Европа парламенти ҳаво сифатининг ЖССТ тавсияларига яқинроқ бўлган янги стандартларини қабул қилди. Расмийлар бу чора Европада бевақт ўлимлар сонини сезиларли даражада камайтиришга ёрдам беради, деб умид қилмоқда.
АҚШнинг етакчи университетларида Фаластинни қўллаб-қувватлаш намойишлари давом этмоқда, талабалар кампусда чодирлар лагерлари қурмоқда. Бир қатор университетлар маъмуриятлари полицияга мурожаат қилди, ўнлаб намойишчилар қамоққа олинди.
Германия прокуратураси Марказий Осиёнинг етти фуқаросини террорчилик гуруҳи тузиш ва ИШИДни қўллаб-қувватлашда айблади. Улар ўтган ёздан бери ҳибсда сақланмоқда.
800 мингга яқин одам Буэнос-Айрес кўчаларига чиқиб, давлат университетлари ривожига сарфланадиган харажатларни қисқартиришга қарши чиқди. Университетларни молиялаштиришни камайтириш қарори Аргентина президенти Хавьер Милей ташаббуси билан қабул қилинганди.
АҚШ Сенати Вакиллар палатасидан сўнг Украина, Исроил ва Тайванга 95 млрд долларлик ёрдам ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Лойиҳа юзасидан келишиб олишга салкам олти ой вақт кетди. Президент Байден ҳужжатни дарҳол имзолашга ваъда берди.
АҚШ Хитойнинг бир қатор банкларини жаҳон молия тизимидан узиб қўйиши мумкин бўлган санкцияларни ишлаб чиқмоқда. Вашингтон бу Хитойни Россия ҳарбий саноатини қўллаб-қувватлашни тўхтатишга мажбур қилишига умид қилмоқда, деб ёзади Wall Street Journal.
Қозоғистон ҳукумати TikTok платформасини блоклаш масаласини кўриб чиқмоқда. Уларнинг фикрича, ижтимоий тармоқлар орасида мамлакатда тарқатиш тақиқланган материаллар сони бўйича айнан TikTok етакчилик қилмоқда.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқотда Қозоғистоннинг қатор вилоятларида содир бўлган сув тошқинлари муносабати билан кўрсатилаётган ёрдам ва биродарлик учун миннатдорлик билдирди.
Россия ҳарбийлари Украинанинг Харьков шаҳридаги телеминорага ракета ҳужуми уюштирди. Видеотасвирлардан телеминоранинг юқори қисми қандай қулаб тушганини кўриш мумкин.
Қозоғистон президенти чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари ва электрон сигареталар, уларнинг суюқликларини олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотишни, шунингдек, реклама қилишни тақиқловчи қонунни имзолади.
Ҳиндистонда 44 кун давом этадиган парламент сайловлари бошланди, унда салкам 1 млрд сайловчи иштирок этади. Сўровлар бош вазир Нарендра Моди бошчилигидаги ҳукмрон Бҳаратия Жаната партияси ғалаба қозонишини башорат қилмоқда, шундай бўлса, Моди кетма-кет учинчи муддатга қайта сайланиши мумкин.
2023 йилда дунё бўйича ҳарбий харажатлар 6,8 фоизга ўсиб, 2,44 трлн доллардан ортиқни ташкил этди, дейилади SIPRI ҳисоботида. АҚШ, Хитой ва Россия энг кўп ҳарбий харажат қилган давлатлар бўлди. Россиянинг харажатлари СССР парчаланганидан буён энг юқори даражага етди.
ЖССТнинг таъкидлашича, парранда гриппи вирусининг сутэмизувчилар, жумладан, одамлар орасида тарқалиши жиддий муаммо туғдиради. Инфекция одамдан одамга юқмайди, лекин уни юқтирган одамлар орасида ўлим даражаси юқори ҳисобланади.
Хитой ҳукумати талаби билан Apple WhatsApp, Telegram, Signal, Line ва Threads мессенжерларини App Store’дан олиб ташлади. The Wall Street Journal’нинг таъкидлашича, иловалар уларда ХХР етакчисига нисбатан «шубҳали» ҳаволалар борлиги сабаб ўчирилган.
АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Фаластиннинг ташкилотга тўлақонли аъзолигига оид резолюция лойиҳасига вето қўйди. Фаластин айни дамда БМТда кузатувчи давлат мақомига эга.
Исроил дронлар орқали, Эрон расмийларига кўра, Исфаҳон шаҳри яқинидаги ҳарбий ҳаво базасига зарба берди. Ҳужум пайтида портлаш овозлари эшитилган, ҳудуддаги ядровий иншоотларга зарар етмаган. Исроил мудофаа кучлари бу зарбага изоҳ бермади.
Россиянинг ракета ҳужумлари оқибатида Украина деярли барча иссиқлик электр станцияларини йўқотди, атом электр станциялари эса ўққа тутилиш хавфи остида, деди президент Владимир Зеленский. У яна иттифоқчиларни мамлакатни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлашга чақирди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида одамлар ва контрабанда товарларни қўшни давлатга ноқонуний олиб ўтишда фойдаланилган ерости туннели аниқланди. У ердан ўтаётган икки давлат фуқаролари қўлга олинди.
Грузия парламенти мамлакатда оммавий норозиликларга сабаб бўлган «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Президент Саломе Зурабишвили вето қўйишга ваъда берди, аммо ҳукмрон партия уни четлаб ўтиши мумкин.
БААда сўнгги 75 йил ичида рекорд даражада ёғингарчилик кузатилди. Дубай бундан энг кўп зарар кўрди — кўча, уйлар, савдо марказлари ва аэропорт сув остида қолди. Ҳодисани ҳукумат қурғоқчил иқлимда ёмғир чақириш учун фойдаланадиган булут экиш ишлари келтириб чиқарган бўлиши мумкин, деб ёзди Bloomberg.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг