Буюк Британия қироличаси Елизавета II 96 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Букингем саройи Twitter’да хабар берди.

Қироличанинг тўнғич ўғли, 73 ёшли шаҳзода Чарльз янги монарх бўлади.

Пайшанба куни Британия қироличаси Балморал қасрида шифокорлар унинг соғлиғидан хавотир билдиргани ортидан тиббий кузатув остида эканлиги маълум бўлди.

Қиролича Елизавета II 1926 йил 21 апрелда Лондонда туғилган. Малика Елизавета Александра Мэри Виндзор Виндзорлар сулоласидан. У Йорк герцоги, Буюк Британиянинг бўлажак қироли Жорж VI (1895−1952) ва Элизабет Боуз-Лён (1900−2002)нинг тўнғич қизи.

Елизавета II 1952 йил 6 февралда 25 ёшида тахтга ўтирди ҳамда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг давлат раҳбари бўлди, шунингдек, Ҳамдўстликнинг 15 та давлати (Австралия, Антигуа ва Барбуда, Багама ороллари, Барбадос, Белиз, Гренада, Канада, Янги Зеландия, Папуа-Янги Гвинея, Цент-Винцент ва Гренадин ороллари, Цент-Киттс ва Невис, Цент-Люсия, Соломон ороллари, Тувалу, Ямайка) қироличаси, Англикан черкови раҳбари, Қуролли кучлар бош қўмондони ва Ман оролининг Лорди ҳам ҳисобланади У шунингдек, 1953 йил 29 майдан 1961 йил 31 майгача Жанубий Африка Қироличаси эди.

2015 йилда Буюк Британия қироличаси ҳозирги энг кекса монарх сифатида тан олинган.

Буюк Британия қироличаси Елизавета IIнинг тўрт фарзанди бор: тахт вориси тўнғич ўғли Чарльз Филипп Артур Жорж (Уелс шаҳзодаси), малика Анна Елизавета Элис Луиза, шаҳзода Эндрю Алберт Кристиан Эдвард (Йорк герсоци), шаҳзода Эдвард Энтони Ричард Луи (Вессекс графи).