Брюссель Европа Иттифоқига аъзо давлатларни Ғазо секторидаги муаммони мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш орқали ҳал қилиш ғоясини қўллаб-қувватлашдан бош тортгани учун Исроилга қарши «оқибатлар» тайёрлашга чақирмоқда, деб ёзди Financial Times (FT) Европа Иттифоқи томонидан тайёрланган ҳужжатга таяниб.

Евроиттифоқ ташқи ишлар вазирларининг учрашуви арафасида тарқатилган ҳужжатда иттифоқ аъзоларидан ЕИ тинчлик режасида «иштирок этиш ёки иштирок этмаслик оқибатларини белгилаш» сўралади.

ЕИнинг режада кўрсатилган талаби «Исроил билан ёнма-ён тарзда, тинчлик ва хавфсизликда яшовчи, иқтисодий ҳамкорлиги ва хавфсизлиги бутунлай нормаллашган ва сезиларли даражада ўсадиган мустақил Фаластин»ни ўз ичига олади.

FT газетасининг ёзишича, 22 январга режалаштирилган учрашув Исроилнинг ғарбий иттифоқчилари Ғазо секторида тинч аҳоли қурбонлари сони ортиб бораётгани сабабли ўз позициясидан хавотирга тушаётганини кўрсатмоқда.

ЕИнинг Исроилга таъсири АҚШникидан сезиларли даражада заифроқ бўлса-да, иттифоқ Тель-Авивни минтақанинг энг йирик иқтисодий шеригига айлантирувчи савдо ва сармоявий имтиёзлар берадиган шартномага эга.

«Биз аъзо давлатларга баъзи ғояларни таклиф қилмоқдамиз. Ва бу ғояларнинг бир қисми… „икки давлат“ ечимига келишда ўз шартларимиздан қандай фойдаланишимиз ҳақида», — деган нашрга Европа расмийларидан бири.

Нашрга яна бир европалик расмийнинг айтишича, ЕИнинг кўплаб аъзолари Исроил «икки давлат» режасини қўллаб-қувватлашни истамаслигидан норозилигини билдирган.

«[Исроил бош вазири Беньямин] Нетаньяхуни бирор нарсага мажбурлаш қийин. Аммо у ҳокимиятда абадий қолиши иложсиз», — деган у.

Аввалроқ Нетаньяху матбуот анжумани чоғида Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёти якунланганидан кейин Фаластин давлати ташкил этилишига қарши эканини маълум қилганди. «Бу можаро (Фаластин) давлатининг йўқлиги ҳақида эмас, балки яҳудий давлатининг мавжудлиги ҳақида», деди у.