Афғонистоннинг Бадахшон вилоятида йўловчи самолёти ҳалокатга учради. Бу ҳақда TOLO News Бадахшон ахборот ва маданият департаменти раҳбари Забиҳуллоҳ Амирийга таяниб хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, ҳалокат Куран-ва-Мунжан ҳамда Зебак ҳудудлари яқинидаги Топҳан тоғида содир бўлган. Воқеа жойига қутқарув гуруҳи юборилган. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, самолёт якшанба куни эрталаб қулаган.

AviaSpotter Telegram канали якшанба куни эрталаб Ҳиндистоннинг Гая шаҳридан Тошкентга учаётган Gazpromavia (Россиянинг «Газпром» компанияси авиаоператори) Falcon 10B (RA-09011) самолёти радарлардан йўқолиб қолгани ҳақида хабар берди.

«Учувчилар техник носозликлар туфайли Тожикистон чегарасини кесиб ўтиш вақтида режадан ташқари қўнишни режалаштиргани ҳақида хабар берган. Бироқ кейинчалик самолёт ҳақида қўшимча маълумот бўлмаган. Ҳаво кемаси охирги марта Афғонистон чегарасига яқинлашганда радарда кўрсатилган», — дейилади хабарда.

Каналнинг қайд этишича, ОАВ самолёт Ҳиндистондан учаётган учун уни Ҳиндистонники дея хато қилган бўлиши мумкин.

Афғонистонда ғойиб бўлган Falcon 10 (RA-09011) самолёти Россия фуқаролик самолётлари давлат реэстрида рўйхатга олинган, дея хабар берди Федерал ҳаво транспорти агентлиги («Росавиация»). Бортда 6 киши: 4 нафар экипаж аъзоси ва 2 нафар йўловчи бўлган. Самолёт Гая (Ҳиндистон) — Тошкент (Ўзбекистон) — Жуковский (Россия) йўналиши бўйича чартер рейсини амалга ошираётган эди.

«Росавиация» Афғонистон ва Тожикистон авиация идоралари билан ҳамкорликда қидирув ишларини олиб борилишини билдирди. 20 январь куни кечқурун Афғонистон ҳаво ҳудудида (Тожикистон чегараси яқинида) алоқани тўхтатиб, радарлардан ғойиб бўлган самолётни қидириш ишлари давом этмоқда.