Ҳозирги шиддатли дунёда биз дам олишга деярли эътибор бермаймиз, аксарият ҳолларда эса ҳордиқ чиқаришни ишлаш тушунчасига қарама-қарши ҳолат деб фикрлаймиз. Аслида эса дам олиш ҳам ҳудди меҳнат каби муҳимдир. Яхши дам олиш нега бунчалик муҳим? Бунинг ишга қандай таъсири бор? Биз дам олиш ва ишлаш ўртасидаги балансни қандай қилиб тўғри ушлашимиз мумкин? «Газета.uz» тўрт кунлик иш ҳафтаси тарғиботчиси Алекс Сучжон-Ким Паннинг Psyche сайтида эълон қилинган «Қандай қилиб яхши дам олиш мумкин?» мақоласини ўзбек тилида эътиборингизга ҳавола этади.

Дам олишга нисбатан муносабат қандай ўзгарди?

Бизнинг ҳар доим қаергадир шошаверадиган ва ҳеч қачон ухламайдиган дунёмизда одамлар дам олишга унчалик эътибор бермасликка одатланишган. Аммо бир вақтлар дам олиш ва иш пайтида сарфланган ақлий ва жисмоний ресурсларни тўлдириш имконияти жуда қадрланган. Масалан, Арасту учун меҳнат оғир зарурат эди. У инсон фақат ҳордиқ чиқариш вақтида такомиллашади, ақлий ва ахлоқий фазилатлари ривожланади, деб ҳисобларди. XX аср ўрталарида раввин Абрам Хешел яҳудийлар учун шанба (шаббат) фақатгина иш ҳафтасидаги танаффус эмаслигини ёзган. Бу «бизнинг вақтдан… қалб, қувонч ва оқилона сукунатдан қурадиган саройимиздир». Дам олиш фалсафадан йироқ бўлган инсонлар учун ўзлари ёқтирган иш билан шуғулланиш имкониятини берарди. 1759 йилда АҚШнинг бўлажак биринчи президенти Жорж Вашингтон нафақага чиққач, Маунт-Вернондаги оилавий мулкини тартибга солишга киришди. Тарихчи Уильям Эбботнинг фикрича, «бу машғулот Вашингтонга уруш ёки сиёсатдан кўра кўпроқ таъсир қилди».

Бугунги кунда дам олишни одатда ишлашга қарама-қарши ҳолат сифатида қабул қилишади. Замонавий одамлар учун иш ҳаётнинг муҳим қисми ҳисобланувчи актив фаолиятдир. Меҳнат сизга ўзингизни англашга ва муҳимлигингизни исботлаш имконини беради. Бен Ҳоровицнинг «Биз — бу бизнинг нима билан шуғулланишимиздир» номли бестселлери каби машҳур китоблар ишлаш ва мавжуд бўлиш ўртасида тенглик белгисини қўяди. Иш — бу шарафдир, у бизга бошқаларга нисбатан маънавий устунлик беради. Дам олиш эса ҳаётни бўш ва мазмунсиз қилади. Мен одамлар дам олишни камдан-кам ҳолларда мустақил ҳодиса сифатида қабул қилишларини пайқадим. Улар учун бу сўз салбий маънога эга ва ҳеч қандай фойдали машғулот билан шуғулланмаётганликни англатади.

Дам олиш нимага керак?

Тўлиқ ҳаёт билан яшаш ҳамда муваффақиятли мартаба учун дам олиш xудди иш каби муҳимдир. Ҳаддан ташқари юк ходимга ҳам, иш берувчига ҳам зарар етказади. Тўғри дам олишнинг етишмаслиги профессионал чарчоққа ва меҳнат унумдорлигининг пасайишига олиб келади. Агар биз энг муваффақиятли олимлар, ёзувчилар, ҳарбий раҳбарларнинг таржимаи ҳолига назар ташласак, улар замонавий саноатлашган Ғарб давлатларининг кўплаб аҳолисидан анча кам ишлаганликларини ҳамда ҳар доим қувватни тиклаб олиш ва жадал меҳнатни тартибга солганини кўрамиз.

Қиролича Виктория давридаги инглиз ёзувчиси Жон Леббок ўзининг «Ҳаёт идеаллари: оқилона ва фойдали яшаш маҳорати» номли китобида шундай ёзган эди: «Дам олиш дангасалик эмас; баъзан қуёшли ёз кунида дарахт остидаги ўтлар устида ётиш, сув оқимининг шовқинини тинглаш ёки кўк осмон бўйлаб сузаётган булутларни томоша қилиш фойдали. Бундай дам олиш вақтни беҳуда ўтказиш ҳисобланмайди».

Леббок нима ҳақида гапираётганини яхши билган. У машҳур археолог эди: «Неолит» ва «Палеолит» атамаларини илмий муомалага киритган ва Эйвбери-Хенж тош даври ёдгорлиги жойлашган жойни қурилишлардан сақлаб қолиш мақсадида ўз маблағига ер сотиб олган. Бундан ташқари, у жуда муваффақиятли ва илғор молиячи, парламент аъзоси ва банк учун дам олиш кунлари тўғрисидаги қонуннинг муаллифи эди. Шу билан бирга, Леббок ҳар доим Кентда жойлашган оилавий ерларда дам олишга вақт топарди. У ерда крикет ўйнарди, дўстлари билан мулоқот қиларди ва қўшниси Чарльз Дарвин билан илмий масалаларни муҳокама қиларди.

Психология ва неврология соҳасидаги сўнгги тадқиқотлар дам олишга нисбатан бундай ёндашув тўғри эканлигини тасдиқлайди. Бу сизга кучингизни тиклашга имкон беради, ижодкорликни рағбатлантиради ва мияга янги ғояларни яратишга ёрдам беради. Буларнинг барчаси узоқ ва барқарор ҳаёт кечириш учун шароит яратади. Шунингдек, олимлар фаол дам олиш ҳеч нарса қилмасликдан кўра фойдалироқ эканлигини аниқлади. Дам олишдан максимал фойда олишни худди бошқа кўникмалар каби ривожлантириш ва яхшилаш мумкин.

Ўйлашимча, биз иш ва дам олишни бир-бирига қарама-қарши қўймаслигимиз керак. Ҳаётимизнинг бу таркибий қисмлари бир-бирига боғланган ва бир хил даражада муҳим. Ишсиз дам олиш мумкин эмас ва аксинча. Тўлиқ ҳаёт билан яшашимиз учун биз ўрганишимиз ва самарали ишлашимиз, яхши дам олишимиз керак.

Нима қилмоқ керак?

Дам олиш — худди нафас олиш ёки югуриш кабидир. Буни қандай қилишни ҳамма билади, лекин ҳамма ҳам буни тўғри бажармайди. Агар сиз самаралироқ дам олишни ўргансангиз, бу ҳаётингизнинг барча жабҳаларига ижобий таъсир қилади. Профессионал сузувчилар ва буддист роҳиблар куч ёки ақлий равшанликни сақлаб қолиш учун тўғри нафас олиш кўникмаларини ривожлантиришади. Доимо банд бўладиган замонавий одамлар ақлий ва жисмоний қувватларини зарядлаш ва ижодкорликни ошириш учун бўш вақтларини тўғри ташкил қилишни ўрганишлари керак. Бунинг учун нафақат янги яхши одатларни шакллантириш, балки умуман дам олишга бўлган муносабатни ҳам ўзгартириш керак.

Дам олиш — жиддий масала

Аввало, дам олиш жиддий ва муҳим масала эканлигини узил-кесил тушуниб олишингиз керак. Ҳозир одамларнинг бўш вақтини ўтказиш учун имкониятлар унчалик кўп эмас. Биз доимо нимадир қилишга ёки бажарилган ишни қайтадан бажариш ва яхшилашга ҳаракат қиламиз. Дам олишдан тўлиқ завқлана олиш учун эса сиз бўш вақт топа олишингиз керак. Бунинг учун сиз нафақат иш жадвалингизни, балки бутун турмуш тарзингизни ҳам ўзгартиришингиз талаб этилиши мумкин.

Тақвимингизга қаранг: унда кундалик вазифалар, муддатлар ва иш учрашувларидан ташқари бирор нарса борми? Агар йўқ бўлса, мунтазам ва сифатли дам олиш учун вақтни киритинг. Агар сиз жуда банд бўлсангиз — бўш вақт пайдо бўлиши учун нимани қурбон қилишингиз мумкин? Бу масалага ижодийроқ ёндашинг. Эҳтимол, дўстингиз бордир, у билан сиз бир-бирингизга шахсий ишларни қилиш имкониятини бериш учун болаларга навбат билан қарашингиз мумкиндир. Ёки, дам олишни оилавий устуворликларингиздан бирига айлантириш учун жуфтингиз билан келишиб олишингиз керак.

Қатъий чегараларингизни белгилаб олинг

Юқори даражадаги стрессли ишхоналарда ишловчиларда иш ва шахсий ҳаёт ўртасида барқарор мувозанат бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Мунтазам дам олиш кунлари ва тўлиқ таътиллар касбий чарчоқ юзага келиши хавфини камайтиради. Таътилни олдиндан режалаштириш шарт эмас — муҳими, унинг мавжудлигидир.

Иш ва дам олишни бир-биридан ажратишга ҳаракат қилинг. Бу осон эмас, чунки биз доимо ўзимиз билан битта смартфоннинг ўзида бутун офисни олиб юрамиз. Болалар майдончасида сайр пайтида иш билан боғлиқ ёзишмалари қилманг. Сиз болангизни ҳам кузата олмайсиз ва диққатингизни ишга ҳам қарата олмайсиз. Шошилинч равишда ёзилган бизнес-мактуб даромадли шартномани имзолашга ёрдам бериши даргумон. Аниқ чегаралар сизга янада муваффақиятли ишлаш ва самаралироқ дам олиш имконини беради. Энг муҳими, уйқуни яхшилаш ва ўзингизни оддий ҳафта охири ва дам олиш билан таъминлашдир.

Бошланишига кечқурун ва дам олиш кунлари ишга доир телефон суҳбатларидан ва электрон почтани текширишдан воз кечишга ҳаракат қилиб кўринг. Шу билан бирга, иш куни давомида чалғимасликка ҳаракат қилинг. Шунингдек, мунтазам равишда бошқа одамлар билан дам олиш имкониятини қидиринг. Сиз ҳар куни оилангиз билан сайрга боришингиз ёки ойига бир марта дўстларингиз билан учрашишингиз мумкин — бу изчиллик режаларингизга содиқ қолишга ва ўзингизни унутиб қўймасликка ёрдам беради.

Дам олиш ҳам бир кўникма

Агар сиз кўп меҳнат қилсангиз, қисқа муддатли дам олишлардан тез натижа кутманг. Эсингизда бўлсин, дам олиш — бу амалиёт билан яхшиланиб борадиган маҳоратдир. Янги ишга кўникишимиз ёки таътилдан тўлиқ завқланишни бошлашимиз учун бир неча кун керак бўлганидек, онгимиз дам олиш кучидан фойдаланишни бошлаши учун ҳам бизга вақт керак бўлади.

Менга, масалан, кун давомида дам олишга имкон берадиган тонгда эрта туришнинг устунликларини ҳис қилиш ёки иш пайтидаги мунтазам танаффусларнинг афзалликларини тушуниш учун бир неча ҳафта керак бўлди. Шунинг учун, агар сиз тезкор натижаларни кўрмаётган бўлсангиз, шошилманг, бироз вақт беринг.

Аммо сабр-тоқат билан кутишингизга қарамай, дам олишга бўлган ёндашувингиз натижа беравермаса, у ҳолда стратегиянгизни ўзгартириш ҳақида ўйлашингиз керак. Бу ўз дам олиш жараёнингизни ҳаддан ташқари назорат қилишингиз ёки сизни кейинги Уоррен Баффетга айлантирмаган бўлса, ёқимли вақтдан воз кечишингиз керак, дегани эмас. Дам олишдан кутаётган натижаларингизга нисбатан реал қаранг ва шуни унутмангки: сиз оддий инсонсиз ва ҳар қандай дам олиш нимадир олиб келади.

Иш ва дам олиш жадвалини ҳисобга оладиган кун тартибини яратинг

Кундалик тартибингизни ўзгартириш ва қайта қуриб чиқиш аҳамиятли натижаларга олиб келиши мумкин. Биз ким бўлиб ишлаётганимизга ва интроверт ёки экстроверт, тонгги тўрғай ёки тунги бойқушлар эканлигимизга қараб, ҳаммамиз ўз ишимизни турлича ташкил қиламиз. Бироқ, мен қуйидаги иккита маслаҳат деярли ҳамма учун фойдали эканлигини аниқладим.

Биринчидан, иш 90−120 дақиқалик интерваллардан иборат бўлиши ва 20−30 дақиқа дам олиш билан навбат алмашиб туриши керак. Нима бўлишидан қатъий назар, кўпчилик узоқ вақт давомида диққатни жамлашга қийналади (ёдда тутингки, чарчоқ кучайган сари унумдорлигингизни тўғри баҳолаш қобилияти пасаяди).

Иккинчидан, иш интервалларни шундай режалаштирингки, сизнинг энг муҳим вазифаларингиз кунингизнинг энг юқори маҳсулдорлик даврига (бу «циркадали максимумлар» деб аталади) тўғри келиши керак. Аксарият одамлар учун бу эрталаб энг муҳим вазифаларни бажаришни ва тушдан кейинга учрашувлар ҳамда кўпинча одатий ишларни қолдиришни англатади. Қачон ўзингизни энг бақувват ҳис қилаётганингизни тушуниш ва жадвалингизни шу асосда тузишингиз муҳимдир.

Кундалик тартибингиздан қатъи назар, ушбу асосий тамойиллар сизга кунни осонроқ режалаштиришга, самаралироқ ишлашга ва ижод учун энг яхши муҳитни яратишга ёрдам беради.

Қизиқарлироқ тарзда дам олинг

Уинстон Черчилл ҳам, машғулотни ўзгартириш шунчаки «ётиб, ҳеч нарса ҳақида ўйламаслик»дан кўра дам олиш ва ишга куч тўплашнинг анча самарали усулидир, дея таъкидлаган. Агар сиз фаол бўлишга одатланган бўлсангиз ва секинлашишга ўрганмаган бўлсангиз, бу яхши: фаол дам олиш ҳам пассив дам олиш каби фойдали бўлиши мумкин.

Қандай машғулот танлаш керак? Бу сизга боғлиқ, аммо Нобель мукофоти лауреатлари, бош директорлар ва муваффақиятли тадбиркорлар елканли қайиқда сузиш ёки чўққиларга чиқиш каби ҳайратланарли даражада кўп куч талаб қиладиган, кўп вақт оладиган ва ҳатто хавфли севимли машғулотларга эга. Бошқалар марафонлардан, тасвирий ёки мусиқадан ҳордиқ излашади. Сиз ўзингиз танлаган машғулотдан қатъий назар, у қизиқарли ва асосий ишингиздан бутунлай фарқ қилиши керак. Масалан, Черчилл учун тасвирий санъат дам олишнинг шундай шаклига айланган: бу, унинг сиёсий фаолияти каби, қатъий ҳаракат, аниқ тасаввур ва ажойиб маҳорат талаб қиларди. Бироқ, расм чизиш вербал эмас, балки визуал фаолият тури бўлганлиги билан ажралиб турарди ва Лейбористлар партияси бунга ҳеч қандай таъсир кўрсата олмасди.

Уйқунинг муҳимлигини унутиб қўйманг

1993 йилда швед психологи Андерс Эрикссон Берлин консерваториясида скрипкачилар билан суҳбат қурган ҳолда тадқиқот ўтказди ва унинг натижалари кейинчалик Малкольм Гладуэллнинг китобига «10 000 соат қоидаси» номи сифатида кирди. Эрикссон маълумотларига кўра, барча талабалар уйқуни академик самарадорликнинг муҳим омили сифатида баҳолашган, энг зўр талабалар кун давомида яхши ўқувчиларга қараганда кўпроқ ухлайди. Кўриниб турибдики, улар нафақат кўпроқ меҳнат қилишган, балки соғлиғини тиклаш учун кўпроқ ухлаб олишган. Улар тайёргарликни пухтароқ режалаштириб олиб, кун давомида ухлашган. 20 дақиқалик уйқу сизга кучли бир финжон қаҳваникига ўхшаш энергияни беради ва янги маълумотларни яхшироқ эслаб қолишга ёрдам беради. Агар ишингиз кун давомида ухлашингизга имкон бермаса ҳам, ухлаш вақтини мунтазам белгилаб, унга яхши тайёргарлик кўриш орқали уйқу жадвалингизни диққат билан кўриб чиқинг. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, соғлом уйқу жисмоний саломатликни, ҳиссий барқарорликни яхшилайди ва, шунингдек, деменцияга учраш хавфини камайтиради.

Бошқаларга ўрнак бўлинг

Ушбу маслаҳатларга амал қилишни бошлаганингизда, сизни ортиқча иш вақтининг зарурлиги ва аҳамиятига, бутун вақтингизни оладиган ва тинимсиз эътиборни талаб қиладиган ишларга жалб қилмоқчи бўлган раҳбарларга дуч келишингиз мумкин. Бутун дунё сизга ишнинг муҳимлигини айтганда, сиз «дам олиш ҳам муҳим» деб жавоб беришингиз керак.

Бундай ёндашув ҳамкасблар ва ҳатто турмуш ўртоқлар ўртасида тушунмовчиликларга олиб келиши мумкин. Тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтган компанияларнинг ҳисоблашича ва мен ўзимнинг «Қисқача» (2020) номли китобимда тушунтирганимдек, биз дам олиш муаммосини қанчалик тез ҳал қилсак, шунча яхши ишлай оламиз. Бу янги оилавий одатларни, дўстлар билан янги маросимларни ва ҳамкасблар билан янги кундалик тартибларни ривожлантиришни англатади. Мисол учун, йиғилишларни фақат тушдан кейин ўтказиш ва эрталабки вақтни энг муҳим вазифалар устида ишлашга ажратиш — агар бу борада умумий келишувга эриша олсангиз — ажойиб самара беради.

Ўзгаришлар юқоридан ҳам амалга оширилиши керак, шунинг учун мен бир неча бор ташкилот раҳбарларини иш ҳафтасини қисқартиришга чақирганман. Бунга қарор қилган компаниялар, қайси соҳа бўлишидан қатъи назар, қисқартирилган иш ҳафтаси ҳамма компанияга ўз ҳиссасини қўшадиган ва ҳамма учун яхши натижа берадиган, бировнинг таътили бошқасининг ҳисобига ўтиб кетмайдиган гуруҳ лойиҳасига айланди.

Хулосалар

  1. Тарихнинг катта қисми давомида бўш вақт имтиёз сифатида тан олиниб келинган. Фақат яқин вақтлардан бошлаб меҳнат ва бандлик муваффақиятнинг атрибутига айланиб қолди.
  2. Дам олиш муҳим. Бу сизга қувватингизни тиклаш имконини беради, ижодкорликни оширади ва самаралироқ ишлашга ёрдам беради.
  3. Дам олишга жиддий ёндашинг. Дам олишдан завқланиш учун бунга вақт ажратинг.
  4. Қатъий чегараларни белгилаб олинг. Дам олиш кунлари ва иш соатларидан кейин иш электрон почтаси ва телефонни текшириш вақтини қисқартиринг, дам олиш ҳақида унутманг. Иш ва шахсий вақт ўртасидаги мувозанатга эришиш иккаласини ҳам самаралироқ қилишини тушунинг.
  5. Дам олиш — бу кўникма. Мияга дам олиш кучидан фойдаланишни бошлаш учун вақт керак бўлади. Бунга вақт беринг.
  6. Иш ва дам олиш ўртасида алмашинадиган жадвал тузинг. Агар сизда жадвал жуда эркин бўлса, узоқ давом этадиган узлуксиз ишни режалаштирманг. Дам олиш сизга ишга қайтиш учун ёрдам беради, шунинг учун дам олиш ва иш тез-тез алмашиб туриши лозим.
  7. Қизиқарли тарзда дам олинг. Кўп сонли Нобель мукофоти лауреатлари, бош директорлар, тадбиркорлар жиддий севимли машғулотларига эга: елканли қайиқда сузиш, чўққиларга чиқиш, расм чизиш. Бундай ўйин-кулги сизга иш билан бирга завқ олиб келади, ишдан ягона фарқи — бунда стресс йўқ.
  8. Уйқуга эътиборсиз бўлманг. Кундузи ухлаш «батарея қувватингизни» тўлдиришнинг ажойиб усули бўлса, тунги яхши ҳордиқ жисмоний саломатлик, ҳиссий барқарорлик олиб келади ва соғлом қаришга ёрдам беради.
  9. Бошқаларга ўрнак бўлинг. Қанчалик кўп одамлар дам олишни ўрганса, жамият учун шунчалик яхши бўлади. Оилаларда муҳит яхшиланади, дўстлар билан янги машғулотлар ва ҳамкасблар билан янги кундалик тартиб юзага келади.

Яхши ишласангиз яхшироқ дам оласиз

Иш ва дам олиш бир хил даражада муҳим, шунинг учун яхши дам олиш йўлидаги қадамлардан бири самаралироқ меҳнат, вақтдан самарали фойдаланишдир. Бу сизга дам олиш учун кўпроқ вақт беради. Ўз иш кунини режалаштириши мумкин бўлган офис ходими учун (масофадан ишлайдиганлар учун бу янада қулайроқ) эрталаб тўғри тартиб ўрнатиш — дам олиш учун вақт топишнинг энг яхши усулларидан биридир.

Мен тунги бойўғлиман, шунинг учун коллеж ва аспирантурада мен кўпинча тушдан кейин ёки кечаси ишлардим, лекин ҳозир мен тонг отмасидан уйғонаман. Бу режимда 10 йил давомида мен учта китоб ёздим, компания ташкил қилдим ва энди кун давомида дам олиш учун етарли вақтим бор.

Мен иккинчи китобим устида ишлаётганимда зарурат туфайли эрта тура бошладим. Икки фарзандим, ишим бўлгани учун кечаси ёза олмас эдим. Кейин мен тескарисини қилишга ҳаракат қилдим: ҳамма ухлаётган пайтда ўрнимдан турардим. Биринчи ҳафталар, очиғини айтганда, қийин бўлди: тўшак ҳеч қачон бунчалик қулай ва илиқ бўлмаган. Бироқ, мен кўникиб қолганим сабабли, бу осонлашди ва мен сўзлар сони бўйича кундалик меъёримни бажараётганимни англадим (бу белгиланган муддатгача ёзиб улгуриш ғояси билан «ёнадиган» ҳар қандай ёзувчи учун муҳим нарсага айланади).

Кундузги соатлар — бу ижодкорликка тўла, сеҳрга тўла махсус вақтдир. Эрта туриш онгостининг эшигини очиқ қолдиради. Ярим уйқуда бўлганимда, баъзида ўзим билмаган, лекин ниҳоятда аниқ ва таъсирчан бўлиб чиқадиган фикрлар билан жумлаларни тугатаётганимни кўраман. Бошқалар ухлаб ётганида, мен учун диққатни жамлаш осонроқ. Ва агар мен иш учун ётоқдан туришим керак бўлса, мен ундан максимал даражада фойдаланишни хоҳлайман.

Мен усулимни такомиллаштиришни бошладим. Дам олишни ўрганиш учун жуда кўп тажрибалар ўтказишга тўғри келади ва мен келгуси бир неча ой ичида бир қатор асосий омилларни белгилаб олдим. Агар шунга ўхшаш ёндашувни синаб кўрмоқчи бўлсангиз, мен қуйидагиларни таклиф қиламан.

Биринчидан, кечқуруннинг ўзида тайёргарлик кўриб қўйинг. Мен қаҳва қайнатгични созлаб қўяман, кийимларимни тахлаб қўяман, каравот ёнига шиппакни қўяман, иш жойимни тартибга келтираман ва ҳатто плейлистим учун мусиқа танлайман. Буларнинг барчасини фақат компьютер олдига келганимдагина бошимни ишлатишга тўғри келиши учун қиламан. Қанчалик пухта тайёргарлик кўрсам, кечаси қанча кўп қарорлар қабул қилсам, ишга шунчалик тез киришаман. Бу менинг яна ётоққа қайтиш эҳтимолимни камайтиради.

Иккинчидан, кейинги кун учун ишларингизни режалаштиринг. Кечаси ётишдан олдин мен компьютерда эрталабки дастлабки учта вазифа ёзиб қолдирилган эслатма қолдираман. Шундай қилиб, мен нима устида ишлашни танлашга уриниб, азобланмайман, балки ўзим учун қолдирган кўрсатмаларга амал қиламан. Китоб ёзаётганимда мен буни боб, бўлим ёки хатто параграфни якунлаб тугатмайман. Бунинг ўрнига мен гап ўртасида тўхтайман. Бу ғалати туюлиши мумкин, аммо эртаси куни эрталаб ишни шу жойидан давом эттириш осонроқ.

Биз ухлаётганимизда мия муаммоларни ҳал қилиш устида ишлашда давом этиши ҳақида далиллар мавжуд. Бир иборани тугалланмаган ҳолда қолдириб, сиз янги ғоялар билан уйғониш эҳтимолини оширасиз. Инглиз комедиячиси Жон Клиз талабалик чоғида бу усулдан қандай фойдаланганини эслайди. «Эртаси куни эрталаб ўнта ҳолатдан тўққизтасида мен ҳазилни қандай тугатишимни билардим. Нега бунчалик осон эканлигини ҳам тушунолмасдим», -дейди у.

Ниҳоят, эҳтимол, энг муҳими, тонгдан олдинги иш дам олиш учун кўпроқ вақт қолдиради. Мен эрталаб соат 5 да бошқалардан яхшироқ бўлиш учун эмас, балки иш кунимнинг энг оғир қисми нонуштагача тугаши учун уйғонаман. Кун давомида мен итлар билан сайр қилишим, машқ қилишим ёки ухлашим мумкин. Қаттиқ меҳнат ва дам олишни бир-бири билан навбатма-навбат амалга ошириш фақат энг асосий ишни биринчи бўлиб ҳал қилсангизгина ўз самарасини беради. Клиз ёзганидек, унинг эрталабки хаёллари «олдинги иш кунига боғлиқ эди … Мен шунчаки кечки овқатни тановул қилиб, ухлаб, кейин маълум бир ғоя билан уйғона олмасдим. Мен бу ҳақида узоқ вақт ўйлашимга тўғри келар эди».

Менинг эрталабки тартибим барқарорлашган бўлса-да, бу билан тажриба қилишдан тўхтаб қолмадим. Эртами-кечми, тизим ўз самарадорлигини йўқотиши мумкин, чунки мия ўзгаришларга мослашади. Хронотиплар, тўрғай ёки бойўғли эканлигингиз ёшга қараб ўзгариши ва ишингизга боғлиқ бўлиши мумкин. Аммо шундай бўлган тақдирда ҳам, мен шундай тизим яратганим, менда янгисини яратиш имконияти борлигини англатади. Биз ғояларни улар нафақат ҳозирги вақтда бизга ёрдам бериши учун, балки келажакда бундан-да яхшироқ ғоя ёки нарса яратишимиз учун ҳам ўйлаб топамиз.

Бу орада мен қаҳва қайнатгични созлайман, эрталабки кийимларимни тайёрлайман ва ўзимга ишлар рўйхати ёзилган эслатмани қолдираман. Мен ўзим яратган тизим туфайли пайдо бўладиган дам олиш вақтини кутаман.