XXI асрнинг навбатдаги ўн йиллиги мутлақо кутилмаган (эҳтимол, мутлақо кутилган) ҳодисалар билан, фавқулодда оғир бошланди. Даставвал 2020 йилги коронавирус пандемияси келтириб чиқарган иқтисодий инқироз ва унинг бошқа кўринишдаги салбий оқибатлари жаҳондаги барқарорликка путур етказди. 2021 йилда вакцинациянинг жадаллашуви ҳамда қамровининг ортиб бориши ортидан вирус аста-секин ортга чекиниб, пандемия билан боғлиқ қатъий чекловлар юмшатила бошланди ва, қисқа муддатли турғунликдан сўнг, дунё иқтисодиётининг қайта тикланиши борасидаги прогнозлар реал воқеликка яқинлаша борди. Бироқ, 2022 йил февралида Россиянинг Украина суверен ҳудудига бостириб кириши глобал иқтисодий тикланиш йўлидаги уринишларни йўққа чиқарди. Украинада қарийб бир йилдан бери давом этаётган уруш дунё ҳамжамияти олдига янгидан-янги муаммоли масалаларни кўндаланг қўйиб, мавжудларини чуқурлаштириб юборди.

Иқтисодий тебраниш ва инқирозлар, сиёсий кескинлик ва талотўплар, ижтимоий норозилик ва тартибсизликлар, иқлим инқирозларининг жадаллашган оқибатларига бой бўлган 2022 йил глобал иқтисодиёт ва барқарорликка қаттиқ зарба берди. Бу, ўз навбатида, келгусидаги глобал хавф-хатарлар билан боғлиқ фаразларда кескин ўзгариш ва силжишларга сабаб бўлди.

Январь ойида Жаҳон иқтисодий форуми (WEF)нинг глобал хавф-хатарларга бағишланган 2023 йилги (Global Risks 2023) ҳисоботи эълон қилинди. Ҳисобот дунё бўйлаб 1200 дан зиёд турли соҳа — илм-фан, ҳукумат, бизнес, халқаро ҳамжамият ва фуқаролик жамияти — вакилларидан иборат экспертлар томонидан тайёрланган бўлиб, инсоният бугун ва яқин келажакда юзлашиши кутилаётган хавф-хатарлар — глобал рискларга бағишланган. Тадқиқотда глобал рисклар учта даврда: ҳозирги кунда намоён бўлаётган рисклар (1), яқин икки йилда (2) ва яқин ўн йилда энг оғир оқибатларга олиб келиши кутилаётган рисклар сифатида баҳоланган. Намоён бўлиш соҳасига кўра улар иқтисодий, атроф-муҳит, геосиёсий, ижтимоий ҳамда технологик риск тоифалари бўйича ажратилган.

«Газета.uz» мазкур ҳисоботга кўра 2023 йилда кутилаётган потенциал рисклар ҳақида ва ҳисоботнинг бошқа айрим эътиборга молик жиҳатлари хусусида ҳикоя қилади.

2023 йил: Бизни нималар кутмоқда?

WEF тадқиқоти натижаларига кўра, 2023 йилда глобал миқёсда оғир оқибатлар яратиши мумкин, деб топилган рисклар етакчи бешталигидан «Энергия таъминоти инқирози», «Яшаш харажатлари инқирози», «Ўсиб бораётган инфляция», «Озиқ-овқат таъминоти инқирози» ҳамда «Муҳим инфратузилмага қаратилган киберҳужумлар» ўрин олган. Мазкур рискларнинг аксарияти Украинадаги уруш натижасида кучайган. Бундан ташқари, экспертлар орасида net-zero (атмосферага иссиқхона газлари ажралиши кўрсаткичини имкон қадар нолга яқинлаштириш) мақсадларига эриша олмаслик, иқтисодий сиёсатнинг қуроллашуви, инсон ҳуқуқларининг заифлашуви, қарз инқирози, ноозиқ-овқат таъминот занжирларининг ишдан чиқиши ҳамда, нисбатан кам сонли респондентлар томонидан эътироф этилган бўлса-да, ядровий, кимёвий ва биологик қуролларнинг шай ҳолга келтирилиши билан боғлиқ хавотирлар мавжуд.

глобал рисклар, инфляция, иқлим ўзгариши, табиий ресурслар, энергия инқирози

WEF’нинг қайд этишича, дунё ҳамжамияти «янги нормаллик», яъни бирламчи эҳтиёжлар — озиқ-овқат, энергия, хавфсизлик — билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш кун тартибига қайтиши зарур. Бироқ, юқорида келтирилган рисклар глобал пандемия келтириб чиқарган соғлиқни сақлаш ва иқтисодиётдаги турғунлик, Украинадаги уруш ва санкциялар таъсири, саноатдаги рақобат ва ҳукуматлар аралашуви ортидан технологик қуролланиш пойгасининг кучайиши натижасида янада чуқурлашиб бормоқда.

Яшаш харажатлари инқирози респондентлар томонидан келгуси икки йилда энг оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган риск сифатида баҳоланган бўлиб, у бошқа энг кучли таъсирга эга бўлган рисклар билан сабаб-оқибат занжири орқали бевосита боғлиқлиги нуқтаи назаридан ҳам алоҳида эътиборга молик. Энг бирламчи ва доимий эҳтиёжларни қондиришга мўлжалланган товарлар — озиқ-овқат ва уй-жой нархлари пандемиядан олдинги даврдаёқ кўтарила бошлаган эди. Украинадаги уруш оқибатида энергия ва озиқ-овқат таъминотида узилишларнинг вужудга келиши мавжуд инфляцияни янада тезлаштирди. WEF’га кўра, озиқ-овқат ишлаб чиқаришдаги таянч минтақалар, хусусан, Украинадаги уруш ва Покистондаги кенг кўламли тошқинларнинг салбий оқибатлари ўлароқ 2023 йилда озиқ-овқат таъминотида моддий етишмовчилик кузатилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Жаҳон банки мутахассисларининг маълум қилишича, 2023 йилда энергия нархлари ўртачадан 46 фоиз юқори даражада сақланиб қолиши кутилмоқда.

Яшаш харажатлари инқирози қисқа муддатли риск деб баҳоланганига қарамай, унинг оқибатида аҳолининг энг заиф қатламлари бирламчи эҳтиёжларини қондириш имкониятидан маҳрум бўлишлари мумкин. Хусусан, инфляциянинг юқори суръатларда ўсиши пенсия ёшидаги аҳоли қатламига ҳам таъсир ўтказмай қолмайди. Қолаверса, озиқ-овқат, энергия ва уй-жой нархларининг ўсиши аҳолининг реал даромадларини пасайтириб, энг бирламчи эҳтиёжлар учун сарф-харажатлар ўртасида танлов қилиш зарурати олдида танг қолдириши, натижада жамиятда саломатлик ва фаровонлик даражаси пасайиб кетиши мумкин. Бу, ўз навбатида, жиддий ижтимоий норозилик ва сиёсий беқарорликни келтириб чиқаради. Масалан, биргина ёқилғи нархларининг ортиши 2022 йилда тахминан 92 та давлатда ижтимоий норозиликларни келтириб чиқарди. Мазкур норозиликлар тўлқинининг аксарияти сиёсий беқарорлик ва инсоний йўқотишлар билан якун топди.

Яқин икки йиллик

Тадқиқот натижаларига кўра, яшаш харажатлари инқирози қисқа муддат — 2025 йилгача бўлган даврда ҳам ўз долзарблигини йўқотмайди ва энг таҳликали глобал рисклар дастлабки ўнталигидаги етакчилигини сақлаб қолади. Яқин икки йилликда энг оғир оқибатларга олиб келиши мумкин, дея баҳоланган рисклар орасида асосий ўринни атроф-муҳит билан боғлиқ рисклар ҳамда ижтимоий рисклар эгаллаган.

Қисқа муддат — яқин 2 йилда энг оғир оқибатларга олиб келиши кутилаётган рисклар рейтинги
1.

Яшаш харажатлари инқирози
2.

Табиий офатлар ва экстремал об-ҳаво
3.

Геоиқтисодий қарама-қаршилик
4.

Иқлим ўзгаришини юмшатиш билан боғлиқ муваффақиятсизлик
5.

Ижтимоий ҳамжиҳатликка путур етиши ва жамиятнинг турли қутбларга ажралиши
6.

Атроф-муҳитга кенг миқёсда зарар етказиш билан боғлиқ ҳодисалар
7.

Иқлим ўзгаришларига мослашиш билан боғлиқ муваффақиятсизлик
8.

Кенг тарқалган кибержиноятчилик ва кибер хатарлар
9.

Табиий ресурслар инқирози
10.

Кенг кўламли исталмаган миграция

«Иқлим ўзгаришини юмшатиш билан боғлиқ муваффақиятсизлик» қисқа муддатли даврда энг таҳликали рисклар қаторида эътироф этилган. Қолаверса, унга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирлар тадқиқотнинг 70 фоиз респондентлари томонидан «самарасиз» ёки «юқори даражада самарасиз» деб баҳоланган. WEF’нинг қайд этишича, бу мазкур риск келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатларга тайёр эмаслигимизни кўрсатади. Тошқинлар, иссиқ ҳаво оқимлари, қурғоқчилик ва бошқа кўринишдаги экстремал об-ҳаво билан боғлиқ ҳодисаларнинг тез-тез такрорланиши ва талафот даражаси ортиши натижасида бундан тобора кўпроқ инсонлар жабр кўриши мумкин. Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва уларга мослашиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг самарасизлиги ёки ортга сурилиши табиий офатлар рискининг долзарблигини янада оширади.

Жаҳондаги геосиёсий кескинликлар ва иқтисодий босимлар иқлим ўзгаришини юмшатишга қаратилган ҳаракатларга тўсқинлик қилмоқда ва уларнинг самарадорлигини пасайтирмоқда. Айрим ҳолларда эса иқлим ўзгаришини юмшатишда ортга қадам ташлаш ҳолатлари кузатилмоқда. WEF’га кўра, Европа Иттифоқи 2022 йилда ёқилғи қазиб олиш соҳасида янги инфратузилма объектларини қуриш ва мавжудларини кенгайтириш ҳамда таъминот учун камида 50 миллиард евро маблағ сарфлади, айрим мамлакатлар эса кўмир электр станцияларини қайта ишга туширди.

WEF’нинг қайд этишича, «Ижтимоий ҳамжиҳатликка путур етиши ва жамиятнинг турли қутбларга ажралиши» рискининг таҳликалилик даражаси сўнгги йилларда ортиб бормоқда. Қолаверса, унинг чуқурлашишига бошқа бир қатор қисқа ва узоқ муддатли потенциал рисклар, жумладан, қарз инқирози ва мамлакатдаги беқарорлик, яшаш харажатлари инқирози ва инфляция, узоқ давом этган иқтисодий таназзул ва иқлим миграцияси кучли таъсир кўрсатган.

глобал рисклар, инфляция, иқлим ўзгариши, табиий ресурслар, энергия инқирози

«Ижтимоий ҳамжиҳатликка путур етиши» сабаб-оқибат занжирида.

Бевосита ҳукуматнинг хатти-ҳаракатлари, инсон тараққиёти ва ижтимоий ҳаракатчанликдаги бўшлиқлар сабаб фуқароларнинг умидсизликка тушиши 2022 йилда тез-тез норозилик намойишларида ва тартибсизликларда ўзини намоён қилди. Хусусан, январь-октябрь ойларида 2021 йил давомида юз берганидан кўра кўпроқ норозилик намойишлари кузатилган.

Жамиятдаги қутбланиш ижтимоий ишончга путур етказади, айрим ҳолларда мафкуравий бўлинишдан кўра кўпроқ сиёсий элита ичидаги ҳокимият курашини акс эттиради. Бу охир оқибат таҳдид кампаниялари ва сиёсий зўравонлик, жиноятчилик, зўравонлик намойишлари ва ҳатто фуқаролар урушининг авж олишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, жамиятдаги ижтимоий ва сиёсий қутбланиш глобал рискларни ҳал қилиш учун муаммоларни жамоавий ҳал қилиш имкониятини пасайтириши эҳтимоли мавжуд.

Дастлабки ўнталикда иқтисодий рисклар санаб ўтилмаган, шунга қарамай, ҳукумат ҳамда бизнес вакиллари қарз инқирози, нархларни барқарорлаштириш билан боғлиқ муваффақиятсизлик ва иқтисодий таназзул хавфини қайд этишган.

Узоқ истиқбол ва потенциал оқибатларга тайёр туриш

Яқин ўн йилликда инсоният учун энг жиддий хавф туғдирувчи рисклар орасида атроф-муҳит, иқлим ўзгариши ва табиий ресурслар билан боғлиқ рисклар мутлақ етакчилик қилган.

WEF 2030 йилга бориб табиий ресурслар поли-инқирози шароитида инсоният бошдан кечириши мумкин бўлган тўрт хил сценарийни тақдим этган:

  1. Ресурслар масаласида ўзаро ҳамкорлик — табиий ресурслар танқислиги хавфи;
  2. Ресурс чекловлари — турли хил муаммолар хавфи;
  3. Ресурслар учун рақобат — ресурс автаркияси хавфи;
  4. Ресурс назорати — ресурслар уруши хавфи.

глобал рисклар, инфляция, иқлим ўзгариши, табиий ресурслар, энергия инқирози

Табиий ресурслар инқирози геоиқтисодий қарама-қаршиликлар, давлатлараро зиддиятлар, муҳим таъминот занжирларининг узилиши ҳамда яшаш харажатлари инқирозини келтириб чиқариши мумкин.

Мазкур сценарийларнинг ҳар қайсиси ўз афзаллигига эга бўлиш билан бир қаторда, уларнинг ҳар қайсисида дунё ҳамжамияти атроф-муҳит масаласида ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан муайян қийинчиликларга дуч келиши эҳтимоли мавжуд.

WEF’га кўра, ҳар бир рискка қарши кураш ёки унинг олдини олиш ўзига хос ва мослаштирилган хатти-ҳаракатларни талаб қилишига қарамай, муайян тамойилларга амал қилиш барча турдаги рискларга тайёрлик даражасини ошириш имконини беради. Шу нуқтаи назардан, глобал рискларнинг потенциал оқибатларига тайёр туришда қуйидаги тўрт тамойилга амал қилиш тавсия этилган:

  • рискларни аниқлаш ва олдиндан кўра билиш қобилиятини кучайтириш;
  • «келажакдаги» рискларнинг бугунги қийматини қайта калибрлаш;
  • кўп томонлама рискларга тайёргарлик кўришга инвестиция киритиш;
  • тайёргарлик ва жавоб чоралари бўйича ўзаро ҳамкорликни кучайтириш.