Покистон парламенти бош вазир Имрон Хонни ишончсизлик вотуми билан муддатидан олдин лавозимидан четлаштирди, дея хабар қилди BBC News. Хабарда айтилишича, парламент аъзоларининг 174 нафари ҳукумат раҳбарига нисбатан ишончсизлик вотумини билдириш ташаббусини ёқлаб овоз берган.

BBC`га кўра, бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми эълон қилиш таклифи дастлаб мухолифат партия томонидан ўтган ҳафтада илгари сурилган. Бироқ Имрон Хон мазкур ташаббус билан боғлиқ жараённи тўхтатиб қўйган ва парламентни тарқатиб юборган эди.

9 апрель куни Имрон Хоннинг юқоридаги хатти-ҳаракатлари конституцияга зид деб баҳоланганлиги тўғрисида мамлакат Олий судининг қарори эълон қилингач, бош вазир парламентда ишончсизлик вотуми билан истеъфога чиқарилди.

Нашрнинг ёзишича, Имрон Хон ўз тарафдорларини 10 апрель — якшанба куни бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари ўтказишга чақирган. Норозилик намойишлари оммавий характерга эга бўлган тақдирда, у мазкур намойишлар воситасида парламентга босим ўтказиб, муддатидан олдин сайловлар ташкил этишга уриниши мумкин.

Қайд этилишича, Имрон Хон мухолифат партияни уни лавозимидан четлатиш мақсадида АҚШ билан тил бириктирганликда айбламоқда. Собиқ бош вазир буни «Хитой ҳамда Россияга қаршилик масалаларида Вашингтон тарафида туришни рад этганлиги ортидан АҚШ бошчилигидаги фитна» деб атаган. Ўз навбатида, АҚШ мазкур даъволарни мутлақо асоссиз эканлиги ва ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилган.

Шунингдек, мухолифат партия Имрон Хонни COVID-19 пандемияси фонида издан чиққан иқтисодиётни тиклай олмаганликда, Покистонни коррупциядан ҳоли қилиш тўғрисидаги ваъдаларини бажармаганликда айблаган.

Нашрга кўра, Имрон Хоннинг ўрнига мухолифат партия етакчиси, собиқ бош вазир Навоз Шарифнинг укаси Шеҳбаз Шариф келиши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатнинг 75 йиллик тарихида ҳеч бир бош вазир беш йиллик ваколат муддатини якунига етказишга муваффақ бўлмаган. Имрон Хон мамлакат тарихида ишончсизлик вотуми билан лавозимидан четлатилган биринчи бош вазир бўлди. BBC`га кўра, бу Покистонда ҳукумат раҳбарини лавозимидан четлатишнинг ягона конституциявий йўли ҳисобланади.

Маълумот учун, 69 ёшли Имрон Хон етакчилигидаги Tehrik-e-Insaf партияси Покистоннинг учта асосий сиёсий партияларидан бири, 2013 йилги умумий сайловлардан буён мамлакатда ҳукмрон партия ҳисобланади. Профессионал спортчи, собиқ крикетчи ва сиёсатчи Имрон Хон 2018 йилда мамлакат бош вазири лавозимини эгаллаган эди.