Ўзбекитон муссон ёмғирлари оқибатида сув тошқинларидан азият чеккан Покистон халқига инсонпарварлик юкини жўнатди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Тошкентдан ҳарбий ҳаво транспорти орқали қарийб 40 тонна юк етказилади. Унинг ичида озиқ-овқат маҳсулотлари: ўсимлик ёғи, ун, гуруч, гўшт консервалари, қандолат ва макарон маҳсулотлари, шунингдек тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа товарлар бор.

Покистонда муссон ёмғирлари ва сув тошқинлари 30 млндан ортиқ кишининг кундалик ҳаётини издан чиқарган. Мамлакатнинг ғарби ва жанубидаги Балужистон ва Синд провинциялари энг кўп зарар кўрган. Юз минглаб одамлар бошпанасиз қолган.

Келтирилишича, мамлакат дунё ҳамжамиятига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Кучли ёмғир ва кенг кўламли тошқинлар натижасида 1000 дан ортиқ одам вафот этган.

Бугунги кунга қадар Покистондаги сув тошқинлари натижасида 500 мингга яқин одам уй-жойини тарк этган, уларнинг аксарияти вақтинчалик лагерларда бошпана топган. Бўрон миллионга яқин уйни вайрон қилди, 700 минг бош қорамол йўқолди.

Транспорт инфратузилмасига жиддий етгани гуманитар вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қарийб 3500 км йўл ва 150 та кўприк шикастланган. Кўплаб жабрланганлар чуқурликларга тушиб қолган ва хавфсизроқ жойларга қочиб қутула олмаяпти. Бундан ташқари, уларга ёрдам бериш қийин.

БМТ мамлакатдаги вазиятдан жабр кўрганларга ёрдам бериш учун 160 млн доллар сўрамоқда.