Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2 январь куни намойишлар бошланган Мангистау вилоятида ҳамда Олмаота шаҳрида фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонларни имзолади.

«Вазият кескинлашуви муносабати билан жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қонунийлик ва тартибни тиклаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида», 5 январь куни соат 1:30 дан 19 январь 00:00 га қадар фавқулодда ҳолат жорий этилади, дейилади Оқўрда сайтида.

Олдинроқ президент телевизор орқали Қозоғистон халқига мурожаат қилиб, юртдошларини «ақл билан иш кўришга, ички ва ташқи иғволарга берилмасликка, митингчилар ва ўзбошимчаликлар эйфориясига учмасликка» чақирди.

Чекловлар

Фавқулодда ҳолат даври учун Олмаота ва Мангистау вилояти комендатуралари ташкил этилди. Олмаота Полиция департаменти раҳбари Канат Таймерденов шаҳар коменданти, Мангистау вилояти Полиция департаменти раҳбари Жанарбек Бактыбаев вилоят коменданти этиб тайинланди.

Қуйидаги чора-тадбирлар ва вақтинчалик чекловлар киритилди:

  • жамоат тартиби, муҳим давлат ва стратегик объектлар, шунингдек аҳолининг ҳаёт фаолиятини ва транспорт ҳаракатини таъминловчи объектларни қўриқлаш кучайтирилди;
  • шаҳарда ҳаракатланиш эркинлиги, шунингдек транспорт воситаларининг ҳам чекланди;
  • жисмоний шахсларнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатларини текшириш, шахсни тинтув қилиш, уларнинг нарсалари ва транспорт воситаларини тинтув қилиш жорий қилинди;
  • Олмаотага кириш ва чиқиш чекланди;
  • тинч йиғилишлар, кўнгилочар, спорт ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланди;
  • юридик шахсларнинг фаолиятини тўхтатувчи ёки тугатувчи намойишлар ва бошқа усуллар тақиқланди;
  • қурол, аслаҳа, портловчи моддалар, махсус воситалар, заҳарли моддаларни сотиш тақиқланди. Дори, наркотик воситалар, психотроп моддалар, прекурсорлар, шунингдек этил спирти ва алкоголь маҳсулотларини сотиш бўйича махсус режим жорий қилинди;
  • жисмоний шахслардан қурол-аслаҳалар, заҳарли моддалар вақтинчалик олиб қўйилади, юридик шахслардан эса шу билан биргаликда жанговар ва ўқув ҳарбий техника, портловчи ва радиоактив моддалар ҳам олиб қўйилади.

Истеъфолар

Қозоғистон президенти яна қатор фармонларга ҳам имзо чекди. Улардан бири билан ҳукуматнинг истеъфоси қабул қилинди. Бош вазир вазифаларини бажариш бош вазирнинг биринчи ўринбосари Алихан Смаиловга юклатилди.

Ҳукумат аъзолари ҳукуматнинг янги таркиби тасдиқлангунига қадар ўз вазифаларини бажаришда давом этишади.

Крымбек Кушербаев Қозоғистон давлат котиби лавозимидан озод этилди. Ушбу лавозимга президент ёрдамчиси Ерлан Карин тайинланди.

Президент администрацияси раҳбарининг собиқ ўринбосари Мурат Нуртлеу президент фармойиши билан Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.


Олмаота. Фото Алмас Кайсар / Vlast.kz.

2 январь куни Мангистау вилояти Жанаозен шаҳрида суюлтирилган газ нархи оширилганидан сўнг бошланган намойишлар Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларига, жумладан пойтахт Нур-Султон шаҳрига ва собиқ пойтахт Олмаотага ҳам тарқала бошлади. 4 январь куни Мангистау вилоятида нархлар пасайтирилганлиги эълон қилинди, бироқ бу намойишларни тўхтатмади. Намойишчилар ижтимоий-иқтисодий талаблардан сиёсий талабларга ўтишди. Чоршанбага ўтар кечаси намойишчилар Олмаота кўчаларида юриш қилишди, полиция нурли ва шовқинли гранаталардан фойдаланди.

5 январь куни эрталаб Олмаота шаҳри раҳбари Бакитжан Сагинтаев шаҳар аҳолисига мурожаат билан чиқди, дея хабар беради Vlast.kz. У экстремистик ҳаракатлар ва мамлакатда дестабилизация қилишга уринган ички ва ташқи кучларни айблаб, шаҳардаги вазият ҳақида маълум қилди.

«Ҳозир шаҳардаги вазият назоратга олинган. Провокаторлар ва экстремистлар қўлга олинмоқда. Намойишни бошлаганлар аниқланяпти», — деди у.