«Муштум» журнали 100 ёшга тўлиши муносабати билан «Газета.uz» 2023 йилнинг февраль ойи охиригача журнал саҳифаларида турли йилларда чоп этилган 10 материални такрор чиқаришга қарор қилди. Туркумнинг аввалги материали 23 февраль куни берилган. Навбатдаги материал — А.Муҳиддинов томонидан 1974 йилда ёзилган ҳамда Тошкент каналлари ва ариқларининг ифлосланиши масаласи кўтарилган «Бўёқли сувлар» мақоласидир.

Кайковуснинг ўйноқлаб оқишига тикилиб, тенгқурлари билан отамлашиб ўтирган Мўмин аканинг кайфи учди. Нарироқда, Собир Раҳимов паркининг четида сувга қармоқ ташлаб турган Тошқинжон тўсатдан бақириб-чақираверди:

— Дада! Тез ке-ли-инг! Катта балиқ!

Қармоқнинг пўкаги чўкиб кетган, афтидан йирикроқ балиқ илинган, ёш бола тортиб ололмаётган экан. Мўмин ака пешонасини тириштириб, кучаниб туриб, силтаб тортган эди, бир нима шўлп этиб сувдан чиқди-ю, ўғлининг олдига тушди. Тошқинжон «Вой-вой!» деб итариб юборди. «Катта балиқ» Мўмин акага тегиб, яна сувга отилди.

— Вой сендақа овчидан ўргилдим! — деди Мўмин ака жиғибийрон бўлиб. — Катта балиқ деганинг ўлган кучук экан-ку.

«Катта балиқ»ни кўришга қизиқиб келган Мўмин аканинг ҳамсуҳбатлари бирин-кетин гап учиришаверди:

— Оқар сувга ўлган кучукни ташлашибдими, а?
— Қандай покиза бўларди бу сувлар!
— Қандай ноинсофнинг иши бу?
— Эски миробсиз, Мўминжон, — деди кекса трамвайчи Жалил Мусаев, — ҳаққингиз бор-ку, суриштириб кўрмайсизми? Аммо, сувбузарлар аниқланса, халқ учун савоб иш қилинган бўларди-да.

Мўмин аканинг алам ўтига лампа мой сепилгандек бўлди. У икки отим носни бирваракайига тили тагига ташлаб, тажангликни тўн қилиб кийиб олиб йўлга тушди. Жалил Мусаев ҳам қўшилди унга. Икки ўртоқ «оқар сувни булғаётганлар кимлар?» деган даъво билан тўппа-тўғри Октябрь район ижроия комитетининг коммунал хўжалик бўлимига боришди. Кейин Киров, Собир Раҳимов, Чилонзор районлари ва Тошкент область санитария инспекцияларига йўлиқишди. У ерлардаги казо-казоларга дилларида кўндаланг бўлиб турган саволни айтишди. Улар эса сиртларига сув юқтирмай, ўзларини сутга чайилгандек оппқ қилиб кўрсатишди, акт-фактларни қаторлаштириб қўйишди. Аммо жавоблари ҳам, кўрсатган ҳужжатлари ҳам отахонларни қаноатлантирмади.

— Актлар папкада қолиб кетаверса, ярамас фактлар давом этаверса… Бунақа расмиятчиликни сувга оқизиб юбориш керак, — деди Мўмин ака. Бироқ санитария инспекцияларидаги ўртоқларга бу гап ёқмади, қовоқларини осилтириб олишди.

«Муштум» журналининг 1974 йил 12-сонида эълон қилинган карикатура.«Муштум» журналининг 1974 йил 12-сонида эълон қилинган карикатура.

Тоза сув ихлосмандларининг баъзи анҳор ва ариқлар аҳволини кўриб, аниқлаганлари шундай: Тошкентда ва областнинг шаҳарларида жон бошига сув истеъмол қилиш йилдан йилга ортмоқда. Яхшики, Тошкент области сув манбаларига бой. Сирдарё ва унинг тармоқлари бўлган Чирчиқ, Ангрен дарёлари, Бўзсув, Салор, Кайковус ариқлари, Қорасув сойи пойтахт шаҳар ва областни сувга сероб қилиб туради. Бироқ, ойни этак билан беркитиб бўлмаганидек, бу сувларнинг ифлос қилиниши кўпайиб бораётганини ҳам яшириш мумкин эмас.

— Ифлосланган сув инсон билан бир қаторда ҳайвонлар, фойдали микроорганизмлар, шунингдек, ариқлар атрофидаги дарахтлар, ўсимликлар учун ҳам зарарли, — дейишади мутахассислар. Лекин тоза сувни булғатувчиларга қарши кураш акт тузиб қўйишдан нарига ўтмаяпти. Чунончи: Тошкентдаги ўнлаб саноат корхоналари анҳор, ариқларга яқин ерларда. Уларнинг иш жараёнларини сувсиз тасаввур қилиш қийин, албатта. Бироқ, бу корхоналарда тоза сувга муносабат «ишим битти, эшагим лойдан ўтди»нинг ўзгинаси: тоза сувни ишлатишади-ю, чиқиндиларини тозаламай яна анҳор ёки ариққа оқизишаверади. Масалан, Қоғоз комбинатининг кўплаб аммиак аралашган чиқитлари Қорасув сойига оқизиб қўйилган. Сувни булғаётган бунақа корхоналар, хонадонлар, улар ҳақида тузилган актлар ҳам анчагина. Ўртоқ Мельник бошлиқ бўлган 6-ЖЭК Чилонзор райони территориясида эканида ҳам чиқитларини хлорламай анҳорга қўшаверарди. У Октябрь районида, тоза сувни булғатишни ҳамон тарк этгани йўқ. Собир Раҳимов паркидан то Чиғатой дарбозасигача бўлган Кайковус четига жойлашган хонадонларнинг айримлари ахлат, мағзаваларини бемалол тоза сувга туширишар экан. Оқар сувда ўлган кучук бўлиши ҳам шундай бефаросатлик оқибати. Тошкент шаҳри ва областидаги кўпгина ариқларда бир вақтлар балиқ ва турли жониворлар бўларди. Ҳозир кўпларида ҳатто қурбақанинг ҳам овози эшитилмай қолган. Анҳор, ариқлар қирғоқларидаги катта-катта дарахтларнинг кўпи қуриб патарат топган. Хайриятки, оқар сувларнинг тиллари йўқ, акс ҳолда: — Ҳўв, ноинсофлар! Оби ҳаётни ифлос қилиб кони зарарга айлантиргани уялмайсизларми?! — деб бонг уришарди.

Қизиқ, мутахассисларнинг фикрлари, истеъмолчиларнинг шикоятлари қайси бонг уришдан кам! Тоза сувни булғатувчиларга акт тузиб қўяқолиш ўрнига кескинроқ чора кўриш вақти етмаганмикин?!

А.Муҳиддинов,
«Муштум» журнали, 1974 йил 12-сон.