23 январга ўтар кечаси Қозоғистон аҳолиси эпицентри Қирғизистон ва Хитой чегарасида бўлган зилзилани сезди. Унинг магнитудаси 7 баллни ташкил қилганди.

Зилзила Ўзбекистонда ҳам сезилди — 3−4 балл, лекин буни энг кучли ҳис қилганлар Олмаота аҳолиси бўлди — 5 балл. Чимкентда тебраниш 2 баллни ташкил этди. Зилзила Остона, Олмаота, Шарқий Қозоғистон, Жамбил, Жетису ва Қарағанда вилоятларида ҳам сезилган.

Қозоқ матбуотининг ёзишича, одамлар ваҳима ичида уйларини тарк этиб, кўчага югуришган. Ижтимоий тармоқлардаги видео ва фотосуратларда баъзилар совуқда устки кийимсиз, ялангоёқ ёки шиппаксиз турганини кўриш мумкин. Олмаотада кечаси ҳаво ҳарорати -5 даражагача тушди.

Tengrinews.kz`нинг қайд этишича, кўплаб олмаоталиклар шаҳарни тарк этишга уринган, бунинг оқибатида тирбандлик ва ёқилғи қуйиш шохобчаларида навбатлар юзага келган. Патруль хизмати ходимлари йўл ҳаракатини ўзлари тартибга солишига тўғри келган.

«Биринчи кучли силкиниш содир бўлган вақтда мен аллақачон ётоқда, пижамамда эдим. Онам ибодат қила бошлади, мен хонамдан югуриб чиқдим ва биз эшик ромлари остига туриб олдик. Биз 12-қаватда яшаймиз, ҳеч қандай чора бизни қутқариб қололмасди, лекин барибир музлатгич ёнидаги эшик ромининг тагида турдик, — деди «Газета.uz»га Олмаота шаҳрида яшовчи 29 ёшли Гауҳар Сабирова. — Ер силкиниши тўхтагач, онам ташқарига чиқишга мажбурлади. Тезда кийиндим ва ташқарига чиқдим, онам қўлларига иссиқ кийимларни олди. Қўшнилар ҳовлида тўплана бошлади ва биз ҳаммамиз бирга зинадан туша бошладик, лифт жойида турганди».

Бу вақтга келиб, Гауҳарнинг сўзларига кўра, кўчада аллақачон турар-жой аҳолиси тўпланган. «Биз пастга тушаётганимизда, ҳамма, қоида тариқасида, ўзини хотиржам тутди, лекин кўчадаги одамлар аниқ қўрқиб кетганди: болалар йиғлаган, ҳамма шаҳар ташқарисидаги қариндошларига қўнғироқ қилиб, ўз кечинмаларини айтиб берган. Тўсатдан 10-қават баландлигидан ерга нимадир қулаб тушди, балки қор бўлагими ёки бирор буюм тўлдирилган қопми, ёнимдаги бир аёл ваҳима ичида қичқира бошлади ва болаларини ушлаб олди», — айтиб берди у.

Гауҳарнинг таъкидлашича, одамлар такрорий зилзиладан қўрқиб, уйларига кирмаган, баъзилар — шаҳардан чиқиб кетган. «Яқинимиздаги тор кўчада тирбандлик юзага келди, тунги соат 2 да йўллар машиналар билан тиқилиб қолди. Мактаблар очиқ эди, ҳудудни тарк эта олмаганлар спорт залларида тўпланди».

«Одамлар ҳайвонлар ҳақида ҳам унутмади. Мен ҳам дарҳол мушукларимни олиш учун қайтиб келдим ва бир ярим соат давомида тўртталамиз ташқарида турдик», — дея қўшимча қилади Гауҳар.

Маҳаллий ОАВлар Олмаота аҳолиси Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан ўз вақтида SMS-хабарнома олмагани ҳақида ҳам ёзмоқда. Ўтган йили шаҳар ҳокимияти кучли зилзилалардан эрта огоҳлантириш тизимига 1,1 миллиард тенге сарфлаган бўлса-да, сирена ҳам ишламаган.

«Мен 112 (Қозоғистонда фавқулодда хизматларга қўнғироқ қилиш учун ягона рақам — таҳр.) дан биринчи SMS`ни соат 2:50 да олдим (Олмаотадаги илк ер силкинишлари 00:09 да қайд этилган — таҳр.). Интернетда соат 3:00 да яна кучли силкинишлар кутилаётгани ҳақида миш-мишлар тарқалиб кетди. Хабарлар шу қадар тез ёйилдики, атрофдагиларнинг ҳаммаси шу ҳақда гапирарди ва ҳеч қандай соғлом фикр ишламаcди. Мен онамга тушунтиришга ҳаракат қилдим, у WhatsApp, Instagram ва ҳоказолардаги кучли дезинформациядан қўрқиб кетганди», — дейди Гауҳар.

Мурожаатда фуқаролардан хотиржамликни сақлаш ва фақат расмий манбаларга ишониш сўралган. Гауҳарнинг сўзларига кўра, SMS фақат қозоқ тилида бўлган. «Менимча, улар буни учта тилда қилишлари керак эди. Чунки Олмаотада хорижликлар сони жуда кўп, масалан, Ҳиндистон, Мўғулистон ва Хитойдан келган талабалар бор», — дея қўшимча қилади у.

Кейинчалик Олмаота Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (ФВБ) электр сиренаси фақат силкинишлар кучи 5,5 баллдан ортиқ бўлган ҳолатларда ишга туширилишини билдирди, шунинг учун уни ёқишнинг «ҳожати бўлмаган», чунки у «керагидан ортиқ ажиотаж уйғотади». Бошқарма SMS-хабарларнинг кечикишини уяли алоқа операторлари аҳоли зичлиги юқорилиги туфайли ахборотни қайта ишлашга улгурмагани билан изоҳлади.

Қозоғистон бош вазири Алихан Смоилов фавқулодда вазиятлар хизматининг муносабатини танқид қилди. «Ўз вақтида маълумотга ва аниқ кўрсатмага эга бўлмаган одамлар ваҳимага тушди… Огоҳлантириш тизимларини ўз вақтида ёқиш, аҳолини имкон қадар тезроқ хабардор қилиш ва хабарлар юбориш керак эди», — деди у 23 январь куни ҳукумат йиғилишида.

Смоилов маҳаллий ҳокимият органларига бу каби фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаларини тузатиш бўйича топшириқ берди. «Зилзилага мойил бўлган барча ҳудудларда тез-тез машғулотлар ўтказилиши керак, деб ҳисоблайман. Аҳоли ҳаракатлар алгоритмини амалда билиши керак», — дея таъкидлади Қозоғистон бош вазири.

«Озодлик» радиоси ва Tengrinews.kz`нинг таъкидлашича, шаҳардаги барча эвакуация пунктлари ҳам ишламаган, «камида зилзиладан кейинги биринчи соатда». Айрим нуқталарда қўриқчилар одамларни ичкарига киритмаган. ФВБ бу маълумотни рад этиб, зилзиладан кейинги илк 30 дақиқадаёқ аҳоли мактаб ва боғчаларга киритилганини маълум қилди. ФВБ маълумотларига кўра, ушбу қабул пунктларида 11 мингдан ортиқ аҳоли, жумладан, 3500 нафари бола тўпланган.

Олмаота аҳолиси шаҳар мактабларидан бирида. Фото: Zakon.kz.Олмаота аҳолиси шаҳар мактабларидан бирида. Фото: Zakon.kz.

Олмаота соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотларига кўра, 23 январь соат 17:00 ҳолатига кўра, зилзила оқибатида 67 киши тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Уларнинг 55 нафари катталар, 12 нафари болалар ҳисобланади.

Саккиз киши, жумладан, беш нафар бола касалхонага ётқизилган, қолганлари — амбулатор даволанишга юборилган. Касалхонага олиб кетилган болаларнинг барча жароҳатлари уйда йиқилиб тушиш оқибатида олинган, дейилади хабарда. Ҳозирда уларнинг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда.

Зилзила Ўзбекистон ва Қирғизистонда ҳам сезилган. Тошкент шаҳрида силкиниш кучи 3 баллни, Фарғона водийсида 3−4 баллни ташкил этган. Бишкекда 3 магнитудали зилзила сезилган.