«Муштум» журнали 100 ёшга тўлиши муносабати билан «Газета.uz» 2023 йилнинг февраль ойи охиригача журнал саҳифаларида турли йилларда чоп этилган 10 материални такрор чиқаришга қарор қилди. Туркумнинг аввалги материали 22 февраль куни берилган. Навбатдаги материал — таниқли ўзбек адиби Абдулла Қаҳҳор томонидан 1937 йилда ёзилган «Санъаткор» фельетонидир.

Консерт одатгича «навбатдаги номерамизда… келганларингизга раҳмат, ўртоқлар» билан тамом бўлди. Номи чиққан ашулачи санъаткордан бошқа ҳамма хурсанд бўлиб тарқалди. Санъаткор тажанг эди. Танаффус вақтида залга чиққанида бир тракторист уни саводсизликда айблади. Тракторист танқид қилганига санъаткор сира чидаёлмас эди. Тракторист қаёқда-ю, ашулачи қаёқда!

Санъаткор уйига кеткани извошга ўлтирганида яна тутақишиб кетди: «Ҳеч бўлмаса айтатурган ашулангни ўрган, сўзларини тўғри айт, эмиш! Нимасини билмайман? Нимаси тўғри эмас? Мени шу вақтгача мухбирлар, яъни ёзувчилар ҳам танқид қила олган эмас. Формализм, натурализмлардан ўтдим, ҳеч ким отвод бергани йўқ. Отвод бериш у ҳақда турсин, ҳеч ким мени оғзига ҳам олмади. Энди бир тракторист танқид қилар эмиш!..»

Санъаткор, извошчини ҳайрон қолдириб, ўзидан-ўзи ғулдираб борар эди. Уйда хизматчи овқат қилиб қўйган экан. Санъаткорнинг томоғидан ҳеч нарса ўтмади — қуруқ икки пиёла чой ичди. Унга, туриб нашъа қилар эди: «Ашулани мехаилистик айтар эмишман! Товушим ёмон бўлса, нега пластинкага олди? Танқид деганга энди, бу кишининг ҳам танқид қилғулари келип қолипти! Об-бо…»

— Ўқушга бордингизми? — деди у хизматчига қовоғини солиб.
— Бордим.

Хизматчи икки ҳафтадан бери савод мактабида ўқур эди.

— Хизматчиси саводсизлик мактабида ўқиётган бири кишини тракторист «саводсиз!» деса алам қилмайдими? — деди санъаткор ўзича бўғилиб, — «лабингдан бўлса олсам-е, шакар лаб», деганим у кишига ёқмапти, «бўлса» эмас, «бўса» эмиш! Ўзи билмайди-ю, менга ўргатганига куяман! Сенга ўхшаган саводсизлар «Бўса, бўмаса» дейди. Пазорни (й) «гугуртни ерга ташламанг» дейди, режиссоримиз эса «гугуртнинг ерга ташаманг» дейди. Қандай чиройлик! Пазорни (й), пазорни (й), пазорни (й)ми? Пазорни (й), албатта… Режиссоримиз жуда културни (й) одам. Одам деган мана шундай бўлса — урушса ҳам хафа бўлмайди киши. Икки гапнинг бирида «таъбир жойиз кўрилса» деб туради. Бу тракторист менга шунча дашном бериб, кўнгул учун бир мартаба бўлса ҳам «таъбир жойиз кўрилса» демади. Билмайди-да, билмайди! Тракторист!

Хизматчи дафтар-қаламини келтириб, санъаткорнинг қошига қўйди.

— «Ж»нинг каттаси қандай ёзилар эди? Домламиз бу кун кўрсатган эди, эсимда қолмапти.

Санъаткорнинг аччиғи келди:

— Энди «ж»га келдингизми? Боржўм деганда ёзилади. Кечаги боржўм очиқ қолипти. Гази бўлмагандан кейин бир пулга қиммат. Сиз ҳам дунёга келиб културни (й) одам бўлсангиз-чи! Бурнингиз терлади, артинг… Таъбир жойиз кўрилса, овқат еганда оғзингизни юмиб чайнанг!

Санъаткор ўрнидан туриб, ётоққа кириб кетди.

— Ётасизми? — деди хизматкор нариги уйдан.
— Нима эди?
— «Ж»нинг каттасини кўрсатиб бермадингиз, эртага домла сўрар эди.
— Кичигини ёзиб қаттиқроқ ўқинг!

Санъаткор ечиниб кўрпага кирди. Хизматчи чироқни ўчириб чикди. Кўзига ғира-шира қоронғи залдаги сон-саноқсиз каллалар кўринди. Буларнинг ичида энг каттаси — трактористнинг калласи, у илжаяр эди.

— Аптинг қурсин! — деди санъаткор ва нариги ёнбошига ағдарилди.

Хаял ўтмай уйқуга кетиб, хуррак отди. Унинг хурраги ҳам нечукдир адабийроқ эди:

— Плуқ-пум-прр… плуқ-пум-прр…

Абдулла Қаҳҳор,
«Муштум» журанли, 1937 йил, 6-сон