2023 йилда Европа Иттифоқида қазиб олинадиган ёқилғидан чиқадиган карбонат ангидрид (CO2) 2022 йилга нисбатан 8 фоизга қисқарди ва сўнгги 60 йилдаги энг паст даражага етди, деб ёзади The Guardian.

«Европа Иттифоқи CO2 эмиссияси ниҳоят 1960 йиллардаги даражага қайтди», — деди Энергия ва тоза ҳаво тадқиқотлари маркази таҳлилчиси Исаак Леви. «Бу вақт ичида иқтисодиёт уч баравар ошди ва бу иқлим ўзгариши билан иқтисодий ўсишга таъсир қилмай курашиш мумкинлигини кўрсатди»

Марказ ҳисоботида айтилишича, чиқиндиларни камайтиришнинг ярмидан кўпи «яшил» электр энергиясидан фойдаланиш ҳисобига бўлган. Саноат маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи ўтган йили рекорд миқдордаги қуёш панеллари ва шамол турбиналарини қурди ва бир йил олдин қурғоқчилик ва таъмирлаш ишларидан зарар кўрган тўғонлар ва атом электр станцияларидан кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқаришга муваффақ бўлди.

Бироқ, рақамлар қишлоқ хўжалиги, цемент ишлаб чиқариш ва метан каби бошқа иссиқхона газлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олмайди. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бутун Европада карбонат ангидрид эмиссияси чиқариш даражаси ҳали ҳам жуда секин пасаймоқда.

Айнан атмосферада карбонат ангидрид (CO2) контсентрациясининг ошиши глобал исишнинг асосий катализаторидир. Глобал ҳароратни назорат остида ушлаб туриш учун Европа Иттифоқи ўн йиллик охирига қадар иссиқхона газлари эмиссиясини 1990 йил даражасига нисбатан 55 фоизга қисқартириш ва 2050 йилга келиб «соф нолга» эришишга ваъда берди.