Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатда юз бераётган тартибсизликларни халқаро террорчиларнинг агрессив ҳаракати (акт) дея таърифлаб, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатлар раҳбарларига террорчилик таҳдидини бартараф этишда ёрдам сўраб, мурожаат қилди. Бу ҳақда президент Хавфсизлик кенгаши йиғилишида маълум қилди, у аввалроқ ушбу лавозимда Нурсултон Назарбоевнинг ўрнини эгаллаганди. Қозоғистон етакчисининг чиқиши телевидения орқали эфирга (видео) узатилди. «Газета.uz» унинг нутқини эълон қилади.

«Биз уларга қаршилик кўрсатиш мақсадида аксилтеррор операция ўтказишимиз керак. Мен аксилтеррор штабига раҳбарлик қиламан. Қароқчилар, ҳақиқий террорчилар содир этган терактлар статистикаси бизга яхши маълум. [Улар] ҳозирда Олмаота, бошқа шаҳарларда ўзбошимчалик қилмоқда, улар бинолар ва инфратузилмани ва энг муҳими, ўқотар қуроллар жойлашган биноларни эгаллаб олишмоқда, улар билим юртлари курсантлар билан жанг қилишмоқда.

Ҳозирги пайтда Олмаота яқинида Мудофаа вазирлигининг ҳаво-десант бўлинмалари билан уруш кетмоқда, қаттиқ жанг. Шунингдек, менинг тахминимча, қилган ишига кўра, ушбу террористик тўдалар халқаро тоифада бўлиб, улар хорижда жиддий тайёргарликдан ўтганини ҳисобга олиб — биз томонимиздан буни Қозоғистонга ҳужум деб кўриш мумкин — ва агрессив акт деб қараш керак.

Шу муносабат билан, Коллектив хавфсизлик шартномасига таяниб, бугун мен КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларига Қозоғистонга ушбу террорчилик таҳдидини бартараф этишда ёрдам сўраб, мурожаат қилдим.

Аслида бу энди таҳдид эмас. Бу аслида — давлатнинг яхлитлигига путур етказиш ва энг муҳими — мендан давлат раҳбари сифатида зудлик билан ёрдам беришни сўраган фуқароларимизга қилинган ҳужум.

Менинг конституциявий бурчим фуқароларимизнинг фаровонлиги, хавфсизлиги ва хотиржамлиги юзасидан ғамхўрлик қилишдан иборат. Шу боис, КХШТ бўйича ҳамкорларимизга қилган мурожаатим ўринли ва ўз вақтида бўлди деб ҳисоблайман. Ўйлайманки, Қозоғистон халқи бу қарорни қўллаб-қувватлайди. Табиийки, биргаликда биз, ғалаба қозонамиз.

Аввал айтганимдек, террорчилик тўдалари йирик инфратузилма объектларини қўлга олишмоқда. Хусусан, Олмаота аэропорти, бешта самолёт, жумладан, хорижий самолётлар қўлга олинган. Олмаота ҳужумга, ҳалокатга, вандализмга учради. Олмаота аҳолиси жабрланмоқда, нафақат жабрланмоқда, улар террорчилар, қароқчилар ҳужумининг қурбони бўлишди.

Шунинг учун, бизнинг, шу жумладан, шу ерда ҳозир бўлган Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгашининг бурчи — давлатимизни ташқи таҳдиддан ҳимоя қилиш учун мумкин бўлган барча чораларни кўришдан иборат.

[…]

Террорчилар агрессив ҳаракати қурбонига айланган Қозоғистон фуқароларига, жумладан, пойтахт, Олмаота, бошқа шаҳарлар аҳолиси бўладими мурожаат қилмоқчиман — мен сизларни ишонтириб айтаманки, Қозоғистон президенти сифатида сизнинг манфаатларингиз, ҳаётий манфаатларингизни ҳимоя қилиш учун барча қўлимдан келадиган чораларни кўраман ва ўйлайманки, биз биргаликда ғалаба қозонамиз.

Бу бизнинг мамлакатимиз тарихидаги жуда мураккаб саҳифадир. Кўп нарсаларни — қандай қилиб, нима сабабдан содир бўлганини ўрганишимиз керак. Бироқ, ҳозир энг муҳими — мамлакатимизни ҳимоя қилиш, фуқароларимизни ҳимоя қилиш".

5 январь куни эрта тонгда, Олмаотада жиддий вазият тус олгунича, Қасим-Жомарт Тоқаев ўзининг баёнотида, норозиликларга йўл қўйгани учун алоҳида жавобгарлик ҳукумат бўйнида эканлигини айтиб, ижро ҳокимияти инфляцияни ушлаб туриш вазифасини уддалай олмаганини таъкидлаганди.

Олмаотада намойишчилар шаҳар ҳокимлиги (акимат) биносини, президент қароргоҳини, аэропорт ва бошқа объектларни қўлга олишди, дўконлар ва савдо марказлари вайрон қилинди.

Фавқулодда ҳолат аввалига, Олмаота ва Мангистау вилоятида жорий қилинганди, кейинчалик президент фармонлари билан бутун мамлакатда қўлланилди.

Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов истеъфога чиқарилди, унинг ўрнини аввал Давлат хавфсизлик хизматига раҳбарлик қилган Ермек Сагимбаев эгаллади. Шунингдек, қўмита раиси ўринбосари — «А» махсус хизмати директори ҳам алмаштирилди, ушбу лавозимга Берик Кунанбаев тайинланди.

Vlast.kz хабар беришича, 6 январь куни кечқурун Олмаота аэропорти озод қилинган, ҳозирда одатий иш тартибига қайтариш чоралари кўрилмоқда

Қозоғистон ИИВ 8 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари вафот этгани, яна 317 нафари жароҳатланганини маълум қилди.

Чоршанба куни тунда чекланган интернет, пайшанба куни кечаси тиклана бошлади. Қозоғистон интернет нашрлари яна очила бошлади.

Маълумот ўрнида, КХШТга — Тожикистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, шунингдек Арманистон аъзо ҳисобланади.