Африка терроризмнинг глобал эпицентрига айланиб қолди, ИШИД, «Ал-Қоида» каби гуруҳлар ва уларнинг бўлинмалари маҳаллий можаролардан ўз мақсадлари йўлида фойдаланмоқда, деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.

«Бир неча қисқа йил ичида Африка терроризмнинг глобал марказига айланиб улгурди. Бу жаҳаннам кенгайиб бормоқда ва миллионлаб африкаликларни қамраб олмоқда», — деди у БМТнинг терроризмга қарши кураш бўйича глобал келишуви йиғилишида.

Гутерришнинг таъкидлашича, террористик таҳдид Сомали, Конго Демократик Республикаси, Мозамбик ва бутун Саҳел зонасида (Африкадаги минтақа) фаоллигича қолмоқда.

«Хавф тезлик билан Бенин ва Того каби соҳилбўйи мамлакатларига тарқалмоқда. Хавотирли тенденция аниқ кўриниб турибди… Ҳар қандай ҳолатда ҳам энг катта зарарни аҳоли, якунда эса бутун инсоният кўради», — дея таъкидлади БМТ раҳбари.

Гутерриш жаҳон ҳамжамиятини «жаҳаннамга қарши у назорат остидан чиқиб кетмай туриб, ҳозир курашишга» чақирди. Унинг сўзларига кўра, терроризмга қарши курашда асосий эътибор барқарор, инклюзив ривожланиш ва инсон ҳуқуқларига қаратилиши керак.

«Изоляция, тенгсизлик, мактаб таълими ҳуқуқининг чеклангани, иш билан таъминланиш имкониятларининг йўқлиги, ҳукуматга, институтларга ва қонун устуворлигига ишончнинг йўқолиши, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва жазонинг муқаррар эмаслиги — бу ҳолатлар биргаликда терроризмнинг тарқалишига ёрдам беради. Биз бу аёвсиз думалоқ доирани тугатишимиз керак», — деди БМТ раҳбари.

Гутерриш, шунингдек, Африка «потенциалга тўла қитъа» эканини, аммо бу потенциални фақат терроризмни енгиш орқали реализация қилиш мумкинлигини қўшимча қилди.