Шу йилнинг 25 октябридан Буюк Британиянинг 57-бош вазирига айланган, бадавлатликда мамлакат қиролиниям ортда қолдирадиган, собиқ ҳамкасбларидан ёш масаласида илғор (1783 йили 24 ёшида сайланган Уилям Питт Кичкинадан ташқари, албатта) Риши Сунак шахси, сиёсий қарашлари ва келажакка тузган режалари шу кунларда кўпнинг диққат марказида турибди. «Газета.uz» инглиз давлатчилигидаги илк ҳинд бош вазирнинг юқори мансаб пиллапоясига қаердан, қандай етиб келгани ҳақида материал тайёрлади.

Ҳинд боласининг инглизча олами

Жанубий Англиядаги порт шаҳарча — Саузҳемптонда, афро-ҳинд оиласида туғилган тўнғичвойнинг кун келиб Буюк Британияни бошқарувчи вазирга айланиши кўпчилик учун кутилмаган (балки кутилган) ҳодиса бўлди.

Фото: Риши Сунак / Twitter.

Отаси Яшвир ва онаси Уша Сунак яхши яшаш, болаларини тузукроқ мактабларда ўқитиш, дуруст таълим бериш ниятида Шарқий Африкадан (вазирнинг ота-боболари инглиз мустамлакаси пайтида Панжоб штатидан қочиб, Кения ва Танзанияга келиб ўрнашадилар) хижрат қилгач, отаси умумий амалиёт шифокори, онаси мўъжаз дорихонасини юритишда давом этади. Оилада бир тутум доимий қоида эди — болалар таълимидан ҳеч нимани аямаслик шарт! Шу анъана сабаб Риши билан қолган фарзандлар қиммат, анча-мунча ўртаҳол оила чўнтаги кўтаролмайдиган мактабларда таҳсил олишади.

Сунак хусусий мактабда саводини чиқаргач, таълимни Винчестер коллежида давом эттиради. Мактаб даврида ҳам синфнинг энг олди, чаққон, ҳар ишда фаол ва билимли ўқувчи бўлгани кейинги босқичларда асқатади. Универистетлардан Оксфордни танлаб, сиёсат, фалсафа ва иқтисодиёт бўйича маърузалар тинглайди.

Чапдан ўнгга: Риши Сунакнинг рафиқаси Акшата Мурти, онаси Уша ва отаси Рашвир Сунак. Фото: Wiktor Szymanowicz / Anadolu Agency / AFP.

Айни шу уч соҳа Британиянинг собиқ бош вазирлари, нуфузли давлат арбоблари, сиёсатдонлари таржимаи ҳолида кўп такрорланади. Сунак ҳам уларнинг муносиб давомчисидек майдонга чиқишида шунга таянган бўлса, ажабмас. Оксфорддаги тинка қуритар, ниҳоясиз вазифаларни аъло даражада топширадиган ҳинд талабаси ўқишни биринчи даражали диплом билан тамомлайди.

Орадан муайян вақт ўтиб, халқаро бизнес бошқаруви бўйича Стендфорд университетида ўқийди. Силикон водийсининг қоқ марказида бизнес бошқарувини ўрганган сиёсатчи: «Стенфорд сени кенгроқ фикрлашга ўргатади, одатдагидан кенгроқ ва ўзгаришларга динамик равишда яқинлашишга ундайди», деганди интервьюларининг бирида. Ўқиш пайти бир неча компанияларда тажриба оширади, амалиёт ўтайди. Табиатан тиришқоқ талаба тез кўзга ташланиб, айрим компаниялардан ишга таклифлар ҳам тушади.

Қиролдан-да бой вазир

Америкада шахсий ҳаёти, бизнес-даромади, яна сиёсатдаги муваффақиятларига сабабчи бўлган турмуш ўртоғи — Акшата Мурти билан танишади. Гарчи Стенфорддаги устозлари Ришининг қандай талаба бўлганини эслай олишмаса-да, рафиқаси Акшатанинг ўта истеъдодли, уддабурро, заковатли талаба бўлганини таъкидлашади. Декан ҳам қизнинг миллиардер отаси — Infosys асосчиси ва Стенфорд бизнес мактаби маслаҳат кенгаши аъзоси Нараяна Мурти билан яқин дўстлигини яширмайди.

Кўпчилик «Ҳиндистоннинг Билл Гейтси» деб эътироф этадиган миллиардер Нараяна Муртининг қизи Акшата Мурти отасининг Infosys дастурий таъминот компаниясида тахминан, 700 миллион фунт стерлинг ёки 0.91 фоиз акцияга эгалик қилади. 2009 йили Бенгалуру шаҳарчасида мингдан ошиқ меҳмон гувоҳлигида оила қурган жуфтликнинг Кришна ва Анушка исмли қизлари бор. Қизиғи, шу йилнинг апрелида Мурти Буюк Британияда доимий яшаш мақомига эга бўлмай, халқаро даромадларидан келиб чиқиб тўланадиган йиллик 30 минг фунт стерлинг солиқдан қочиб юргани маълум бўлади. Турмуш ўртоғига бу масалада сиёсий босимлар кучаявергач, хонимнинг матбуот котиби жамоатчиликка солиқлар тўлана бошланганини айтиб, норозиликларни тинчитади. Мурти хонимнинг Англиядаги мулклари қаторида Америкадаги бир неча ҳашамдор уйлари, ўта қимматбаҳо объектлари ҳам бор.

Қирол Чарлз III ва бош вазир Риши Сунак Букингем қароргоҳида. Фото: BBC.com.

Sunday Times Rich List’да Сунак Муртининг умумий бойлиги 730 миллион фунт стерлингни ташкил этиши очиқланган, бу Қирол Чарлз учинчи ва қиролича Камилланинг 300−350 миллион фунт-стерлинг ақчасидан икки баравар кўп дегани. Тадбиркор эр-хотин бутун дунёдаги 15 миллион фунт стерлингдан ортиқ баҳоланган 4 та мулкка эгалик қиладилар. Рафиқасининг бойликлари ортидан Риши Сунак Англиядаги бойлар сафидан мустаҳакам ўрин олишга улгурган.

Сиёсий майдон ичра

Cунак бош вазирликкача бўлган йўлни атиги 7 йилда босиб ўтди. Буни замонавий дунё тарихидаги энг қисқа муддатлардан дея баҳолайди экспертлар. Негаки, собиқ сафдоши Дэвид Кемерон бу мансабга келгунича 9 йилини сарфлаган эди. Бироқ ёш бош вазир ҳам сирпанчиқ, ўнқир-чўнқир йўллардан қайта-қайта ўтишига тўғри келган. Қайсидир бош вазир жамоасида жавлон уради, баъзан кимгадир фириб бериб, айрим вазиятларда кимнидир ўрнидан силжитишига тўғри келади.

Шу йилнинг 5 сентябрида Лиз Трасс майдонга чиққанида Ришининг ҳам сиёсий муҳорабадан бутунлай чиқиб кетиши кутилганди. Ғалабага бир қадам қолганда ўз партиядошлари ишончсизлик билдириб, Трасс хонимни қўллаб-қувватлашади. Бироқ тез орада вазир хонимнинг ҳалокатли ва молиялаштирилмаган солиқ имтиёзлари ҳақидаги ислоҳотлари бошига бало ёғдириб, ўрнини Сунакка бўшатиб беришга мажбур қилади.

Етакчиликни қўлга киритгач, фискал консерватизм тарафдори бўлмиш Сунак депутатларга «Буюк Британиянинг юқори даражада маҳсулдор иқтисодиёти»га эришмоқчилигини, паст солиқлар албатта бўлиши, лекин бу ҳамёнбоп, ҳамманинг қурби етадиган миқдорда белгиланишини айтади.

Аслида, Сунакнинг бугунги ютуқлари 2019 йили бошланганди. Собиқ вазир Борис Жонсон жамоасига қўшилиб, вазир Сажид Жавод билан ғазначилик бўлими котиби бўлиб иш бошлаши уни сиёсий бўҳронлар оқимига қўшилишга замин ҳозирлайди. Гўё зинапоядан ҳакаллаб юқорига кўтарилгандек, Риши ҳам сиёсий мансаб пиллапояларига нафаси қисилмай чиқаверади.

Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон ва Риши Сунак. Фото: Kommersant.

2020 йил баҳорида, пандемия секин-аста чўққисига кўтарилаётган пайти аҳолига «нима керак бўлса, ўшани ҳозирлашга» ваъда бериб, 350 миллиард фунт стерлинг миқдоридаги ёрдамни ажратгач, Сунакнинг обрўси бирдан ошиб кетади. Тарафдорлари кўпаяди. Оғзини пойлаб, нима дейишини илҳақ кутадиганлар сони ошади.

Бироқ Буюк Британия иқтисодиёти бўрон ичида қолгач, жаноб Риши 2020 йили Даунинг стритда қоидаларни бузгани учун жарималарни тўлашга андармон бўлиб қолади. Борис Жонсоннинг истеъфога чиқиши локдаун эълон қилинишга қарамай ўтказилган байрам кечаси билан боғлиқ. Бироқ Риши Сунак ҳам ўша меҳмоннавозликда қатнашганлардан.

2022 йил апрелида икки сиёсатдон санитар меъёрларини бузгани учун жаримага тортилганди. Сунак аввалига айбини тан олмай, ўзини бегуноҳдек тутади, лекин кейинчалик жаримани тўлаганини маълум қилади.

Ўша йил июлида эса вазирлар маҳкамасидан истеъфога чиқиб, иқтисодиётга оид қарашлари бош вазир Борис Жонсонникидан «жуда бошқача»лигини таъкидлайди. Бу жамоада ортиқ қололмаслигини айтиб, «бир қадам ортга, икки қадам олдинга» юради. Ушбу иқрор собиқ вазир Жонсонни ҳокимиятдан четлатишда муҳим рол ўйнайди. Орадан ўн олти ҳафта ўтиб ўзи бош вазирга айланади.

Ашаддий консерваторми ёки социалист?

Bloomberg нашрининг ёзишича, Ришининг ғалаба қозониши ҳиндларнинг муқаддас байрамларидан бири — Дивали кунига тўғри келгани ёш вазирнинг толе кулганидан дарак экан. Бу «нурнинг зулматдан, эзгуликнинг ёвузликдан, илмнинг жоҳилият устидан ғалаба қозонган» кунидир.

Сунак Консерватив партия ва Буюк Британия ҳукумати учун тартибни тиклашда аёвсиз кечадиган курашда етакчиликка эга деб ҳисоблайди аксар нашрлар. Инглизлар Борис Жонсон билан Риши Сунакни ўзаро таққослаб, биринчисини «масъулиятсиз», кейингисини «ўта ботартиб» деб баҳолаб ҳам қўйганлар.

Bloomberg Сунакни ҳар қанақасига мамлакат боши бўлишга қодир номзод деб билади. Нуфузли таълим даргоҳларини битириб чиққани, уч томонлама мутахассисликка (ФСИ — фалсафа, сиёатшунослик ва иқтисод) эгалиги унга ҳар тарафдан устунлик бериши тайин.

Фото: БелТА.

Бошқа миллат вакили бўлишига қарамай Сунак ашаддий консерватордир. Уни «масъулиятли ҳукумат ва масъулиятсиз популизм ўртасидаги ваҳшиёна сузувчи консерватив қанот»га тегишли шахс деб таърифлашади. Беҳад киришимлиги, сўзга чечан ва ажойиб бошқарувчилиги учун ҳар қандай жамоада ўрни, обрўсини топиб кетишини сафдошларининг ҳавасини, гоҳи ҳасадини қўзғатади. Унга технократлар тилини тушунадиган ягона сиёсатчи дея юқори баҳо беришади.

Бироқ жаноб Рис-Могга ўхшаган танқидчилар уни ашаддий «социалист» деб билади. Сунак эса Жонсон иқтидорлигида ҳам Брекситнинг тарафдори эканини яширмаган, Британияни Осиёнинг гегемонлиги, Американинг динамикаси билан ривожлантирмоқчилигини ҳам кўп бора таъкидлаган.

Кока-колаю футбол «жинниси» ва корчалонлар дўсти

Сунак Coca-cola`нинг ашаддий мухлисларидан. Ҳатто бир гал икки ўқувчига колага оид неки бор, ҳаммасини йиғишга ишқибозлиги, қопқоғидан тортиб, ёрлиғигача коллекция қилишини эринмай айтиб беради. Тишлари кола ичавериб зарарланса-да, барибир мубталоликни қўймаслигини ҳам беркитмайди.

Фото: Kommersant.

Дўстлари эса юқори давраларга тегишли корчалонлар, аристократлар, ўзига тўқ, маишати зўр одамлар. «Ишчи гуруҳдан ҳам бирор дўст-оғайнингиз борми?» деб сўрашганида, «Хўш, йўқ, бу доирадан дўстим йўқ!» деб тан олганди бир сафар.

Сунак футболнинг ашаддий ишқибози. Агар Тереза Мэй ёшлигида буғдой далалари бўйлаб югуришни ёмон кўрган бўлса, Сунак «Евро-96» учрашувларини ўтказиб юбормаслик учун мактабга телевизор кўтариб борган пайтларини энг ёқимсиз давр деб эслайди. 18 га кирган куни Саузҳемптондаги энг севимли жамоасига қабул қилингани ҳақидаги рухсатномани олганида бошқа совға-саломга қайрилиб қарамаганини тез-тез хотирлайди.

Интервьюларидан бирида Сунак болалигида «Юлдузлар жанги»даги рицар бўлишни орзу қилганини айтади. Ота-онаси болаларини ҳинд анъаналаридан узмай тарбиялашганига қарамай, Ришида инглизча фикрлаш ва қарашлар устун келади. «Анъанавий тарбия нима дегани? Якшанба куни ибодатхонага борсам, ҳар шанба футбол ўйнагани югурардим», дейди ББС журналисти саволига.

Ёрдам бериш учун ҳам егин!

Бизнесни қўллаб-қувватлашга оид дастурларидан бири Eat Out to Help Out («Ёрдам бериш учун ҳам егин!») бўлиб, кафе ва ресторанларни сақлаб қолишга қаратилгани билан эътиборни тортган. Таклиф этилган дастур амалда ўзини оқлаб, бир қанча кичик бизнес эгаларини инқироздан омон чиқишига ёрдам беради. «Миллионлаб иш ўринлари»ни сақлаб қолганидан ҳамон ғурурланадиган вазир лойиҳа пайти ҳатто ўзи бош бўлиб ресторанларда официант бўлиб кўради.

Фото: Kommersant.

25 октябр куниёқ бош вазирлар қароргоҳи саналмиш Даунинг стрит 10-хонадон олдида нутқ сўзлаган Риши Сунак ҳукуматни «Қирол номидан» бошқаришини, мамлакат иқтисодий инқироз олдида ожиз қолганда жамики масъулиятни бўйнига олаётганини айтади.

«Пандемия асорати ҳамон билиняпти. Путиннинг Украинага уруши бозор кучини қирқди ва бутун дунёга таъсирини кўрсатди. Ҳамкасабам Лиз Трассга миннатдорлик билдирмоқчиман. Аслида у унчалик ноҳақ ҳам эмасди. Нияти хайрли эди, лекин баъзи хатолар чиндан қилинди. Мен эса ўшаларни тўғрилаш учун партиямнинг ва сизнинг етакчингиз қилиб танландим. Биз мамлакатимизни қуруқ сўз, ваъда билан эмас, балки амалда бирлаштирамиз. Ишончга эришилади ва мен ҳам ишончингизга эришмоқчиман», — дея оммавий ахборот вакиллари қаршисида халққа мурожаат қилади.

Яқин сафдоши Борис Жонсоннинг самимийлиги, мувафаққиятлари, зукколигини доим қадрлайдиган Буюк Британиянинг ҳинд йўлбошловчиси шу йилнинг 25 октябридан расман вазифасига киришди.