгиси билан қайд этилган замонавий дарсликларнинг апробацияси ўтказилишини» эълон қилди.

2022 йил 29 декабрь куни давлат раҳбарига махсус ишчи гуруҳ томонидан «илғор хорижий методика асосида» янгидан тайёрланган 1−4-синф дарсликлари тақдимот қилинди. Кейинроқ «Озодлик» радиоси ўзбек хизматига берган интервьюсида Комил Алламжонов ушбу дарсликларни яратиш 2019 йилда бошлангани ва бу жараённи ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирганлигини маълум қилди. Шунингдек, «катта синфлар учун ҳам ҳаракат бошлангани» эълон қилинди.

Ушбу махсус ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган дарсликлар «ХХI аср кишиси учун энг зарур бўлган кўникмалар» — танқидий ва креатив фикрлаш, жамоа бўлиб ишлаш, мулоқот қилиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган, дея тақдим этилган. 2023 йилги Давлат дастури тўғрисидаги қарор лойиҳасида ушбу кўникмаларни шакллантириш бошланғич синфларда «илғор хорижий тажриба»га асосланган дарсликларни жорий этишдан кутилаётган натижа сифатида кўрсатилган.

Хулоса қиладиган бўлсак, ҳозирги кунга келиб нималар бор:

  • Миллий ўқув дастури асосида Республика таълим маркази томонидан UNICEF кўмагида ишлаб чиқилган 1−3 ва 6, 7, 10-синфлар дарсликлари;
  • USAID маблағлари ҳисобидан яратилган 1−4-синфлар она тили ва ўқиш саводхонлиги ҳамда математика дарсликлари;
  • Махсус ишчи гуруҳ томонидан 1−4-синфлар учун яратилган дарсликлар — ушбу гуруҳ юқори синфлар учун ҳам дарсликлар ёзишни бошлаган;
  • Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан маҳаллийлаштирилаётган Кембриж нашриётининг физика ва биология дарсликлари.

Уларнинг барчаси, баёнотларга кўра, халқаро тажрибага асосланган. 2023 йилга мўлжалланган дастур лойиҳасида ушбу тўпламлардан қайси бирини жорий қилиш назарда тутилган? Ушбу дарсликлардан бири танланадими? Агар «ҳа» бўлса, ким томонидан ва қайси мезонлар асосида?

Ҳозирда мавжуд бўлган тўпламларнинг барчаси муқобил сифатида (ҳукумат қарори муқобил дарсликларни жорий этишга имкон беради, бу бўйича тавсияларни UNICEF ҳам берган эди) жорий қилинадими? Агар «ҳа» бўлса, дарсликларнинг давлат томонидан тасдиқланган таълимий мақсадларга мослиги қандай таъминланади?

Агар бутунлай янги дарсликлар ишлаб чиқиладиган бўлса, яратилиши ва чоп этилиши учун солиқ тўловчилар томонидан аллақачон пул тўланган дарсликларнинг тақдири нима бўлади? Давлат томонидан ҳам, халқаро донорлар томонидан ҳам катта куч ва маблағ сарфланган Миллий ўқув дастури асосида дарсликлар яратиш жараёни мантиқий якунига етказиладими? Масъул идоралар ушбу саволларга жавоб беришини хоҳлардик.

Муаллиф Миллий ўқув дастури ва ушбу дастур асосида 6, 7, 10-синфлар учун адабиёт дарсликларини ишлаб чиқишда иштирок этган.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.