Республикачилар партиясидан 2023 йилда Дональд Трампга асосий рақобатчи сифатида кўрилган Флорида штати губернатори Рон Десантис президентлик кампаниясини тўхтатди, дея хабар бермоқда The New York Times.

Десантиснинг ўзи бу ҳақда Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинган видеосида маълум қилди ва тарафдорларини Дональд Трампга овоз беришга чақирди.

15 январь куни Айова штатидаги кокусларда (бир партия тарафдорлари йиғилишлари, унда сайловчилар номзодларни муҳокама қилади ва уларга овоз беради. Праймеризлардан фарқли ўлароқ, кокуслар штатлар эмас, балки партиялар томонидан ўтказилади) Десантис 21 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллаганди, Трампга эса 51 фоиз иштирокчи овоз берган.

Десантис 2023 йилда республикачилар партиясидан президентликка номзодлик учун Дональд Трампнинг асосий рақиби сифатида кўрилган. Сиёсатчи ўз номзодини илгари суриши ҳақида 2023 йил 24 май куни расман эълон қилганди. Шундан сўнг сиёсатчининг рейтинги пасайиб борди: Десантисни омма олдида ўзини табиий тутмаслиги ва Трампга қарши қаттиқ гапиришни истамаслиги учун танқид қилишди, ёзда эса унинг сайлов кампанияси маблағ тақчиллигига дуч келди ва у ўзининг штаби раҳбарини ўзгартиришга мажбур бўлди. Десантиснинг рейтинги энг юқори чўққисида 30 фоиздан ошди, аммо сўнгги ойларда 10 фоизгача пасайди.

Праймериз бошланиши арафасида республикачилар орасида иккинчи ўринга АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Никки Хейли чиқиб олди. Собиқ президент Дональд Трамп республикачилар партиясининг праймеризида яққол фаворит ҳисобланади. У Айова штатидаги кокусларда катта фарқ билан ғалаба қозонди ва сўровномалар натижалари бўйича Нью-Ҳэмпширда етакчилик қилмоқда.

АҚШда президентлик сайловлари 2024 йил 5 ноябрда бўлиб ўтади.

Рон Десантис ҳақида нималар маълум?

Сиёсатга киришдан олдин Рон Десантис денгиз флотида юрист бўлган. 2012 йилда у АҚШ Конгресси аъзолигига сайланган, 2018 йилда эса Флорида губернатори бўлган. 2022 йилда Десантис катта фарқ билан лавозимга қайта сайланган ҳамда Республикачилар партиясида ўсиб бораётган юлдуз сифатида кўрила бошлаган.

Флорида губернатори бўлган даврда сиёсатчи штатда абортларни чеклаб қўйди, аҳолига яширин қурол олиб юришни осонлаштирди ва давлат университетларида инклюзив дастурларни молиялаштиришни тақиқлади.