Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кабар» агентлигига берган интервьюсида мамлакат ташқи қарзи, Қамбарота-1 ГЭС қурилиши бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли, сув муаммоси ва бошқалар ҳақида гапирди.

— Янги йил олдидан ташқи қарзимиз ошгани ҳақида фикрлар янгради.Ташвишланиш учун сабаб мавжудми? Биз қарз оляпмизми? Ҳа бўлса, қандай мақсадларда?

— Бундан бу ёғига ташқи қарз ҳақида ташвишланишга ҳожат йўқ. Ҳеч қандай таҳдид йўқ. Биринчидан, илгари олинган кредитлар ўзини қоплайдиган лойиҳалар учун ишлатилмаган.

Соддароқ қилиб айтганда пуллар «қумга сингиб кетган». «Шимол-Жануб» муқобил йўли, «Датка-Кемин» ва ИЭС учун олинган сўнгги кредитлар тўғри мақсадда жалб қилинганди. Бизга бу лойиҳалар керак эди, лекин улар бизга икки баробар қимматга тушди. Назорат жуда ёмон эди ва ўғирликлар бўлди.

Бу лойиҳалар харажатларнинг ярми эвазига якунланиши ва уларнинг ўзини қоплаш муддати қисқароқ бўлиши мумкин эди. Ҳозирда қарзларни сўндириш муддати келди ва биз уларни тўлашни бошладик.

2035 йилга бориб биз илгари юзага келган қарзларни сўндирамиз. Айрим фуқароларимиз бизни қуйидаги фикрлар билан танқид қилади: «Қарзни икки-уч йилда тўлайман деган эдингиз, нега тўламадингиз?» Биз барча захираларимизни тўплаб, қарзларни тўлай оламиз. Бунга давлатимизнинг кучи етади. Илгари бошқача эди. Сиз буни яхши биласиз.

Аммо кредит олишдаги шартнома қуйидагича шартларни ўз ичига олади: «Агар сиз қарзни муддатидан олдин тўлашни истасангиз, фоиз ставкаси баландроқ бўлади». Бу биз учун фойдали эмас — асоссиз харажатлар. Шунинг учун биз қарзни график бўйича тўлаймиз. Бунда ҳеч қандай риск йўқ, чунки бюджетимиз неча баравар ошганини кўриб турибсиз. Дарҳақиқат, авваллари бюджетимиз заиф бўлгани учун ташқи қарзимизни тўлай олмаслик риски мавжуд эди.

Иккинчидан, биз қайси лойиҳа, қандай шароитда ва қачон ўзини-ўзи қоплаш даражасига чиқишини аниқ ҳисоблаб чиқдик. Ҳозирда биз етти ўлчаб, бир кесиш принципида ишлаяпмиз.

Биргина мисол келтираман. Қамбарота-1 ГЭС қурилиши учун кредит олишга тайёрмиз. Тез орада маблағни оламиз. ГЭС қуриб битказилса, 12−13 йилда харажатларини қоплайди. Шундан сўнг у ҳам Тўхтагул ГЭС каби узоқ йиллар давлатга фойда келтиради.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли эса ўйлаб кўришга мажбур қилади. Сумма жуда катта. Бу лойиҳа 35−40 йил ичида харажатларини қоплайди. Аммо давлатимиз боши берк кўчадан транзит мамлакатга айланади. Йўл қирғиз халқига, юртимизга умрбод хизмат қилади. Биз бу лойиҳани ташқи қарз эвазига эмас, балки бошқача йўл билан амалга оширишни кўриб чиқяпмиз. Худо хоҳласа, тез орада бу масалани ҳал қилиб, қурилиш ишларини бошлаймиз. Бошқа лойиҳалар бўйича олинган қарзлар ҳақида ташвишланишга ҳожат йўқ. Ҳозирги ҳар бир жорий лойиҳа давлат бюджетига таъсир қилмасдан ўз харажатларини қоплайдиган лойиҳа ҳисобланади.

Илгари олинган қарзлар содда қилиб айтганда «қумга сингиб кетганди». Улар ё ўз харажатларини қопламади, ёки давлатга фойда келтирмади. Биз бошқа бунга йўл қўймаймиз. Амалга оширишни бошлашдан олдин барча ҳисоб-китобларни амалга оширамиз. Биз қисқа муддатлик истиқболда ўз харажатларини қопламайдиган лойиҳаларни маъқулламаймиз. Шунинг учун ташвишланиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Бу мавзуни бошқа кўтармасангиз ҳам бўлади. Сиёсийлаштириш керак эмас.

— Сўнгги йилларда суғориш учун сув танқислиги нафақат бизнинг мамлакатимизда, балки қўшни мамлакатларда ҳам сезилмоқда. Бу муаммони ҳал қилиш учун жорий йилда кунлик ва декадалик бошқарилувчи бассейнлар қурилади, дедингиз. Улар қайси ҳудудларда қурилмоқда? Маълумки, биздан тушиб бораётган сувдан қўшни давлатлар суғориш мақсадида фойдаланади. «Сувимиз кам бўлса, нима учун қўшниларга сув беришни тўхтатмаймиз», деяётганлар ҳам бор. Агар биз кунлик ва декадалик бошқарилувчи бассейнларда сув йиғадиган бўлсак, оқим пастида яшовчилар учун суғориш суви етарли бўладими?

— Кунлик ва декадалик бошқарилувчи бассейнларга ҳақида гаплашсак, илгари қурилган бассейнлар тозаланмаган. Сув етарли даражада йиғилмагани учун деҳқонлар суғориш мавсумида сув танқислигини бошдан кечирди. Бу йил биз уларнинг барчасини тозалаймиз.

Бундан ташқари, мен бутун мамлакат бўйлаб янги кунлик ва декадалик бошқарилувчи бассейнлар қуриш бўйича кўрсатмалар бердим. Улар биринчи навбатда қуйи оқимдаги қўшниларимиз учун фойдалидир, чунки суғориш мавсумида сув билан боғлиқ келишмовчиликлар юзага келади.

Агар қишда кунлик ва декадалик бошқарилувчи бассейнларда қорлар эришидан тушадиган сувни йиғадиган бўлсак, баҳорда дарё суви тўлиғича қўшниларимизга оқади. Яъни, улар ҳатто аввалгидан ҳам кўпроқ сув олади. Суғориш мавсумида фермерларимиз кунлик ва декадалик бошқарилувчи бассейнлар сувларидан, қўшниларимиз эса оқар сувдан фойдаланиши мумкин бўлади.

Яқинда сиз Бишкекни қандай сув босганини кўрдингиз. Юқорида кунлик тартибга солинувчи бассейнлар йўқлиги сабабли сув шаҳарга оқиб, кўчаларни сув босишига олиб келади. Агар кунлик ва декадалик бошқарилувчи бассейнлар бўлганида, бу сувларни сақланиб қолиш мумкин эди. Бу мамлакатимизнинг барча ҳудудларида содир бўлади. Агар қишда сув захирасини йиғиб олсак, қўшниларимизга ҳам сув бемалол етган бўларди.

Биз қишда бефойда оқиб кетаётган сувлардан кейинчалик низолар келиб чиқмаслиги учун самарали фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Қўшниларимизга қанча сув керак бўлса, шунча сув берамиз. Шундай бўлади.

Сизга битта мисол келтираман. Қамбарота-1 ГЭСни қуришни бошладик. Қўшнилар бу ГЭСдан сув ресурслари кўринишида фойда олади. Биз фақат электр энергияси кўринишида фойда оламиз.

Бизнинг Норин дарёси сувининг атиги 1 фоизидан суғориш ва ичимлик суви сифатида фойдаланамиз. Сувнинг 99 фоизи Ўзбекистон ва Қозоғистонга тушади. Қамбарота-1 ГЭС қуриб битказилгач, биз ундан қишда электр энергияси ишлаб чиқаришда фойдаланиб, суғориш мавсумида қўшниларимизга Тўхтагул ГЭСида тўпланган сувни етарли миқдорда бериш имкониятига эга бўламиз.

Ҳозирда қишда электр энергияси ишлаб чиқариш учун Тўхтагул ГЭСидан фойдаланиб, ёзда уни тўхтатишга мажбур бўляпмиз. Агар келаси қиш учун сувни сақлаб қолмасак, электр энергиясиз қоламиз. Бу муаммоларни ҳал қилиш устида ишлаяпмиз.

Биз фақат ўзимиз ҳақимизда эмас, балки қўшниларимиз ҳақида ҳам ўйлаймиз, чунки қўшничилигимиз абадий ва умумий муаммоларни ҳақида биргаликда бош қотиришимиз лозим. Оқим манбаида турибмиз ва сув бермаймиз, деб баҳслашиш — бемаънилик. Биз ҳаммамиз қардош халқмиз, абадий қўшнимиз ва кўп жиҳатдан бир-биримизга боғлиқмиз. Ҳамма нарсани санаб ўтмайман, буни одамларнинг ўзи яхши билади.