«Муштум» журнали 100 ёшга тўлиши муносабати билан «Газета.uz» 2023 йилнинг февраль ойи охиригача журнал саҳифаларида турли йилларда чоп этилган 10 материални такрор чиқаришга қарор қилди. Туркумнинг аввалги материали 27 февраль куни берилган. Навбатдаги материал — 1955 йили 2000 йилдаги авлодга ёзилган «Келажакка мактуб»; хат муаллифи — 1947 йили «халқ душмани» сифатида қатағонга учраган, Сталин вафотидан сўнг оқланган, 1980 йили Ўзбекистон халқ ёзувчиси, 1999 йили эса Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан мукофотланган Саид Аҳмад.

Келажакка мактуб

2000 йилдаги ёзувчи чеварамга васият

Эй, менинг ҳали туғилмаган ўғлимнинг невараси. Назаримда, сен 1985 йилларда туғилишинг керак. Йилномамиз роппа-роса 2000 рақамини кўрсатиб турган кун сен етти йиллик мактабни тугатган бўласан. Агар медицина фани шу кетишда ўсаверса, сен билан юз кўришишимга аминман. Мабодо юз кўришолмай қолсак, қуйидаги ола-қуроқ васиятномамни архивдан топиб ўқи!

«Тошкент таксомотор паркида бир неча юз „Победа“ машинаси бор. Шу машиналар кечқурун ишдан келганда мояна олиб ишлайдиган беш кишининг қўлидан ўтади. Машина ювадиган киши ҳар қайси шофёрдан 3 сўмдан, яъни бир кунда 300 кишидан 900 сўм, машинани четга олиб қўядиган киши 5 сўмдан 1500 сўм, ғилдиракни калтак билан узоқдан туриб уриб қўядиган киши 2 сўмдан 600 сўм, путёвка қабул қиладиган киши 3 сўмдан 900 сўм, навбатчи механик 3 сўмдан 900, кассир 1 сўмдан 300 сўм олади».

Ҳали дадаси ва отаси ҳам дунёга келмаган чеварам. Бобонгнинг бу сатрларини ўқиб ажабланма! Сен яшайдиган даврда бунақа нарсалар гўё музейда паранжи кўриб қолиш билан баробар эканлигини яхши биламан. Биз ҳам музейда бундан неча минг-минг йиллар аввал яшаган ихтиозавр, динозавр деган ҳайвонларнинг тўпиғи, қобурғаларини кўрганимизда шунақа ажабланган эдик. Ҳа, сен сира ажабланма, бобонгнинг битта-яримта музейбоп ўртоқлари ҳам бўлган. Мана бу сатрларни ўқисанг, бобонгнинг нима деб жавраётганини дарров тушунасан.

Тошкент аҳолисига хизмат қилаётган ниҳоятда кўркам ва сўнгги техника билан жиҳозланган 10 та «ЗИМ» машинасидаги, масалан: 70−01, 70−02, 70−03 номерли машиналардаги қимматбаҳо радиоприёмникларни Ўзбекистон ССР Автомобиль транспорти ва Тошйўллар министри ўртоқ Стрельцов, унинг ўринбосарлари Отрошенко, Хўжаев ва Бобохонов ҳамда таксомотор паркининг директори Здрайковскаялар ўз машиналарига ўрнатиб олдилар…

Бобом қариб мияси ачиб қолган, оғзига келганини қайтармай алжияпти деб ўйлама. Орамизда битта-яримта шунақа, ёмон ярадек бемаъни одамлар бўлган. Хуллас, сен туғилгунча ана шундай олтинчи бармоқдек ортиқча кишиларни орамизда қолдирмасликка сўз берамиз, бу ишга астойдил бел боғладик. Хотиржам туғилавер, бўтам! Қулоқ сол, яна бир гап айтиб қўяй:

«…Водитель Бурдяков таксомоторни атайин бузиб қўйиб, йўловчилардан ортиқча ҳақ олганда қўлга тушиб қолган эди. Здрайковская Бурдяковни судга бериш ўрнига уни бош механик қилиб қўйди. У 6 ой машина ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлишига қарамай, ўз амали ва директорга эркалигидан фойдаланиб, кечалари „ЗИМ“ машиналарининг таксомоторларини атайин олиб қўйиб, тонг отгунча киракашлик қилиб юради…»

Яна таксомотор парки. Мотор ва ғилдираклари талон-торож қилинган 25 та янги «Победа» машина офтобда оқариб ётибди. Директор кабинетида музика садолари янграмоқда. Директори кўзини чирт юмиб, қўлбола чолғучиларнинг алмойи-алжойи куйлари мақомига тебранмоқда. Навбатчи механик оёқ учиб юриб, директор кабинетига келади.

— Маргарита Ивановна! Янги машиналар офтобда оқариб кетди, четга олиб қўйишга буйруқ берсангиз.

— Қўйинг мунақа гапларни, кайфимни бузманг, жонга тегди бу машиналар. Яхшиси, сиз ҳам ўтириб, музика эшитинг…

Шу гапларга ишонсанг ҳам, ишонмасанг ҳам ўзинг биласан. Негадир ҳали туғилмаган бўлишингга қарамай, қобилиятингга қараб ёзувчи бўлади, деган фикрдаман. Майли, ёзувчи бўл. Романлар ёзасан, албатта, тарихий роман ёз! Ўша тарихий романингда Тошкент таксомотор паркини алоҳида қайд қилиб ўт. Бу ҳақда сенга 44 йил аввал ҳужжатлар тайёрлаб қўйяпман. Маъқул бўлса романни шундай бошла:

«…Тошкентнинг обод ва серқатнов кўчаларидан шахматнусха такси машиналари уёқдан буёққа ўтиб турипти. Серҳашам «ЗИМ» машинаси олдида жанжал-тўполон. Шофёр бир йўловчи билан талашмоқда.

— «ЗИМ» машинаси бир километрга 2 сўм олади. 3 километр юрдингиз, 6 сўм тўланг!

Йўловчи ўжарлик қилиб, 6 сўм ўрнига 4 сўм 50 тийин ташлади.

— Ўртоқ йўловчи, «Победа» машинаси 1 сўмдан олади. Ахир биз 2 сўмдан оламиз. Гапга тушунасизми-йўқми?

— Машинангизда радиоприёмник йўқ. Ўриндиқларда ғилоф йўқ. Бунинг учун ҳам сизга «Победа» баҳосида ҳақ тўлайман.

Бу ишга милиционер аралашди.

— Ўртоқ милиционер! Бу кишига тушунтиринг!

— Ўзим тушунган одамман, тушунтиришнинг ҳожати йўқ. Радиоприёмник министр ҳамда ўринбосарларининг машинасида экан. Қолган бир ярим кира ҳақини ўшалар тўлаб қўйсинлар.

Бу ҳақли даъво олдида шофёр ҳам, милиционер ҳам бир нима деёлмай қолди. Йўловчи ўз йўлига кетаверди…

… Тошкентнинг Эски Жўва майдони. Молбозор куни. Шаҳарнинг ҳамма бурчагидаги такси машиналари шу ерга тўпланган… «Победа»ларнинг оппоқ ўриндиқларида қўй-қўзилар бир-бирига суйкалишиб Чуқурсой бозорига маъраб қатнаб туришипти…

… Дам олиш кун. Яна ўша Эски Жўва майдони. Чайқов бозорига қатнаб турган такси машиналарига одам сиғмайди. Масофаси бир километр-у 150 метр бўлган жойга шофёрлар 2 сўм ўрнига 12 сўмдан санаб олиб туриптилар…"

Ҳурматли чеварам! Қолганини ўзинг келиштириб ёз! Бошқа гапларни кейинги хатимда айтаман. Биздан ва биз яшаётган даврнинг энг яхши кишиларидан улуғ жамиятнинг гражданларига салом айт!

Салом билан бобонг: Саид Аҳмад.
«Муштум» журналининг 1955 йил октябрь сони.