23 январь куни эрталаб Россия Украина шаҳарлари, жумладан, Киевга йирик ракета ҳужуми уюштирди. Соат 8:45 ҳолатига кўра, беш киши ҳалок бўлди, камида 60 киши яраланди, деди мамлакат Ички ишлар вазирлиги раҳбари Игорь Клименко.

Умуман олганда, Россия қўшинлари Украинага қанотли, баллистик, авиация ва зенит ракеталаридан фойдаланган ҳолда 41 та ракета зарбаси берди, дея аниқлик киритди мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги. Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари улардан 21 тасини йўқ қилди. Ҳисоботда айтилишича, баллистик траектория бўйлаб учирилган Россия ракеталарининг ҳаммаси ҳам нишонга етиб бормаган.

Киевда ҳужум оқибатида Святошинский, Соломенский ва Печерский туманларида ёнғинлар содир бўлди. Автомобиллар, турар жой бинолари ва нотурар биноларга зарар етган. Шаҳар мэри Виталий Кличко 20 нафар жароҳатланганлар ҳақида маълумот берди, улардан 13 нафари касалхонага ётқизилган.

Киев вилоятининг Бучанский туманида уч киши жабрланди. Иккита кўп қаватли уй, хусусий уй, хўжалик иншоотлари ва автомобилларга зарар етган.

Харьковда ракеталар икки кўп қаватли турар жой биносига тегди. Уйлардан бирининг кириш қисми бутунлай вайрон бўлган. Вилоят ҳарбий бошқармаси бошлиғи Олег Синегубов шаҳарда тўрт киши ҳалок бўлгани, яна 42 киши, жумладан, тўрт нафар бола яралангани ҳақида хабар берди. Қутқарув ва қидирув ишлари давом этмоқда.

Днепропетровск вилоятининг Павлоград шаҳрида ўққа тутилиш оқибатида бир киши ҳалок бўлди, яна бир киши яраланди. Саккизта кўп қаватли уй, иккита мактаб ва фуқаролик инфратузилмаси зарар кўрди.

Россия Украинага янги ракета ҳужуми уюштирилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ бермади.