6 февраль куни тонгида Туркия жануби-шарқида зилзила содир бўлди — БМТ маълумотларига кўра, бу Туркияда 1939 йилдан бери юз берган энг кучли зилзиладир. Зарар кўрган ҳудудда зилзила хавфи ҳали ҳам сақланиб қолмоқда — булар кучли афтершоклар бўлиб, улар баъзида асосий зилзиладан кейин ҳам давом этади. «Газета.uz» содир бўлиши мумкин бўлган зилзилага қандай тайёргарлик кўриш, жароҳат ёки ўлим хавфини минималлаштириш учун қандай тактикани қўллаш, зилзила пайти ва ундан кейин нималар қилиш кераклиги ҳақида Meduza томонидан эълон қилинган мақола таржимасини ҳавола этади.

Зилзила вақти ва жойини олдиндан айтиб бўлмайди. Агар хавфли ҳудудда яшасангиз, зилзилага тайёргарлик кўриш керак

АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, олимлар кучли зилзила бўлишини ҳеч қачон олдиндан айта олишмаган ва яқин келажакда ҳам башорат қила олишмайди. Аммо биз фақат аниқ прогноз ҳақида гапираяпмиз — бунга сана ва вақт, жой, шунингдек, офатнинг кучи ҳақидаги маълумотлар киради. Шу билан бирга, геологлар Ер сайёрасининг турли минтақаларида сейсмик фаолликни кузатишади ва уларнинг баъзиларини бошқаларга қараганда анча хавфли деб ҳисоблашади. Масалан, йирик зилзилаларнинг 80 фоиздан ортиғи Тинч океанининг чеккаларида, «Олов ҳалқаси» деб номланувчи ҳудудда содир бўлади. «Олов ҳалқаси» — Тинч океанининг периметри атрофидаги ҳудуд бўлиб, у фаол вулқонларнинг кўп қисмини ўз ичига олади. Ҳаммаси бўлиб, ушбу зонада Ерда маълум бўлган 540 та фаол ер усти вулқонидан 328 таси мавжуд.

Бундан ташқари, баъзида асосий зилзиладан кейин бир қатор кичикроқ зилзилалар пайдо бўлади — улар афтершоклар деб аталади. Олимларнинг таъкидлашларича, Туркиядаги зилзиладан кейин афтершоклар ҳафталар ва ҳатто ойлар давом этиши мумкин, аммо уларнинг интенсивлиги аста-секин камаяди. Қарама-қарши ҳолатлар ҳам бўлиб туради: кучсиз зилзиладан сўнг бирдан янада кучлироғи содир бўлади — бу ҳолатда биринчи фалокатни форшок деб аташади, кейингилари эса асосий зилзила ҳисобланади.

Сиз яшаётган минтақанинг сейсмик фаоллик харитасига қараб, хавфларни баҳолашингиз мумкин (масалан, бу ерда Туркия ва Грузия учун шундай хариталарни кўриш мумкин). Агар сиз Туркиянинг жанубий-марказий қисмида ёки зарар кўрган ҳудудга яқин жойда яшасангиз, яқин келажакда юзага келиши мумкин бўлган зилзилалар туфайли айниқса эҳтиёт бўлишингиз керак.

Мобил иловани юклаб олинг ва хабарномани диққат билан кузатиб боринг

Зилзилалар доимий равишда содир бўладиган мамлакатларда, одатда, оммавий огоҳлантириш хизмати йўлга қўйилган бўлади. Мисол учун, Исроилда 2021 йилда Фронторти ҳизмати (Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Исроилдаги муқобили)нинг мобил иловаси ишга туширилди — у зилзилалар, цунамилар ва ракета зарбалари ҳақида огоҳлантиради. Бу ҳам прогноз эмас — бундай иловалардаги хабарномалар биринчи зарбалардан кейин келади, лекин улар барибир ҳаётни сақлаб қолиши мумкин бўлган бир неча муҳим дақиқалар ёки сонияларни тақдим этиши мумкин.

Сиз ҳозирда бўлиб турган мамлакатнинг шунга ўхшаш расмий (давлат идораси) иловаси мавжуд ё мавжуд эмаслигига қизиқиб кўринг, мабодо бўлса, унда телефонингизга юклаб олинг (ва билдиришномаларни ёқишни унутманг). Баъзи ҳудудларда (улар орасида Туркия ва Грузия ҳам бор) Android ва iOS операцион тизимларининг ўзи яқин атрофда зилзила бошлангани ҳақида хабарнома юборади, аммо бунинг учун бундай хабарномаларни телефон созламаларида ёқиб қўйиш керак. Хусусий ишлаб чиқувчилар иловалари ҳам мавжуд (мана бир мисол). Бундан ташқари, баъзи мамлакатларда (масалан, Исроилда) кўча сиреналари ҳам огоҳлантириш тизимига киритилган.

Агар зилзила хавфи юқори бўлса, уйингизни шунга тайёрланг

Зилзила пайтида ҳар қандай, ҳатто энг оғир жисм ҳам ҳаракатланиши ва қулаши мумкин. Шунинг учун мебель ва маиший техника каравотлар, диванлар ва кимдир ухлаши мумкин бўлган ўринлардан узоқроққа кўчирилиши керак. Шунингдек, мебеллар, телевизорлар, компьютерлар, сув иситгичлари, шкафлар ва жавонлар маҳкам ўрнатилиши керак (Зилзилага қарши кураш бўйича миллатлар альянси сайтида ҳар бир буюм учун батафсил кўрсатмалар берилган).

Бу жуда муҳим, чунки, масалан, 1994 йилда Нордриждаги зилзила жабрланувчиларининг 55 фоизи яхши қотирилмаган буюмларнинг ағдарилиши оқибатида, ҳатто, ўлдирадиган жароҳатлар олган (жароҳатларнинг фақат 1 фоизи биноларнинг бузилиши ва қулаши билан боғлиқ эди). Бу чора, шунингдек, кучсиз силкинишлар вақти мол-мулкингизга етиши мумкин бўлган зарарнинг ҳам олдини олиш мумкин.

Оилангизнинг ҳар бир аъзоси учун фалокат пайтида омон қолиш режасини тузинг ва керакли нарсаларни тўплаб қўйинг

Оилангизнинг ҳар бир аъзоси билан аниқ ҳаракатлар кетма-кетлигини келишиб олинг ва уларни мунтазам равишда машқ қилиб туринг. Агар уй ҳайвонингиз бўлса, уларни ташиш учун мослама ва озгина овқат тайёрланг. Каравот ёнига ичида фонари бор халтача осиб қўйиш мумкин — бу бинода чироқлар ўчган тақдирда ҳаракатланишингизга ёрдам беради. Паспортлар ва бошқа муҳим ҳужжатларни дори-дармонлар учун рецептлар, оз миқдорда нақд пул, шахсий гигиена воситалари ва зарур дори-дармонлар билан бирга хавфсиз сув ўтказмайдиган идишда сақлаш мумкин.

Шунингдек, ушбу «хавф жамадони»га ҳуштакни қўшишингиз мумкин — мабодо вайроналар остида қолсангиз, ҳуштак ёрдамида қутқарувчиларга сигнал бериш мумкин. Агар бундай жойга ҳуштаксиз тушиб қолсангиз, кетма-кет учта қисқа тақиллатиш билан сигнал бериш тавсия этилади.

Уйни зилзиладан суғурталаш мумкинлигини унутманг. Агар уй ундаги буюмлар билан бирга суғурталанган бўлса, товон пули олишни осонлаштириш учун уларни олдиндан суратга тушириб қўйиш тавсия этилади.

Агар силкиниш бошланса, ўзингиз турган жойда қолинг. Нима қилиб бўлса-да бинодан чиқиб кетишга ҳаракат қилишнинг кераги йўқ

Вайрон бўлган уйларнинг қўрқинчли тасвирларига қарамай, зилзила пайти асосий хавф қулаётган ва учаётган буюмлардан бўлади, сизнинг асосий вазифангиз улардан ҳимояланган жойга ўтишдир. Бинони тарк этишга фақат бунга бир неча сония кетишига амин бўлсангиз ва кучли зилзилалар ҳали бошланмаган бўлсагина уриниб кўриш мумкин.

Агар сиз ўтмишда шунга ўхшаш фалокатларни бошдан кечирган бўлсангиз ва жабрланмаган бўлсангиз ҳам, зилзиланинг хавфлилигини паст баҳо бериш ярамайди. Қуйида келтирилаётган тавсияларга, ҳатто кучсиз силкиниш вақтида ҳам қатъий риоя қилишдан тортинманг — бу ўзингизни ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Қаерда бўлсангиз ҳам — «Эгил. Ёпиқ жойга ўт. Жойингда қол» тактикасини қўлланг.

Мутахассисларнинг фикрича, бу — жароҳатлар ёки ўлим хавфини камайтириш учун энг самарали чора. Мана нима қилиш керак:

  1. Қўлларингиз ва тиззангиз билан турган жойингизга эгилинг. Бу ҳолат ҳаётий муҳим органларни учувчи жисмлардан ҳимоя қилади ва силкиниш пайтида мувозанатни сақлашга ёрдам беради.
  2. Агар яқин атрофда мустаҳкам стол бўлса, унинг остига киринг ва худди видеода кўрсатилганидек ҳолатда қолинг. Агар яшириниш жойи бўлмаса, ички деворлардан бирига яқинлашишга ҳаракат қилинг (улар бино ичидаги хоналар орасидаги чегара бўлиб хизмат қилади).
  3. Бир қўлингиз билан бошингизни ва бўйнингизни ёпинг — кафтингизни бўйнингизга, тирсагингизни эса бошингиз орқасига қўйишингиз керак. Бошқа қўл билан сизни яшириб турган жойни (масалан, столни) ушлаб туриш керак. Яшириниш жойи бўлмаса, бошингизни ва бўйнингизни иккала қўлингиз билан ёпинг. Ушбу ҳолатни силкиниш охиригача сақланг.

Жанубий Калифорния зилзила марказидан видеоқўлланма. Видео: Great ShakeOut Earthquake Drills

Агар бирон сабабга кўра сиз полга эгилолмасангиз, стул ё каравотга ўтиринг ва худди шундай тарзда бошингизни қўлларингиз билан ёпинг. Агар сиз ногиронлар аравачасидан фойдалансангиз, унинг ғилдиракларини тормоз ҳолатига ўтказиб қўйганингизга ишонч ҳосил қилинг.

Бино ичида эшиклардан узоқроқ туринг (ва, албатта, лифтдан фойдаланманг)

Иложи борича, қулаб, сизни шикастлаши мумкин бўлган шиша ва беқарор предметлардан узоқроқ туринг. Бошингизни ва юзингизни парчаланишдан ҳимоя қиладиган бирон бир нарсани олишга ҳаракат қилинг — масалан, китоб. Тиз чўкиш ҳолатида уни бўйин устида ёки бошдан юқорида ушлаб туриш мумкин. Агар сиз ётоқда бўлсангиз, мутахассислар у ерда бошингизни ёстиқ билан ўраган ҳолда қолишингиз тавсия қилади.

Одамлар орасида тарқалган афсонадан фарқли ўлароқ, замонавий уйлардаги эшиклар бинонинг бошқа қисмларидан кучлироқ эмас. Бундан ташқари, улар шикастланиш мумкин бўлган манбалардан — қулаётган ёки учар жисмлардан ҳимоя қилмайди. Бундай жойда таянч нуқтани топиш ҳам қийин.

Агар сиз қулаган жисмлар остида қолган бўлсангиз, хотиржамликни сақланг ва уни ўзингиз олиб ташлашга уринманг — бу вайроналарнинг бошқа қисми қулашига олиб келиши мумкин. Бурун, оғиз ва кўзларингизни чангдан ҳимоя қилишга ҳаракат қилинг. Агар бўлса, қутқарувчиларга фонар ёқиб ёки ҳуштак чалиб сигнал бериб кўринг, бўлмаса учта қисқа тақиллатиш билан ишора беринг.

Агар ташқарида бўлсангиз, бинолар, электр узатиш линиялари, йўл белгилари ва автомобиллардан сақланинг

Эшиклар ўрнилари ва деворлар олди энг хавфли жойлардир — бу ерда сизнинг устингизга бино қисмлари қулаши эҳтимоли катта. Бундан ташқари, деразалар ва кичик меъморий деталлар кўпинча биринчи бўлиб бузилади ва шикаст етказиши мумкин.

Хавфсиз жойда эканлигингизга ишончингиз комил бўлганда — юқорида тавсифланган «Эгил. Ёпиқ жойга ўт. Жойингда қол» тактикасини қўлланг.

Машинани, албатта, тўхтатиш керак — фақат хавфсизроқ жойда

Кўприклар, йўл белгилари, ер ости ўтиш жойлари ва дарахтлардан сақланинг. Машинани қўл тормозига ўтказиб, унинг ичида қолинг — зилзила пайтида бироз чайқалиши мумкин бўлса-да, машина анчагина хавфсиз жой ҳисобланади.

Силкиниш тугагандан сўнг, машинада ҳаракатланиш хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилинг — зилзила йўл қопламалари ва кўприкларга зарар етказиши, устунлар ва йўл белгиларини қулатиши ва сув сатҳининг вақтинча кўтарилишига олиб келиши мумкин. Агар электр узатиш линияси транспорт воситаси устига қулаган бўлса, махсус тайёргарликка эга шахс симни олиб ташламагунча ичкарида қолинг.

Зилзиладан кейин цунами хавфи пайдо бўлиши туфайли денгиз қирғоғини имкон қадар тезроқ тарк этиш керак

Силкиниш кучи оёқда туришга имкон берадиган даражада сусайиши билан тезда баландроқ жойга ёки қуруқлик ичкариси томон ўтинг. Бундан ташқари, агар жиддий зарар етмаган бўлса, кўп қаватли бинога кириш (лекин бунда кўпи билан учинчи қаватга чиқиш мумкин) ёки, жуда бўлмаганда, баланд дарахтга чиқиб олиш мумкин. Махсус хизматлар у ерга қайтиш хавфсиз эканлигини тасдиқламагунча қирғоқдан узоқроқ туринг.

Зилзиладан кейинги афтершоклар ҳақида унутманг ва телефондан имкон қадар камроқ фойдаланишга ҳаракат қилинг

Афтершоклар зилзиладан бир неча дақиқа, кунлар ва ҳатто ҳафталар ўтиб содир бўлиши мумкин — бу хавфни ҳисобдан чиқармаслик керак. Ҳеч қачон шикастланган биноларга кирманг ва уларни тарк этишга ҳаракат қилинг, айниқса ғайриоддий товушларни эшитаётган бўлсангиз (бу овозлар бино конструкцияларининг шикастланишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин). Газ, электр ва сув линияларининг шикастланиш ҳолатини ҳеч бўлмаса кўз билан кўриб текширинг. Агар носозликлар кўзга ташланса, газ, сув ёки электр таъминотини ўчиринг. Газ сизиб чиқмаётганига ишончингиз комил бўлмай туриб, гугурт, зажигалка ёки электр жиҳозларидан фойдаланманг (газ сизиб чиқаётганини газ ҳиди ёки газ ускунасининг бузилганига қараб билиш мумкин).

Телефондан тармоқни ортиқча банд қилмаслик ҳамда зарар кўрган бошқа одамларни алоқа имкониятидан маҳрум қилмаслик учун фақат шошилинч хизматларни чақириш учунгина фойдаланинг. Имкониятингиз бўлса, муҳтожларга ёрдам беринг.