Ўзбекистон омбудсмани Феруза Эшматова Россия омбудсмани Татьяна Москальковага Екатеринбургда меҳнат мигрантларининг камситилгани юзасидан мурожаат юборди. Бу ҳақда 22 январь куни парламентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили матбуот хизмати хабар берди.

Мурожаатда Россияда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича сўров ўрин олган.

17 январь куни Екатеринбургнинг Железнодорожний тумани прокуратураси, «ФСБ»нинг Свердловск вилояти бўйича бошқармаси, вилоят миграция бошқармаси ва Ички ишлар вазирлигининг Екатеринбург бўйича департаменти ходимлари Россия гвардияси ходимларининг қуролли кўмагида қурилиш майдончаларидан бирида рейд ўтказган.

Ҳаммаси бўлиб 150 киши текширилган. Улардан саккиз нафари миграция қонунчилигини бузган ва депортация қилинади. Ҳарбий хизматда рўйхатдан ўтмаган тўрт кишига (бир қатор манбаларга кўра, уларда Россия фуқаролиги бўлган) чақирув қоғози берилган.

Интернетдаги фотосуратлар ва видеолардан кўриш мумкинки, хавфсизлик кучлари меҳнат муҳожирларини қор билан қопланган қурилиш майдончаси бўйлаб ўрдаксимон ҳаракатланишга мажбурлаган.

Мигрантларнинг қанчаси Ўзбекистон фуқароси бўлганига аниқлик киритилмаган. У ерда Қирғизистон ва балки бошқа мамлакатлар фуқаролари ҳам бўлгани маълум.

Свердловск вилояти омбудсмани Татьяна Мерзлякова URA.RU`га берган интервьюсида вазиятни ўрганаётганини айтган. «Бундай ҳолат юз берганига ишониш қийин», — деган у ва Екатеринбург учун бу каби воқеалар одатий эмаслигини қўшимча қилган.

Ўзбекистон омбудсмани офиси хабарида айтилишича, 2023 йилда Феруза Эшматова Россияга ташриф буюриб, у ерда ишлаётган ўзбекистонликлар билан учрашган.

«Ҳамюртларимиз фикрлари асосида Ўзбекистон ва Россия омбудсманлари ўртасидаги ҳамкорлик йўлга қўйилиб, мурожаатларни биргаликда кўриб чиқиш, жумладан, Россия Федерацияси худудида меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ишланади», — дейилади хабарда.

Бундан аввал ҳам омбудсман Краснодарда ўзбекистонлик мигрантларнинг иш жойларида ўтказилган рейдлар билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирган эди. Россия омбудсмани мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мониторинглар ўтказаётганини маълум қилган, дея таъкидлаган омбудсман идораси.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги иш қўзғатди

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги 20 январь куни республиканинг Екатеринбургдаги бош консулхонаси полиция, чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш маркази ва қурилиш объектларига боргани ҳақида хабар берди.

«Екатеринбургдаги учта қурилиш объектида 150 нафар хорижлик, жумладан, 40 нафар Қирғизистон фуқаросининг ҳужжатлари текширилгани аниқланди. Қирғизистон фуқаролари томонидан миграция қонунчилигини бузиш ҳолатлари аниқланмаган», — дейилади хабарда.

Мамлакат ТИВ хабарига кўра, ўрдаксимон юришга мажбур бўлган мигрантлардан уч нафари қирғизистонлик бўлган.

Қирғизистон фуқароларининг айтишича, «текширув тадбирлари давомида қўшни давлат фуқаролари бино қаватлари бўйлаб қочиб кетган ва ҳуқуқ-тартибот ходимларидан яширинишга уринган». Натижада полиция «қочиб кетганларни қўлга олиш, шунингдек, текширилаётганларнинг эркин ҳаракатланишини чеклаш чораларини кўрган».

Қирғизистон Бош консулхонаси «ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларнинг қадр-қимматини камситувчи усуллардан фойдаланишнинг қонунийлигини текширишни ташкил этиш» чораларини кўрмоқда, — дейилади қўшни давлат ТИВ хабарида.

«Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ушбу факт бўйича Қирғизистондан ишлаётган фуқароларга нисбатан бундай хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида Россия Федерациясининг федерал органлари даражасида иш қўзғатмоқда», — дейилади хабарда.