Европа Иттифоқи расмийлари шу ҳафта Украинага ҳарбий ёрдам бўйича янги режани кўриб чиқишни бошлайди. Бу ҳақда 19 январь куни тақдим этилган режа лойиҳасига таяниб, The Wall Street Journal хабар берди, деб ёзмоқда «Медуза».

Ташаббусга кўра, махсус фонд ташкил этилиб, унга Европа тинчлик фондидан 6,5 млрд евро ажратилади, 2024−2027 йилларда эса йилига 5 млрд евродан ўтказиб борилади.

Тушган маблағ Европа Иттифоқи давлатларининг Украина учун қурол-яроғ — дрон, ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталари ва ўқ-дориларни биргаликда сотиб олиш харажатларини қоплаш учун ишлатилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, маблағнинг бир қисми Украина ҳарбийларини Европа Иттифоқида ўқитишни молиялаштиришга йўналтирилади.

Агар Европа Иттифоқи янги режани маъқулласа, унда иштирокчи давлатлар келгуси тўрт йил ичида Украинага кўрсатадиган «ўнлаб миллиард евролик» ҳарбий ёрдами эвазига иттифоқ маблағларидан 20 млрд евродан кўпроқ пулни ўз бюджетларига қайтариши мумкин, деб ёзади WSJ.

Режа лойиҳасида Европа Иттифоқи давлатлари 2024 йилдаёқ ҳарбий ёрдам учун 7,5 млрд евро миқдорида компенсация олиши кўзда тутилган.

«Украинанинг ташқи ёрдамга қарамлигини ҳисобга олсак, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва ҳамкорларининг келгуси даврда қилган танловлари Украинанинг қаршилик кўрсатиш имкониятларини жиддий сусайтиради ёки кескин олдинга ўтиш имконини беради», — дейилади режа лойиҳасида.

Европа Иттифоқи етакчилари бу таклифни 1 февралга белгиланган саммитда кўриб чиқиши кутилмоқда.

Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери Европа Иттифоқи давлатлари Киевга умумий қиймати 3,5 млрд евро бўлган еттита ҳарбий ёрдам пакетини маъқуллади, шунингдек, ўқ-дорилар етказиб бериш учун 2 млрд евро ажратди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Европа Иттифоқи Украина учун ҳарбий ёрдам, дезинформацияга қарши курашни кучайтириш, ядро хавфсизлигини таъминлаш, иттифоққа қўшилиш учун зарур ислоҳотларни амалга оширишда ёрдам ва бошқаларни назарда тутувчи хавфсизлик кафолатлари концепциясини тайёрлаган эди.