Россиянинг Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январь куни эрталаб Белгород вилоятида қулаб тушди. Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, бортда 74 киши бўлган: Белгородга алмашиш учун олиб кетилаётган 65 нафар украиналик ҳарбий асир, шунингдек, 6 нафар экипаж аъзоси ва уларнинг 3 нафар ҳамроҳи. Уларнинг барчаси, Россия расмийларига кўра, вафот этган.

«Медуза» нашрининг ёзишича, Россия Мудофаа вазирлиги Ил-76 ҳалокатини теракт деб атади ва бунда Украина ҳарбийларини айблади. Украина ҳукумати ҳалокат учун жавобгарликни ўз зиммасига олгани йўқ, аммо самолёт ҳалокатида Россияни айбламади. Украина ҳарбий разведкаси 24 январь куни Москва ва Киев асирларни алмашишга тайёрланаётганини тасдиқлади ва Украина томонида Ил-76 бортида ким бўлгани ҳақида ишончли маълумотлар йўқлигини қўшимча қилди.

Россия матбуотига кўра, шу куни жами 192 нафар украиналик ҳарбийни 192 нафар россиялик ҳарбий хизматчига алмаштириш режалаштирилганди. Telegram`даги Mash каналининг хабар беришича, Ил-76 бортида «Азов» батальонининг камида 12 нафар вакили ва яна 53 нафар украиналик ҳарбий бўлган.

Халқаро тергов ўтказиш талаби

Украина президенти Владимир Зеленский, Россия расмийларига кўра, украиналик ҳарбий асирларни алмашиш учун олиб кетаётган Ил-76 рус ҳарбий самолёти ҳалокати ҳақидаги илк хабарлардан 12 соат ўтиб, фалокат бўйича муносабат билдирди.

Зеленский Украина Ил-76 ҳалокати бўйича «халқаро тергов ўтказилишини талаб қилишини» айтди. У самолётни ким уриб туширган бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирмади.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, у Украина Мудофаа вазирлиги, Украина Қуролли кучлари, Украина хавфсизлик хизмати ва ҳарбий разведка вакилларига қўнғироқ қилиб, самолёт ва асирларни алмашиш билан боғлиқ вазият бўйича ҳисоботларини тинглаган.

«Кўриниб турибдики, россияликлар украиналик маҳбусларнинг ҳаёти, уларнинг яқинларининг ҳис-туйғулари ва жамиятимиз ҳиссиётлари билан ўйнашмоқда. Иложи борича аниқ фактларни олиш керак. Айниқса, самолёт Россия ҳудудида — бизнинг назоратимиздан ташқарида қулаганини ҳисобга олсак. „Фактлар“ — ҳозир асосий сўз. Ҳарбий ҳаво кучларидан фойдаланиш бўйича Бош қўмондон ва Бош штабни тингладим. Бош разведка бошқармаси барча маҳбуслар ишини текширмоқда. Хавфсизлик хизмати барча ҳолатларни ўрганмоқда. Мен Украина ташқи ишлар вазирига ҳамкорларни Украинадаги мавжуд маълумотлар ҳақида хабардор қилишни топширдим. Давлатимиз халқаро тергов ўтказилишини талаб қилади», — дейди у.

«РБК-Украина» манбаларига кўра, фалокат ҳолатлари аниқлангунига қадар Зеленский мамлакатнинг марказий ҳудудларига сафарини бекор қилган ва уни туғилган куни билан табриклаш учун учрашувларни тақиқлаган. 25 январь куни Зеленский 46 ёшга тўлди.

«Украина ундай деса, Россия бундай деяпти»

АҚШ Белгород вилоятида Россиянинг Ил-76 ҳарбий самолёти ҳалокатга учраган ҳолатларни текширмоқда, дея баёнот берди Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби.

«Биз [самолёт ҳалокати ҳақидаги] хабарларни кўрдик, маълумот олишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу хабарлар қанчалик ишончли эканини билмаймиз. Украина ундай деса, Россия бундай деяпти, бу ҳақда етарлича билмаймиз», — дейди Кирби.