Россия президенти Владимир Путин янги, бешинчи президентлик муддатига ўз номзодини қўйишини расман эълон қилди. Сайловлар 2024 йил 15−17 март кунлари бўлиб ўтади.
Озарбайжонда навбатдан ташқари президентлик сайлови 2024 йил 7 февралда бўлиб ўтади. Бу ҳақдаги фармойишни мамлакатни 20 йилдан бери бошқариб келаётган президент Илҳом Алиев имзолади.
Россия парламентининг юқори палатаси мамлакатда навбатдаги президентлик сайлови санасини 2024 йил 17 мартга белгилади. Владимир Путин сайловда иштирок этиш қарорини ҳали эълон қилгани йўқ.
Брянск (Россия) шаҳрида 8-синфда ўқувчи қиз гимназиядаги синфдошларига қарата ўт очди. Беш киши яраланди, икки қиз ҳалок бўлди, жумладан, ҳужум қилган қиз ўз жонига қасд қилди.
Америкалик хонанда Тейлор Свифт Time журнали томонидан «Йил одами» деб топилди. Журнал хонанданинг беш қитъада 151 та шоуни ўз ичига олган ва қўшиқчини миллиардерга айлантирган Eras Tour дастурига ишора қилиб, «Ҳозир сайёрада ҳеч ким бунча кўп одамнинг ҳисларини уйғота олмайди», дея қайд этди.
Бир қатор йирик халқаро молия институтлари, жумладан, Жаҳон банки табиий офат юз берган тақдирда мамлакатларга қарз тўлашни кечиктириш имкони берилишини ваъда қилди.
Олти кун давом этган сулҳдан сўнг Исроил Ғазо секторига зарба берди, оқибатда бир неча киши ҳалок бўлди. Жанговар ҳаракатларни қайта бошлашга ҲАМАС биринчи бўлиб ракета ҳужуми уюштиргани, бу эса сулҳга зид экани сабаб сифатида кўрсатилди.
Дубайда (БАА) БМТ халқаро иқлим саммити — COP28 очилди. 2023 йилда унда 190 дан ортиқ давлатдан 70 мингдан ортиқ киши иштирок этиши режалаштирилган. Конференциянинг асосий мақсади инсониятнинг Париж келишуви мақсадларига эришиш йўлидаги прогрессини таҳлил қилишдан иборат.
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги хостелда содир бўлган ёнғин оқибатида 13 киши, жумладан, икки нафар ёш Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Ўзбекистон ТИВ ҳалок бўлганларнинг яқинларига жасадларни ватанга олиб келишда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.
Қозоғистон суди мамлакат фуқаросини «Вагнер» ХҲК таркибида Украинадаги урушда қатнашгани учун 6 йилу 8 ойга озодликдан маҳрум қилди — у ёлланиш моддаси бўйича айбдор деб топилди.
Тожикистонда мамлакат Жиноят кодексига вояга етмаганларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун жазони кучайтирувчи ўзгартиришлар киритди.
БМТ Бош Ассамблеяси Исроилни Суриядаги Голан тепаликларини тарк этишга чақирувчи резолюцияни яна қабул қилди. Ҳужжатни 91 давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам қўллаб-қувватлади.
Янги Зеландияда 2008 йилдан кейин туғилганларга сигарет сотишни тақиқлаш бўйича қонун бекор қилинди. Ҳукумат буни солиқларни камайтириш мақсадида қилингани билан изоҳлади.
ҲАМАС, Исроил билан тузилган келишувга кўра, гаровга олинган 13 нафар исроилликни Қизил хоч ташкилотига топширди. Гуруҳ, шунингдек, 12 нафар Таиланд фуқаросини ҳам асирликдан озод қилди.
ЖССТ Хитой расмийларидан нафас олиш йўллари касалликлари ва болаларда пневмония авж олаётгани ҳақида маълумот сўради. Хитойдаги вазият ковидга қарши чекловлар олиб ташланиши билан изоҳланмоқда.
Европа Иттифоқи Украина учун ҳарбий ёрдам, дезинформацияга қарши курашни кучайтириш, ядро хавфсизлигини таъминлаш, иттифоққа қўшилиш учун зарур ислоҳотларни амалга оширишда ёрдам ва бошқаларни назарда тутувчи хавфсизлик кафолатлари концепциясини тайёрлади.
Москвадаги кўп қаватли уй қурилиши майдонида 35−40 нафар ишчи иштирокида жанжал юз берди, улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор. Муштлашувга ошхонага киришда навбат талашиш сабаб бўлди. Мигрантлар жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилди.
Исроил ҳукумати ҲАМАС билан ўт очишни вақтинча тўхтатиш ва бу даврда асирларни алмашишга келишиб олди. Сулҳ вақтида инсонпарварлик ёрдами, дори-дармон ва ёнилғи юкланган юк машиналари Ғазога кириши мумкин бўлади. Тафсилот.
Глобал иқлим тенгсизлиги бўйича ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатадики, дунёдаги энг бой 1 фоиз аҳоли даромадлари паст бўлган 66 фоиз аҳолига қараганда кўпроқ миқдорда табиатга углерод гази чиқиндилари чиқаради.
АҚШга Мексика орқали ноқонуний кирмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари эндиликда мамлакатга қўйиб юборилмайди ва иммиграция иши ҳал бўлгунича ҳибсда сақланади. Ноқонуний миграцияга ёрдам берган оила аъзолари ҳам виза олишдан маҳрум этилиши мумкин.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг