Қирғизистон президенти Садир Жапаров Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига зўрлаш бўйича даъво муддатини бекор қилувчи, шунингдек, томонларнинг ярашуви туфайли зўрлашга оид ишларни ёпишни тақиқловчи ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

«Жинсий дахлсизликка оид жиноятларнинг олдини олиш воситаси сифатида қонунчиликдаги содир этилган жиноят учун жазодан қутулиб қолиш имконини берувчи бўшлиқларни бартараф этиш таклиф этилмоқда», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ўзгартиришларга кўра, энди зўрлашда айбланаётган шахслар гаров эвазига ёки пробация назорати остида қўйиб юборилмайди. Бу қоидалар жабрланувчиларнинг ҳуқуқ-тартибот тизимига бўлган ишончини сусайтирди, дейилади ҳисоботда.

Қонун лойиҳаси муаллифлари Қирғизистон парламентининг 35 нафар депутати ҳисобланади. Ҳужжатни асослашда улар мамлакатдаги жиноят қонунчилиги сабабли «зўрлаш қурбонларига жазони талаб қилишдан кўра, содир этилган жиноят ҳақида сукур сақлаш осонроқ» эканини таъкидлади.

Маълумотда, шунингдек, аёлларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар сони йил сайин ортиб бораётгани, ҳуқуқ-тартибот идоралари эса «бундай жиноий ишларни тергов қилишга тайёр эмаслиги» қайд этилган.