Нью-Йоркда Украина атрофидаги вазият бўйича БМТ Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилиши чақирилди. Иштирокчилар РФни зудлик билан ҳарбий операцияни тўхтатишга ва қўшинларни Украинадан чиқаришга чақирди.

Жумладан, Германиянинг БМТдаги доимий вакили Антье Лендертсе ҳозирда барча иштирокчилар Европа бир неча авлоддан буён гувоҳ бўлмаган ҳарбий эскалация вақтида учрашиб туришганини таъкидлаб, Москвани зудлик билан ҳарбий операцияни тўхтатишга ва ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишга чақирди, дейилади РИА Новости хабарида.

«Биз юз бериши мумкин бўлган энг ёмон воқеанинг олдини олишга уриниб, шошилинч йиғилиш чақирган бир вақтимизда, барчамиз Россия президенти Донбассда махсус ҳарбий операцияни бошлашга буйруқ берганидан хабар топдик, Россия бор ҳаракатни Украинани демилитаризациясига йўналтирган. Россия шу тариқа урушни танлади. Франция бу операцияни энг кескин тарзда қоралайди», деб қайд этган Франциянинг БМТдаги доимий вакили Николя де Ривьер.

Американинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд Вашингтон Москвани қоралайдиган резолюция лойиҳасини киритишини маълум қилган.

«Биз Кенгашда тинчликка эришиш умидида йиғилган бир вақтимизда, Путин уруш ҳақида эълон қилди. Бу жиддий фавқулодда ҳолат. Кенгаш ҳаракат қилиши керак ва биз эртага тақдим қиламиз <...> Бугун президент Байдент айтганидек, Россия ушбу ҳужум оқибатида бўладиган вайронагарчиликлар ва қурбонлар учун жавобгар бўлади. Бизнинг иттифоқдошларимиз ва шерикларимиз ягона ва қатъий тарзда бунга жавоб қайтаради. Дунё Россияни жавобга тортади», деган Линда Томас-Гринфилд.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Россиянинг Донбассдаги операциясини қоралашини маълум қилди.

«Ушбу нотинч дамларда биз Украина ва асоссиз тарзда амалга оширилган босқинчилик оқибатида ўз ҳаётидан ҳавотирга тушаётган бегуноҳ аёллар, эркаклар ва болалар ҳақида ташвиш тортмоқдамиз. Биз Кремльни жавобгарликка тортамиз», — деб ёзган Еврокомиссия раҳбари Twitterда.

Еврокомиссия Россияга қарши янги санкциялар пакетини таклиф этади, деб қўшимча қилган, Урсула фон дер Ляйен.

«Бу санкциялар пакети билан Россия стратегик секторини нишонга оламиз. Россия учун муҳим ҳисобланган технологиялар ва бозорларни ёпамиз. Биз Россиянинг иқтисодий базасини ва унинг модернизацияланиш имкониятларини кучсизлантирамиз. Бундан ташқари, биз Россиянинг Европа иттифоқидаги активларини музлатамиз ва Россия банклари учун Европа молиявий бозорини ёпамиз», — деган ЕК. раҳбари.

БМТ йиғилишидан кейин Канада бош вазири Жастин Трюдо Москвани қоралаб баёнот эълон қилган.

«Канада Россиянинг Украинага амалга оширган йўл қўйиб бўлмас даражадаги ҳужумини кескин тарзда қоралайди. Бу асоссиз ҳаракатлар Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигининг яна бир бор очиқ-ойдин бузилишидан далолат беради», дейилади ҳужжатда.

Жастин Трюдо «Россия томонидан бўлаётган тажовуз тўхтатилиши учун қўшимча чоралар кўрилишини» маълум қилган.

БМТ йиғилишида Россия томонидан унинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя чиқиш қилиб, Ғарб мамлакатлари томонидан Россия агрессия ҳақида билдирилган фикрларни рад этган.

«Биз Украина халқига қарши эмас, Киевда ҳукуматни қўлга олган хунтага қарши агрессия намоён этяпмиз», деб айтган дипломат.

Россия президенти Владимир Путин 24 февраль куни эрталаб миллатга телемурожаатида Донбасс ҳудудида «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилди. Путиннинг мурожаати тугаши биланоқ, Киев, Харьковь, Мариуполь, Одесса ва Украинанинг бошқа шаҳарларида портлашлар бошланди, дея хабар берди УНИАН ахборот агентлиги. Донбассдаги сепаратистлар томонидан ҳам отишмалар бошланди.

Шунингдек, 24 февралга ўтар кечаси БМТ хавфсизлик кенгаши Украина атрофидаги можароларга бағишланган йиғилишни чақирди. БМТ бош котиби ўз чиқишида Россия президенти Владимир Путинни Украинага бостириб киришни тўхтатишни, «тинчликка имкон беришини» сўраган ва тинчлик ўрнатишга чақирди.