Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хонга у муддатидан аввалги сайловлар ўтказилишини талаб қилиб, Лаҳордан пойтахт Исломобод томон йўлга чиққан норозилик автокарвонига йўлбошчилик қилиб кетаётганида суиқасд уюштирилди, дея хабар бермоқда BBC.

У раҳбарлик қиладиган «Адолат учун ҳаракат» партиясидан маълум қилишларича, тўпиғидан яраланган сиёсатчининг аҳволи касалхонага олиб кетилаётган вақтда барқарор эди.

Покистоннинг Dawn газетаси хабарига кўра, ҳужум оқибатида етти киши яраланган ва бир киши ҳалок бўлган. Ҳужум қилганлардан бири қўлга олингани айтилмоқда.

Норозилик юриши ўтган жума куни бошланган эди. Намойишлар доирасида Имрон Хон ҳар куни юриш йўналишида жойлашган шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси олдида юк машинасининг контейнери устига чиқиб, нутқлар ўқиётган эди.

Имрон Хонга уюштирилган ҳужумдан сўнг, Dawn газетаси маълумотларига кўра, Покистоннинг турли ҳудудларида норозилик намойишлари бошланган.

Имрон Хон 2018 йилда Покистон ҳукумати раҳбарига айланган эди. 2022 йил апрелида эса парламент унга ишончсизлик вотуми билдиргач, истеъфога чиққан эди. Шундан бери Хон муддатидан аввалги сайловлар ўтказишни талаб қилиб келмоқда — ҳокимият тепасига сайловларсиз келган амалдаги ҳукумат эса овоз бериш жараёнини аввалдан режалаштирилганидек фақат 2023 йилда ўтказилишини таъкидлаб келмоқда.

Истеъфога чиқиши арафасида Хон давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлган ва президент Шавкат Мирзиёев билан учрашган эди. Музокаралар якуни бўйича бир қатор ҳужжатлар имзоланган эди.