Исроил ва ҲАМАС 30 кунлик сулҳ бўйича принципиаль келишувга эришди, бу муддат давомида исроиллик асирларни фаластинлик маҳбусларга алмашиш режалаштирилган, деб ёзмоқда Reuters манбаларга таяниб.

Сулҳ бўйича музокараларда Қатар, АҚШ ва Миср воситачилик қилмоқда. Агентликнинг таъкидлашича, воситачилар иштирокидаги бундай дипломатиянинг сўнгги босқичи 28 декабрда бошланган.

Reuters манбаларининг таъкидлашича, сулҳ Ғазо секторидаги урушни якунлаш бўйича томонлар ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли кечикмоқда.

Миср хавфсизлик манбалари, ҲАМАСни бир ойлик сулҳга, сўнгра ўт очишни доимий тўхтатишга рози бўлишга кўндириш учун иш олиб борилаётганини билдирди. Бироқ, уларга кўра, гуруҳ битимнинг иккинчи қисми бажарилиши кафолатини талаб қилмоқда. Reuters суҳбатдошларига кўра, кафолатлар деганда нималар назарда тутилаётгани номаълум.

Reuters агентлигининг ҲАМАСдаги юқори мартабали манбасига кўра, Исроилнинг таклифларидан бири қарши томоннинг олти етакчисини топшириш эвазига урушни тугатиш бўлган. ҲАМАС бу таклифни «қатъиян» рад этган.

Агентликнинг қолган бешта манбасига кўра, Исроил ҲАМАС раҳбариятини йўқ қилишни ўз ичига олмаган, урушни тугатишга қаратилган ҳар қандай келишувни муҳокама қилишдан бош тортган.

Музокаралар ҳақида маълумот берган манба уларни шиддатли деб таърифлаб, «исталган вақтда» келишувга эришиш мумкинлигини айтди.

Reuters узоқ давом этган ўт очишни тўхтатиш режимида Исроил қўшинлари ва зирҳли техникалари Ғазода қолиши ёки қолмаслигини аниқлай олмади.

7 октябрдаги ҳужум пайтида асирга олинган 130 га яқин исроиллик ҲАМАС асирлигида қолмоқда, дея аниқлик киритмоқда нашр. Томонларнинг 2023 йил ноябрь ойи охиридаги сулҳ давомида 100 дан ортиқ исроиллик ва 240 га яқин фаластинлик озод этилган.

Можаро хронологияси:

  • 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС Исроилга ҳужум қилиб, камида 1200 исроилликни ўлдирди ва 200 дан ортиқни гаровга олди.
  • Бунга жавобан Исроил Ғазо секторини назорат қилаётган ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди, анклавга интенсив ҳаво ҳужумлари уюштирди ва у ерга қўшин юборди.
  • Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можаро сабабли ҳудудда ҳозиргача 25 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди.