COVID-19 пандемияси бошида вафот этган британияликларнинг оилалари ҳукуматни, шунингдек, бир қатор қариялар уйлари ва касалхоналарни судга беришди. Уларнинг таъкидлашича, расмийлар ўз яқинларини вирусдан ҳимоя қилиш учун етарлича ҳаракат қилмаган.
Қозоғистон Фан ва олий таълим вазирлиги келгуси йилдан мамлакат университетларида талабаларнинг сунъий интеллект бўйича асосий кўникмаларни ўзлаштиришлари учун ушбу йўналиш бўйича мажбурий курсларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
Германия ҳукумати мамлакат паспортини 5 йилда олишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Шунингдек, фуқаролик тил билиш, волонтёрлик ишларидаги фаоллик ва профессионал сифатлар каби омилларга қараб 3 йилда ҳам берилиши мумкин. Бошқа фуқароликлардан воз кечиш талаб этилмайди.
РФ президенти Тверь вилоятидаги авиаҳалокатда вафот этганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди. Евгений Пригожин ҳақида ўтган замонда гапирар экан, уни «мураккаб тақдирли одам» ва «иқтидорли тадбиркор» деб атади. Унинг қўшимча қилишича, экспертиза вақт талаб этади.
Япония «Фукусима-1» АЭСнинг тозаланган радиоактив сувини океанга тўкишни бошлади. Жараён 30 йилдан ортиқ давом этиши кутилмоқда. МАГАТЭ режани хавфсиз деб тан олди. Хитой эса океанга ташланишига қарши чиқди ва япон денгиз маҳсулотлари импортини тўхтатиб қўйди.
Туркия Марказий банки асосий ставкани бирданига 750 базис пунктига — 17,5 фоиздан 25 фоизгача оширди. Мамлакат регулятори инфляция прогнозининг сезиларли яхшиланишига эришилгунга қадар заруратга қараб пул-кредит сиёсатини қаттиқлаштиришда давом этмоқчи.
Жанубий Африка Республикасидаги саммитдан сўнг БРИКСга 6 та давлат — Аргентина, Миср, Эфиопия, Эрон, Саудия Арабистони ва БАА қўшилиши маълум бўлди. ЖАР президенти Сирил Рамафоса бу мамлакатлар иттифоққа қўшилиш учун таклиф этилганини тасдиқлади.
Тверь яқинида, Россия Telegram-каналлари маълумотларига кўра, «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожинга тегишли шахсий самолёт қулади. Дастлабки маълумотларга кўра, бортдагиларнинг барчаси ҳалок бўлган. Росавиация йўловчилар рўйхатида Евгений Пригожиннинг исм-фамилияси ҳам борлигини маълум қилди.
Ҳиндистоннинг бортида ойкезари бўлган «Викрам» модули Ой юзасига муваффақиятли қўнди. Мамлакат бу билан СССР, АҚШ ва Хитойдан кейин ўз аппаратини Ой юзасига қўндирган тўртинчи давлатга айланди.
БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси «Толибон» ҳокимиятга келганидан бери ағдарилган афғон ҳукумати амалдорлари ва аскарларининг камида 218 та ҳолатда судсиз қатл этилганини қайд этди.
Халқаро меҳнат ташкилоти тадқиқоти кўпчилик иш ўринлари фақатгина қисман автоматлаштирилиши ҳамда ChatGPT каби генератив сунъий интеллект иш ўринларини эгалламаслиги, балки уларни тўлдиришини кўрсатди. Канцелярия ишлари кўпроқ хавф остида.
Қирғиз-қозоқ чегарасидаги «Ақ-Тилек» НЎПда юзлаб юк машиналари тўпланди. Қирғизистон матбуотида бунга қўшниларга сув етказиш тўхтатилгани сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Қозоғистон чегарачилари чекловлар қўйилмагани ва ўтказиш кўрсаткичлари ёзги мавсумга хослигини айтишди.
Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида сузишга боргани айтилаётган 20 кишининг 11 нафари Сирдарёда чўкиб кетиб ҳалок бўлди. Уларнинг 5 нафари болалар. Ҳудуд чўмилиш учун мўлжалланмагани таъкидланди.
Россиянинг «Яндекс» компанияси yandex.kz маҳаллий домени серверларини Қозоғистонга ўтказишга рози бўлди. Август ойи бошида мамлакат ҳукумати домен мамлакат ташқарисида жойлаштирилгани учун платформага киришни вақтинча ёпиб қўйган эди.
2022 йил февраль ойида Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан буён ҳар икки томондан 500 мингга яқин аскар фронтда ҳалок бўлди ёки яраланди, деб ёзмоқда The New York Times.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат Иссиқкўлдаги пансионатларни миллийлаштириш эвазига Ўзбекистонга 40 млн доллар товон пули тўлай олмаслигини, шу боис томонлар уни ижарага беришга келишиб олганини айтди. «Яқин 15−20 йил ичида уларни модернизация қилишга сармоя кирита олмаймиз», — деди у.
Қозоғистонда 76 минг ўринли 62 мактаб қурилиши коррупция ишлари бўйича қўлга киритилган ва махсус жамғармага тушадиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилди. Бугунги кунда жамғарма ҳисобида 328 миллион долларга яқин маблағ мавжуд.
Қозоғистонда рўйхатдан ўтган компания, шунингдек, Россия ва Словакиянинг яна иккита фирмаси Шимолий Корея ва РФ ўртасида қурол-яроғ битимларида қатнашгани учун АҚШ санкцияларига дучор бўлди.
АҚШ Эронни Россияга Украина шаҳарларини ўққа тутишда фойдаланаётган ҳужум дронларини етказиб беришни тўхтатишга ундамоқда, деб ёзди FT. Бунинг эвазига Вашингтон Теҳронга қарши янги санкциялар киритмасликка ва аллақачон киритилган чекловларга «қатъий амал қилмасликка» ваъда бермоқда.
Хитой июнь ойида ёшлар ўртасидаги ишсизлик даражаси рекорд даражага етганидан сўнг бу ҳақдаги маълумотларни эълон қилишни тўхтатди. Ҳукумат ўз қарорини статистик кўрсаткичларни ҳисоблаш усулини такомиллаштириш зарурати билан изоҳлади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг