Гаагадаги Халқаро суд 26 январь куни Жанубий Африканинг Ғазо секторидаги геноцид конвенциясини бузганликда айбланган Исроилга қарши даъвоси бўйича оралиқ ҳукм чиқарди, деб хабар бермоқда BBC News.

Декабрь ойида Жанубий Африка Исроилнинг Ғазо сектори аҳолисига қарши, айниқса, 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС ҳужумидан сўнги ҳаракатлари, «геноцид хусусиятига эга» деган даъво билан БМТ судига даъво қилди. «Газета.uz» суд жараёни ҳақида батафсил ёзганди. Жанубий Африка суддан фаластинликларни ҳимоя қилиш учун тўққизта эҳтиёт чорасини кўришни сўради. Уларнинг ичида Исроилга анклавдаги ҳарбий операцияларни тўхтатиш ҳақидаги буйруқ ҳам бор.

Жума куни фақат Жанубий Африканинг эҳтиёт чоралари ҳақидаги талаби кўриб чиқилди. Қарорни 17 нафар ҳакамлар ҳайъати қабул қилди.

Суд қарорига кўра, Исроил геноцид деб топилиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларнинг, яъни миллий, этник, ирқий ёки диний гуруҳ аъзоларини атайлаб йўқ қилишнинг олдини олиш учун барча чораларни кўриши керак.

Суд, шунингдек, Исроил ўз ҳарбийлари Ғазо аҳолисига қарши геноцид содир этмаслигини таъминлаш, бундай ҳаракатларга ундашнинг олдини олиш ва жазолаш ҳамда даъво қилинган геноцидга оид барча далиллар сақланиб қолишини таъминлаш мажбурияти бор, деб қарор қилди.

Ғазо аҳолисига асосий хизматлар кўрсатилиши ва инсонпарварлик ёрдами етказилиши таъминланиши керак.

«Исроил давлати ҳукм чиқарилгандан кейин бир ой ичида судга ушбу қарорни амалга ошириш учун қилинган барча чоралар ҳақида ҳисобот бериши керак», — деб хулоса қилди судья Джоан Донохю.

Бундан ташқари, суд ҲАМАС томонидан гаровга олинган исроилликларнинг тақдиридан жиддий хавотир билдирди ва уларни зудлик билан озод қилишга чақирди.

Шу билан бирга, BBC таъкидлаганидек, суд Исроилни Жанубий Африка сўраганидек, Ғазодаги ҳарбий амалиётини зудлик билан тўхтатишга чақирмади.

БМТ судининг қарорлари мажбурийдир ва устидан шикоят қилиш мумкин эмас, лекин суд уларни ижро этиш имкониятига эга эмас, дея аниқлик киритади BBC. Жанубий Африканинг геноцид даъвосини тўлиқ ҳал қилиш учун йиллар керак бўлиши мумкин.

Жанубий Африка ҳукумати БМТ судининг қарорини олқишлаб, уни халқаро ҳуқуқ устуворлигининг ҳал қилувчи ғалабаси ва Фаластин халқи учун адолат излаш йўлидаги муҳим босқич деб атади. Шунингдек, Исроил суд ҳукмини бажаришига умид билдирган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ҳам баёнот берди. «Биз халқаро ҳуқуққа риоя қилган ҳолда ўзимизни ва фуқароларимизни ҳимоя қилишда давом этамиз», — деди у.

«Биз бу урушни мутлақ ғалабага қадар, барча гаровга олинганлар қайтарилмагунча ва Ғазо сектори Исроил учун хавф туғдирмагунча давом эттирамиз», — дея қўшимча қилди Исроил ҳукумати раҳбари.