2022 йил кўп сонли кутилган ва кутилмаган воқеалари билан тарих саҳифаларига муҳрланди. Хусусан, дунё аҳолиси 8 млрд нафарга етди; коронавирус пандемияси чекинди, аксарият давлатларда карантин чекловлари бекор қилинди, аҳолида вирусга қарши иммунитет шаклланиб улгурди (Хитой бундан мустасно); дунё мамлакатлари иқлим ўзгаришларининг фавқулодда оғир оқибатларини ўз таналарида тобора жиддийроқ ҳис эта бошлади; XXI аср одами тасаввурига сиғмаган уруш жаҳондаги сиёсий-иқтисодий вазиятни издан чиқарди; халқаро ҳамжамият дунё саҳнасида бир қатор сиёсий ўйинларга гувоҳ бўлди. «Газета.uz» 2022 йилнинг шу сингари энг эътиборга молик воқеаларини бир материалга жамлади.

Россиянинг Украина суверен ҳудудидаги «махсус ҳарбий операцияси»

Россия танки Украинанинг Мариуполь шаҳридаги турар жой биносини ўққа тутмоқда. 2022 йил 11 март. Фото: Евгений Малолетка / Associated Press / MeduzaРоссия танки Украинанинг Мариуполь шаҳридаги турар жой биносини ўққа тутмоқда. 2022 йил 11 март. Фото: Евгений Малолетка / Associated Press / Meduza

Россиянинг Украинага эҳтимолий босқини ҳақидаги башоратлар AҚШ ва Британия расмийлари томонидан 2021 йил охиридаёқ янграй бошлаган эди. Шунга қарамай, ўша пайтда бир давлатнинг бошқа бир давлат суверен ҳудудига бостириб кириши замонавий дунё тартибига сира мос келмайдиган бир воқелик сифатида кўрилиб, кўпчилик бунинг амалга ошишига шубҳа билан қаради. Қолаверса, Россия ҳукумати Украинага бостириб кириш режаси ҳақидаги фаразларни доимий равишда инкор қилиб келди, айни пайтда Украина чегараларига ўз қўшинларини жойлаштиришда, уларнинг сафини муттасил кенгайтиришда давом этди.

2022 йил 24 февралда Россия Украинани «демилитаризация ва денацификация қилиш зарурати» юзасидан «махсус ҳарбий операция» бошлаганлигини эълон қилди.

Россия ҳукумати дунё ҳамжамияти томонидан мустақил давлат суверенитетига тажовуз сифатида баҳоланган мазкур «махсус ҳарбий операция»ни НАТОнинг Россия чегараларига томон кенгайиши ва Украинанинг НАТОга қўшилиш ҳаракатлари, Донбасcда этник русларга нисбатан «геноцид», айрим баёнотларига кўра эса Украина таркибидаги эскитдан Россияга қарашли бўлган ҳудудларни қайтариш истаги билан изоҳлади. Коллектив Ғарб ҳамда бошқа бир қатор давлатлар Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини кескин қоралаб, унга нисбатан оғир санкциялар киритишни бошлади. Икки томон ўртасида кечган қатор музокаралар муросага олиб келмади.

Босқиннинг илк кунларида Зеленский ҳамкор давлатлар томонидан Украинани хавфсиз ташлаб чиқиш учун таклиф этилган ёрдамларни қатъий рад этди. Украина бир неча ойлар давомида муттасил ҳужумларга дош берди. Сентябрь ойи бошида эса қарши ҳужумга ўтиб, рус қўшинлари томонидан эгаллаб олинган ҳудудларни бирин-кетин ўз назорати остига қайтара бошлади. Украина қарши ҳужумни кучайтиргани ортидан Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинди. Шунга қарамай, ноябрь ойига келиб рус қўшинлари Украина жануби-шарқидаги Херсон шаҳрини тарк эта бошлади. Зеленский энди Россия билан музокараларда 2014 йилда босиб олган Қримни қайтариб олиш талабини ҳам кун тартибига қайтарди. Айни пайтда, ўз талабларида қатъий туриб, муросага ўрин қолдирмай келаётган Россия президенти сўнгги ойларда Украина билан музокараларга тайёрлигини ва уруш якунланишининг эҳтимолий ечимларини маълум қилган бўлса-да, ҳар икки томоннинг талабларини қондирадиган аниқ ечимда тўхталиш вақт масаласи эканлигича қолмоқда.

The Economist нашрига кўра, Украинадаги уруш дунёни тарихнинг қонли даврларига қайтармоқда. Уруш оқибатидаги йўқотишлар кўлами ҳали расман очиқланмаган бўлса-да, АҚШ ҳар икки томондан 200 минг нафар ҳарбий ҳалок бўлгани ёки турли даражада жароҳатланганини, 40 мингга яқин тинч аҳоли ҳалок бўлганини тахмин қилмоқда.

Россиянинг Украинадаги «махсус-ҳарбий операцияси» ортидан глобал миқёсда гуманитар инқироз чуқурлашди, энергия инқирози, нархларнинг кескин кўтарилиши, таъминот занжиридаги узилишлар ва озиқ-овқат тақчиллиги юзага келди. Европа Иттифоқида шу вақтгача энергоресурслар бўйича асосий таъминотчи бўлган Россия билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида энергетика хавфсизлиги, энергетика бозори диверсификацияси ҳамда муқобил энергия манбаларига ўтиш суръатлари сезиларли тезлашди.

Гуманитар инқирознинг чуқурлашуви

Польшанинг Познань шаҳрида украиналик қочқинлар учун ташкил этилган вақтинчалик турар жой. 2022 йил 18 март. Фото: Piotr Skornicki / Reuters / MeduzaПольшанинг Познань шаҳрида украиналик қочқинлар учун ташкил этилган вақтинчалик турар жой. 2022 йил 18 март. Фото: Piotr Skornicki / Reuters / Meduza

2022 йилда глобал миқёсда гуманитар — қочқинлар инқирози сезиларли даражада чуқурлашди. Йилнинг биринчи ярмидаёқ дунё бўйлаб турли таъқиблар, низолар, зўравонликлар, инсон ҳуқуқлари бузилиши ёки сиёсий тартибсизликлар оқибатида ўз ватанини тарк этган, шунингдек, ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган, бироқ ўз ватанида яшашни давом эттираётганлар сони 100 миллиондан ошиб кетган эди.

БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича агентлигига кўра, Россиянинг Украинага бостириб кириши дунё миқёсида гуманитар инқирозни чуқурлаштириб, Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги даврда кузатилган энг тез ва энг йирик қочқинлар ҳамда мамлакат ичида ўз яшаш жойини тарк этганлар инқирозига сабаб бўлди. Aйни пайтда ўз ватанини ташлаб чиққан қочқинлар сони бўйича Сурия, Венесуэла ҳамда Украина дастлабки учталикда қолмоқда.

Энергия инқирози

«Шимолий оқим» қувурларидаги «сирли портлашлар» оқибатида Болтиқ денгизи юзасида «қайнаб турган» газ. 2022 йил 30 сентябрь. Фото: Danish Defence Command / Reuters / Meduza«Шимолий оқим» қувурларидаги «сирли портлашлар» оқибатида Болтиқ денгизи юзасида «қайнаб турган» газ. 2022 йил 30 сентябрь. Фото: Danish Defence Command / Reuters / Meduza

Россия ҳарбий қўшинларининг Украинага расман кириб келишигача бўлган даврда ҳам энергоресурслар бозорида нархлар, қисман Россиянинг «Шимолий оқим 2» лойиҳаси атрофидаги ноаниқликлар ортидан, кескин ўзгарувчан тенденцияни намоён қилиб келаётган эди.

24 февралдан кейин муқаррар бўлиб турган энергия инқирози кучайиб кетди. World Economic Forum’га кўра, Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари энергия инқирозига қуйидагича таъсир кўрсатган:

  • энергия нархларининг ўсиши;
  • савдо оқимларининг ўзгариши ва таклиф танқислиги;
  • ҳукуматларнинг энергетика билан боғлиқ сиёсатларидаги ўзгаришлар;
  • энергия ресурслари нархларининг ўсиши натижасида товар ва хизматлар нархларининг ошиши;
  • атмосферага чиқиндилар бўйича ҳукуматлар мақсадлари;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтишни жадаллаштиришга туртки.

Инфляция

2022 йилда бутун дунё бўйлаб инфляция даражасининг ноодатий тарзда юқори ўсиши кузатилди. Нархларнинг кескин ўсишига бир вақтнинг ўзида ҳам талаб, ҳам таклиф омиллари таъсир кўрсатди.

Талаб нуқтаи назаридан олиб қаралганида, коронавирус пандемияси шароитида чуқур иқтисодий инқирознинг олдини олиш мақсадида аксарият ҳукуматлар давлат харажатларини оширди. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурлари туфайли аҳолининг ихтиёридаги даромадлари ортди. Таклиф нуқтаи назаридан, ҳали ковид пандемияси асоратлари аримаган бир пайтда Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлаши глобал таъминот занжирларига путур етказди ва истеъмол бозорида товарлар танқислигини келтириб чиқарди.

AҚШ-Хитой муносабатларининг кескинлашуви

Тайвань пойтахти Тайбэйдаги АҚШ Конгресси Вакиллари палатаси спикери Нэнси Пелосининг оролга ташрифини олқишловчи лавҳа. 2022 йил 3 август. Фото: Chiang Ying-ying / Associated Press / The ConservationТайвань пойтахти Тайбэйдаги АҚШ Конгресси Вакиллари палатаси спикери Нэнси Пелосининг оролга ташрифини олқишловчи лавҳа. 2022 йил 3 август. Фото: Chiang Ying-ying / Associated Press / The Conservation

2022 йилда Хитой ва АҚШ ўртасидаги рақобат кураши сезиларли кескинлашди. Бунда Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари, Хитой ҳукуматининг бу борада Россияга ҳайрихоҳлиги ҳамда Тайвань билан боғлиқ можаролар муҳим рол ўйнади.

Жо Байден маъмурияти 2022 йил октябрь ойида эълон қилинган Миллий хавфсизлик стратегиясида Хитойнинг «халқаро тартибни глобал ўйин майдонини ўз манфаати томон йўналтирадиган тузум фойдасига қайта шакллантириш истаги ва салоҳиятига эга» эканлигини очиқчасига эътироф этди. АҚШ Хитойнинг ўсишини олқишлаш сиёсатидан воз кечганлигини Пекиннинг Жанубий Хитой денгизини ҳарбийлаштиргани, Россиянинг Украинага босқинини қўллаб-қувватлагани, Тайванга нисбатан таҳдидлар ва интеллектуал мулкни ўғирлаш сингари хатти-ҳаракатлари билан изоҳлади.

Август бошида AҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифига жавобан Хитой Тайван ороли атрофида жанговарликни кучайтирди. Бу, ўз навбатида, ўзаро муносабатларнинг янада таранглашишига сабаб бўлди.

Октябрь ойида АҚШ ҳукумати Хитойга сунъий интеллект каби устувор соҳалар учун зарур бўлган илғор яримўтказгич чиплари ва технологияларини сотишга тақиқ ўрнатди. Ноябрь ойи ўрталарида Байден ва Хитой раҳбари Си Цзинпин G20 саммити доирасида учрашиб, ўзаро кескинликни камайтириш ҳамда иқлим ўзгариши, макроиқтисодий барқарорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда ҳамкорлик қилишга келишиб олишди. Шунга қарамай, жаҳон иқтисодиётида етакчилик ва ҳукмронлик мавқейи, куч-қудрат учун зимдан ёки очиқчасига кураш ҳали давом этиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Буюк Битаниядаги сиёсий-иқтисодий ғалаёнлар

Лиз Трасс Буюк Британия бош вазири лавозимидан истеъфога чиқишини эълон қилмоқда. 2022 йил 20 октябрь. Фото: Reuters / VOAnewsЛиз Трасс Буюк Британия бош вазири лавозимидан истеъфога чиқишини эълон қилмоқда. 2022 йил 20 октябрь. Фото: Reuters / VOAnews

2022 йилнинг иккинчи ярмида Британия ҳукуматида юзага келган сиёсий ғалаёнлар бутун дунё ҳамжамияти диққат марказида бўлди. Мамлакатда июль-октябрь ойлари — тўрт ой ичида икки марта ҳукумат раҳбари алмашди — шу вақт мобайнида мамлакатни учта бош вазир бошқарди.

2019 йилнинг июлида Brexit’ни муваффақиятли амалга ошириш ваъдаси билан Жереми Ҳант устидан ғалаба қозониб, ҳукумат тепасига келган Борис Жонсон 2022 йилнинг 7 июлида муддатидан олдин истеъфо беришга мажбур бўлди.

Жонсон фаолияти давомида мунтазам тўқнаш келган можаролар унинг ҳукуматини кучсизлантирди. Хусусан, Brexit ортидан юзага келган сиёсий инқирознинг авж палласида қироличага парламент фаолиятини тўхтатиб туриш ёки ёпиб қўйиш илтимоси билан мурожаат қилгани кескин танқидларга сабаб бўлди; уни ҳукумат ишлари билан боғлиқ тартиб-қоидаларни менсимасликда, уларни ўз манфаатлари йўлида суиистеъмол қилишда, шунингдек, хайрия маблағларини очиқламагани ортидан ҳатто коррупцияда айблашди; пандемия вақтида қатъий чекловлар, ижтимоий масофаланиш талабларига қарамай, локдаун қоидаларини бузгани ва зиёфатларда қатнашгани сабабли жаримага тортилди.

Борис Жонсон истеъфога чиқиш тўғрисидаги талабларни бир неча ойлар давомида рад этди. Бироқ июль ойига келиб, ҳукумат аъзолари унинг ҳукуматни бошқаришга нолойиқ эканлигини таъкидлаб, бирин-кетин ўз лавозимини тарк эта бошлагач, 7 июль куни истеъфога чиққанлиги ҳақида расман эълон қилди.

6 сентябрда, олти ҳафталик курашдан сўнг, ҳукуматни Лиз Трасс эгаллади. Лиз Трасс қиролича Елизавета II ҳукумат тузишни сўраган энг охирги бош вазирга айланди: у фаолият бошлаганидан икки кун ўтиб — 8 сентябрда қиролича 96 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

Қиролича Елизавета Иккинчининг жасади солинган тобут Виндзор қасрига олиб кетилмоқда. 2022 йил 19 сентябрь. Фото: Евгений Фельдман / MeduzaҚиролича Елизавета Иккинчининг жасади солинган тобут Виндзор қасрига олиб кетилмоқда. 2022 йил 19 сентябрь. Фото: Евгений Фельдман / Meduza

Лиз Трасснинг «паст солиқлар — юқори ўсиш» сиёсати дастлаб сайловда унга ғалаба олиб келган бўлса, кейинроқ мазкур сиёсатнинг салбий оқибатлари бирин-кетин бўй кўрсатди. Фунт стерлинг қадрсизланди, бозор издан чиқди ва мамлакатда молиявий инқироз юзага келди. Октябрь ойи охирига келиб ҳукумат ундан ўз лавозимини бўшатиб қўйишни талаб қилди. Шундай қилиб, бор-йўғи 45 кунлик фаолиятидан сўнг — 20 октябрда Лиз Трасс расман истеъфога чиқди ва Британия тарихига энг қисқа давр ҳукуматга раҳбарлик қилган бош вазир сифатида муҳрланди.

Навбатдаги сайловларда Британиянинг собиқ молия вазири, Жонсоннинг истеъфосида асосий рол ўйнаган Риши Сунак ғалаба қозонди ва 25 октябрда расман Британия бош вазири сифатида ўз фаолиятини бошлади. Шундай қилиб, чуқур инқироздаги мамлакатни оёққа турғазиш, аввалги ҳукуматнинг хатоларини тўғрилаш Риши Сунакнинг зиммасига юкланди.

Мамлакатда ҳукм сураётган оғир иқтисодий муҳит Қўшма Қиролликнинг Европа Иттифоқига қайта қўшилиши мумкинлиги ҳақидаги фаразларни келтириб чиқармоқда. Ҳатто Россия ҳукумати расмийси Дмитрий Медведев ўзининг Twitter’даги саҳифасида 2023 йилда Қўшма Қиролликнинг Европа Иттифоқига қўшилишини тўлиқ ишонч билан башорат қилди. Guardian нашрига кўра, Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари минтақа хавфсизлигига таҳдид солаётгани нуқтаи назаридан айни пайтда Британия ҳукумати ва бошқа Европа давлатлари ўртасидаги муносабатлар илиқлашган. Шунга қарамай, Brexit атрофидаги узоқ йиллик музокаралар ҳар икки томон расмийларининг ўзаро ишончига путур етказган, унинг тикланиши эса вақт масаласи.

Покистондаги сиёсий, иқтисодий ва иқлим инқирозлари

Покистоннинг Белужистон провинциясида юз берган тошқинлар оқибати. 2022 йил 26 август. Фото: Hussain / AFP / UNICEFПокистоннинг Белужистон провинциясида юз берган тошқинлар оқибати. 2022 йил 26 август. Фото: Hussain / AFP / UNICEF

2022 йилда Покистон бир вақтнинг ўзида сиёсий, иқтисодий ва иқлим инқирозлари оқибатларини бартараф этиш зарурати қаршисида танг қолди. Апрель ойида Покистон парламенти бош вазир Имрон Хонни ишончсизлик вотуми билан муддатидан олдин лавозимидан четлаштирди. Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми эълон қилиш таклифи билан чиққан мухолифат партия уни COVID-19 пандемияси фонида издан чиққан иқтисодиётни тиклай олмаганликда, Покистонни коррупциядан холи қилиш тўғрисидаги ваъдаларини бажармаганликда айблади. Имрон Хон мухолифат партияни уни лавозимидан четлатиш мақсадида АҚШ билан тил бириктирганликда айблаб, буни «Хитой ҳамда Россияга қаршилик масалаларида Вашингтон тарафида туришни рад этгани ортидан АҚШ бошчилигидаги фитна» деб атади.

11 апрель куни Имрон Хоннинг ўрнига, кутилганидек, мухолифат партия етакчиси, собиқ бош вазир Навоз Шарифнинг укаси Шаҳбоз Шариф парламент томонидан янги бош вазир этиб сайланди. Шунга қарамай, Имрон Хон ҳокимият учун курашни давом эттирди. Муддатидан аввал сайловлар ўтказилишини талаб қилиб, ўз тарафдорлари иштирокида Лаҳордан пойтахт Исломободга томон йўлга чиққан норозилик автокарвонига йўлбошчилик қилиб кетаётган вақтида уюштирилган суиқасд натижасида яраланди. Сайловларсиз ҳокимият тепасига келган амалдаги ҳукумат эса овоз бериш жараёнини аввалдан режалаштирилганидек фақат 2023 йилда ўтказилишини таъкидлади.

Мамлакатдаги сиёсий инқироз иқтисодий инқироз билан бир вақтда кечмоқда. Покистон айни пайтда давлат қарзларини молиялаштириш ҳамда импорт учун етарли валюта захираларига эга эмас. Бунинг устига, август ойида мамлакатда кучли муссон ёмғирлари ва музликларнинг эриши натижасида кузатилган эпик тошқинлар сиёсий-иқтисодий инқирозни янада чуқурлаштирди. Тошқинлар мамлакатнинг қарийб учдан бир қисмини қамраб олди, натижада миллионлаб одамлар азият чекди, юз минглаб аҳоли бошпанасиз қолди.

Уч томонлама инқироз оқибатлари ортидан 2023 йил Покистоннинг 225 миллионлик аҳолиси учун оғир келиши мумкин.

Қозоғистондаги тартибсизликлар

Фото: Abduaziz Madyarov / AFP / MeduzaФото: Abduaziz Madyarov / AFP / Meduza

Январь бошларида Қозоғистоннинг Мангистау вилояти Жанаозен шаҳрида суюлтирилган газ нархлари кескин оширилиши ортидан бошланган норозилик намойишлари мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам тарқалиб, оммавий тартибсизликларга айланиб кетди.

4 январь куни Мангистау вилоятида нархлар пасайтирилганлиги эълон қилинди, бироқ бу намойишларни тўхтатмади. Намойишчилар мамлакатдаги коррупция, камбағаллик ва тенгсизликка қарши норозиликларини билдириб, ижтимоий-иқтисодий талаблардан сиёсий талабларга ўтишди. Улар, хусусан, собиқ президент Нурсултон Назарбаевнинг ҳокимиятдан бутунлай кетишини талаб қилишди.

Воқеалар ривожида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқди, мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини эгаллаб, Нурсултон Назарбаев истеъфога чиқди. Бироқ оммавий тартибсизлар янада кучайиб борди.

Мамлакат президенти тартибсизликларни халқаро террористик агрессив ҳаракат деб атади, КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларидан ёрдам сўради ва мамлакатда аксилтеррор операция бошланганини маълум қилди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши Қозоғистон президенти мурожаатидан сўнг, мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш мақсадида «тинчликпарвар кучларни вақтинчалик миссия билан» сафарбар қилди.

8 январдан мамлакатда вазият барқарорлашди. 13 январдан бошлаб КХШТ тинчликпарвар кучлари Қозоғистон ҳудудини тарк эта бошлади. Маълумотларга кўра, январь воқеаларида, умумий ҳисобда, мамлакатда 4578 киши жабрланган, жумладан, 4353 киши жароҳатланган, 238 киши ҳалок бўлган.

Эрондаги норозилик намойишлари

Маҳса Аминий ўлимининг 40-кунида у дафн этилган қабристон томон йўлга чиққан автокарвон, 2022 йил 26 октябрь. Фото: AFP / MeduzaМаҳса Аминий ўлимининг 40-кунида у дафн этилган қабристон томон йўлга чиққан автокарвон, 2022 йил 26 октябрь. Фото: AFP / Meduza

Сентабрь ойида Теҳронда «ахлоқ полицияси» томонидан ҳибсга олинган Маҳса Aминий полиция ҳибсхонасида вафот этгани тўғрисидаги хабар ортидан Саққез шаҳрида бошланган норозилик намойишлари тўлқини бутун мамлакат бўйлаб ёйилди ва намойишни куч билан бостириш вақтидаги оммавий қирғинларга сабаб бўлди. 22 ёшли талаба қиз ҳижобни тўғри ўрамаганлиги учун «ахлоқ полицияси» томонидан ҳибсга олинган эди.

Маълумотларга кўра, мамлакат расмийлари AҚШ ва Исроилни норозилик намойишларини ташкил қилишда айблаган, бироқ норозиликларнинг ҳукуматнинг сиёсий қатағонлари, коррупция ҳамда иқтисодиётдаги нотўғри бошқарув сабаб оммавий тус олган.

Ҳукумат намойишларни куч билан бостиришга ҳаракат қилди. Инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, мамлакат хавфсизлик кучлари сув пуркагичлардан фойдаланган, шунингдек, ўқ узган, намойишчилар эса тош отган, полиция машиналарига ва жамоат биноларига ўт қўйган. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари гуруҳлари намойишлар вақтида камида 450 киши ўлдирилганини маълум қилган. The New York Times Эрон расмийлари намойишчиларни омма олдида қатл қила бошлагани тўғрисида хабар қилди.

Иқлим ўзгариши оқибатларининг тезлашуви

Испаниянинг Вильярта-де-лос-Монтес муниципалитетидаги қуриб қолган сув омбори. 2022 йил 6 август. Фото: Susana Vera / Reuters / MeduzaИспаниянинг Вильярта-де-лос-Монтес муниципалитетидаги қуриб қолган сув омбори. 2022 йил 6 август. Фото: Susana Vera / Reuters / Meduza

Якунига етаётган йил экстремал об-ҳаво шароитлари, аниқроқ айтганда, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатлари яққол юзага чиққани ва кенг кўламли йўқотишларга олиб келгани билан ҳам диққатга сазовор бўлди. Хусусан, экстремал юқори ҳарорат, тошқинлар, бўронлар, қурғоқчиликлар ҳукуматларни иқлим ўзгаришлари оқибатларини юмшатишда сўздан ҳаракатга кўчишга ундади.

Рекорд даражадаги иссиқлик тўлқинлари Европада ўрмон ёнғинларини келтириб чиқарди. AҚШ жануби-ғарбида фавқулодда қурғоқчилик кузатилди, сув ҳавзалари қисқарди ва экинлар ҳосилдорлиги пасайиб кетди. Покистонда иссиқлик тўлқинлари ортидан эпик муссон ёмғирлари бошланиб, мамлакатнинг учдан бир қисми сув остида қолди. Ҳиндистон ва қатор Европа давлатларида музликларнинг эриши кузатилди. Шарқий Африкадаги қурғоқчилик ортидан миллионлаб аҳоли очарчиликдан азият чекди.

Иқлим ўзгариши бўйича ташланган муҳим қадамлардан бири Мисрнинг Шарм-ал-Шайх шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг иқлим масалалари бўйича конференцияси — COP27 йиғилиши бўлди. Йиғилишда ривожланган мамлакатлар томонидан иқлим ўзгаришидан камбағал мамлакатлар кўрган зарарни компенсация қилишни назарда тутувчи Loss and Damage («Йўқотиш ва зарар») жамғармасини тузиш ҳақидаги келишувга эришилди. Шунга қарамай, атмосферага ажратилаётган карбонат ангидрид ҳажми ўсишда давом этмоқда.

Қатар-2022

Аргентина терма жамоаси сардори Лионель Месси Жаҳон чемпионати кубоги билан. Фото: Tom Jenkins / The GuardianАргентина терма жамоаси сардори Лионель Месси Жаҳон чемпионати кубоги билан. Фото: Tom Jenkins / The Guardian

Футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионати бир қатор ўзига хос жиҳатлари билан алоҳида эътиборга молик. Тўрт йилда бир марта ўтказилувчи чемпионатнинг 20 ноябрдан 18 декабргача давом этган навбатдаги — 22-турнирига илк марта араб давлати — Қатар мезбонлик қилди. Шунингдек, бу 2002 йилда Япония ва Жанубий Кореяда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатидан кейин Осиёда ўтказилган иккинчи мундиал ҳамдир.

Яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, Қатардаги экстремал ёз иқлими туфайли бу йилги чемпионат ноанъанавий тарзда куз-қишки мавсумда ўтказилди. 2022 йилги жаҳон чемпионати, шунингдек, турнир давомида илк марта аёл ҳакамларнинг майдонга тушгани, мезбон меҳнатини қадрлашнинг японларга хос намунаси, ўйинлардаги сенсацион натижалар, Мессининг узоқ кутилган орзуси, Аргентинанинг тарихий чемпионлиги ҳамда Франциянинг аламли мағлубияти билан эсда қоларли бўлди.