6 июнь куни Жамоатлар палатасидаги (парламентининг қуйи палатаси) ҳукмрон Консерватив партия фракцияси томонидан ҳукумат раҳбарига ишончсизлик вотуми билдириш бўйича яширин овоз беришдан сўнг Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ўз лавозимини сақлаб қолди, деб хабар бермоқда BBC.

Жонсон етакчилик қиладиган Консерватив партиясидан 54 нафар парламент аъзоси бош вазирга ишончсизлик вотумини эълон қилиш чақириғи билан чиққан эди. Бу рақам масалани партиянинг парламентдаги фракцияси овозига қўйиш учун етарли.

Январь ойида Борис Жонсон 2020 йилда коронавирус пандемияси авж олган пайтда карантин қоидаларини бузгани ва Даунинг-стритдаги 10-уйдаги бош вазир қароргоҳида тадбирлар ўтказгани учун парламентда депутатлар ва мамлакат халқидан узр сўраган эди. 2020 йил июнь ойида Жонсон ва унинг рафиқаси Вазирлар маҳкамаси раҳбарининг туғилган кунида зиёфат уюштиргани учун Лондон полицияси томонидан жаримага тортилди.

Жонсоннинг партиядошлари ва мухолифатдаги, хусусан, лейбористлар партиясидаги ҳамкасбларига нафақат бош вазирнинг карантин чекловларини қайта-қайта бузгани, балки бош вазир идораси тузилмаси бу қонунбузарликларни текшириш усулини ҳам ёқтирмайди. Полиция ва ҳукумат раҳбари девони карантин даврида бош вазир билан йиғилишлар бўйича текширувлар ўтказганди.

Душанба куни консерваторлар фракцияси томонидан ўтказилган яширин овоз беришда Жонсонни парламентдаги Консерватив партия аъзоларининг 58,5 фоизи қўллаб-қувватлади (керакли 50 фоиз + 1 овоз, яъни камида 180 овоз). Бош вазирни 211 депутат қўллаб-қувватлади, 148 нафари қарши чиқди.

Партия низомига кўра, ишончсизлик вотуми бўйича такрорий овоз бериш тартиби камида бир йилдан кейин ўтказилиши мумкин.

Жонсон Консерватив партияни бошқаради ва 2019 йилдан бери Британия бош вазири ҳисобланади. У 2008−2016 йилларда кетма-кет икки муддат Лондон мэри лавозимида ишлаган. У Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши — Brexit`нинг фаол тарғиботчиси эди. 2016−2018 йилларда Тереза Мэй кабинетида ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган. Шунингдек, Мэй ҳам 2018 йилда Brexit бўйича музокаралар чоғида ишончсизлик вотумидан ўтган. Ўшанда Мэйни консерваторларнинг 63 фоизи қўллаб-қувватлаган эди, олти ойдан сўнг эса Мэй истеъфога чиққан эди.