Халқаро суд Жанубий Африканинг Исроилга қарши иши бўйича ўзининг биринчи қарорини чиқариб, Исроил ҳукуматига Ғазо секторида геноцидга олиб келадиган хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш учун барча чораларни кўришни буюрди. Суд зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирмади.
Европа Иттифоқида қазиб олинадиган ёқилғидан чиқадиган карбонат ангидрид (CO2) эмиссияси ўтган йили сўнгги 60 йилдаги энг паст даражага тушди. Бу натижага асосан «яшил» энергиядан фойдаланиш ҳисобига эришилди.
Швециянинг НАТОга аъзо бўлиши ҳақидаги ҳужжат Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған томонидан имзоланди. Швециянинг альянсга қўшилиш аризасини ратификация қилмаган фақатгина Венгрия қолди.
Япония суди 2019 йилда Kyoto Animation аниме студиясига ўт қўйишда айбланган шахсни ўлимга ҳукм қилди. Ёнғин оқибатида 36 киши ҳалок бўлган, 30 дан ортиқ киши жароҳатланганди. Воқеа мамлакатдаги энг даҳшатли қирғинлардан бирига айланган. Судланувчи студия унинг ишини ўғирлаган деб ҳисоблаган.
Бир неча йил ичида Африка тез кенгайиб бораётган терроризмнинг глобал марказига айланиб қолди, деди БМТ раҳбари. У халқаро ҳамжамиятни бу «жаҳаннамга қарши у назорат остидан чиқиб кетмай туриб, ҳозир курашишга» чақирди.
Саудия Арабистонида узоқ йиллардан бери илк бор спиртли ичимликлар дўкони очилади. У ерда мусулмон бўлмаган давлатларнинг дипломатлари ичимлик сотиб олиши мумкин бўлади. Шу орқали расмийлар дипломатик ваколатхоналар почта орқали келадиган спиртли ичимликларнинг ноқонуний савдосига қарши курашмоқчи.
Белгород вилоятида Россиянинг Ил-76 ҳарбий самолёти қулаб тушди. Унинг бортидаги 74 киши, хусусан, алмашиш учун олиб кетилаётган 65 нафар украиналик ҳарбий ҳалок бўлгани айтилмоқда. Россия ҳолатни теракт деб атади ва бунда Украинани айбламоқда. Зеленский эса халқаро тергов ўтказишни талаб қилди.
Исроил ва ҲАМАС гаровга олинган исроилликлар ва фаластинлик асирларни озод қилиш эвазига Ғазода бир ой давомида ўт очишни тўхтатишга принципиаль жиҳатдан келишиб олди. Битимга томонлар ўртасидаги урушни қандай тугатиш бўйича келишмовчиликлар тўсқинлик қилмоқда, деб ёзди Reuters.
Қирғизистон ҳукумати томонларнинг ярашуви туфайли зўрлаш билан боғлиқ суд ишларини ёпишни тақиқлади. Жиноятларнинг даъво муддати ва гаров эвазига озод қилиш имконияти ҳам бекор қилинди.
Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида қизамиқ билан касалланишнинг «ташвишли ўсиши» кузатилмоқда. ЖССТ шошилинч эмлаш ишларини олиб боришга чақирмоқда. Ўзбекистонда ўтган йили қизамиқ билан касалланиш бўйича 1026 та ҳолат қайд этилган бўлса, 2022 йилда кўрсаткич атиги саккизтани ташкил этган.
Кеча тунда Хитойда кучли зилзила содир бўлди. Унинг кучи Олмаотада 5 баллни ташкил қилди. Шаҳар аҳолиси ваҳима ичида кўчаларга югуриб чиқди, йўлларда тирбандликлар юзага келди. Олмаоталиклар тунда қандай омон қолгани — «Газета.uz» материалида. Биз воқеа гувоҳи билан суҳбатлашдик.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлат қарзи, сув тақчиллиги, Қамбарота-1 ГЭС ва Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши масалалари ҳақида интервью берди. «Оқим манбаида турибмиз ва сув бермаймиз, деб баҳслашиш — бемаънилик», — дея таъкидлади у.
Россия қўшинларининг Украина шаҳарлари, жумладан, Киев ва Харьковга берган йирик ракета зарбалари туфайли камида 5 киши ҳалок бўлди, 60 га яқин киши жароҳатланди.
Ўзбекистон омбудсмани Екатеринбургда ўрдаксимон юришга мажбурланган меҳнат мигрантларининг камситилгани юзасидан Россия омбудсманига мурожаат қилди. Улардан қанчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлганига аниқлик киритилмаган. Қирғизистон ТИВ эса «Россия федерал органлари даражасида» иш қўзғатган.
Европа Иттифоқи Исроил Ғазо бўйича Брюссель таклиф қилган тинчлик режасидан бош тортишда давом этса, бунинг оқибатларини аниқлаштириб олмоқчи. Режа мустақил Фаластин давлатини тузишни назарда тутади.
Россиялик продюсер, «Газпром-медиа» бош директори ўринбосари Тина Канделакига Қозоғистонга кириш тақиқланмоқда. Бунга унинг Қозоғистондаги темирйўл вокзаллари номи ўзгартирилишини рус тилини давлат даражасида сиқиб чиқариш деб баҳолагани ва «манқуртлик» ҳақидаги пости сабаб бўлди.
Гая-Тошкент йўналиши бўйича парвоз қилган Россиянинг хусусий Falcon 10 самолёти қулаши оқибатида тўрт киши омон қолди. Тирик қолганлар фақат экипаж аъзолари бўлиб, яна 2 нафар йўловчини қидириш ишлари олиб борилмоқда.
Европа Иттифоқи Украинага ҳарбий ёрдам бўйича янги режани кўриб чиқади. Бунинг учун махсус фонд ташкил этилиши, унга Европа тинчлик фондидан 6,5 млрд евро ажратилиши, 2024−2027 йилларда эса йилига 5 млрд евродан ўтказиб борилиши режалаштирилмоқда.
2023 йилда республикачилар партиясидан номзодлик учун курашда Дональд Трампга асосий рақобатчи деб кўрилган Рон Десантис президентлик кампаниясини тўхтатди. Флорида губернатори ўз тарафдорларини Трампга овоз беришга чақирди.
Ҳиндистоннинг Гая шаҳридан Тошкент орқали Россияга чартер рейсини амалга ошираётган Россиянинг Falcon самолёти Афғонистонда ҳалокатга учради. Ҳаво кемаси Афғонистон ҳаво ҳудудида радарлардан ғойиб бўлган. «Росавиация» бортда олти киши борлигини хабар қилди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг