Қидирув-қутқарув хизмати Ҳиндистоннинг Гая шаҳридан Тошкентга йўл олган, бироқ Афғонистонда ҳалокатга учраган Falcon 10 самолётини топди, деб хабар берди Федерал ҳаво транспорти агентлиги.

Самолёт бортидаги олти кишидан тўрт нафари тирик, улар турли тан жароҳатлари олган. Яна икки кишининг тақдирига ойдинлик киритилмоқда.

Telegram`даги Mash ва Baza каналлари хабарига кўра, самолёт бортида россиялик тадбиркорлар Анна ва Анатолий Эвсюковлар бўлган. Улар Таиландда дам олаётганида Анна Эвсюкова касал бўлиб қолган ва касалхонага ётқизилган. Аммо шифокорлар даволанишни уйда давом эттиришни тавсия қилишган. Шундан сўнг, қайтиш учун хусусий самолёт ижарага олинган.

21 январь оқшомида Mash омон қолганлар орасида фақат экипаж аъзолари бўлгани, эр-хотин вафот этгани ҳақида хабар берди. Канал маълумотларига кўра, йўловчиларга ҳамроҳлик қилган тиббиёт ходими энг яқин қишлоққа етиб бориб, имо-ишоралар ёрдамида маҳаллий аҳоли билан мулоқотга киришган. 22 январь куни эрталаб канал омон қолганларни олиб кетиш учун Россия вертолёти учиб кетганини маълум қилди.

Федерал ҳаво транспорти агентлиги ҳалокатга учраган самолётнинг Gazpromavia. билан боғлиқлиги ҳақидаги маълумотни рад этди. «Транспорт „Атлетик Групп“ МЧЖ ва хусусий шахсга тегишли», — дейилади хабарда.