Саудия Арабистони 70 йилдан ортиқ вақт ичида биринчи марта ўзининг биринчи спиртли ичимликлар дўконини очади. Ичимликлар у ерда фақат мусулмон бўлмаган хорижий дипломатларга сотилади, деб хабар беради BBC News.

Дўкон яқин бир неча ҳафта ичида мамлакат пойтахти Ар-Риёднинг дипломатик кварталида очилади. Расмийларнинг таъкидлашича, улар шу йўл билан хорижий дипломатлар сумкалар ёрдамида олиб кирувчи ва кейин уни «назоратсиз равишда айирбошлаб» юборадиган спиртли ичимликларнинг ноқонуний савдосига қарши курашмоқда.

Дўконда маҳсулот харид қилиш учун мижозлар мобил илова орқали рўйхатдан ўтишлари ва ҳукумат рухсатини олишлари керак бўлади. Шунингдек, 21 ёшдан кичиклар дўконга киритилмайди ва ташриф буюрувчилар «тегишли кийим»да бўлишлари керак.

Бундан ташқари, 240 баллик ойлик чеклов ҳам жорий этилади. Масалан, бир литр виски олти балл, бир литр вино уч балл, бир литр пиво бир балл туради. Бир ой ичида ушбу баллар умумий 240 дан ошган шахсга алкоголь ичимликлари сотилмайди.

Мамлакатда 1952 йилгача спиртли ичимликлар сотилганди. Саудия шаҳзодаси Мишари бин Абдулазиз Ал-Сауд 1951 йилда Жиддадаги зиёфатда маст ҳолда Британия вице-консули Кирил Усмонни отиб ўлдирганидан кейин вазият ўзгарди. Орадан бир йил ўтиб, Мишарининг отаси қирол Абдулазиз спиртли ичимликлар савдосини бутунлай тақиқлади.