Буюк Британия бош вазири Лиз Трасс пайшанба куни тушдан кейин Консерватив партия раҳбари ва мамлакат бош вазири лавозимини тарк этишини эълон қилди. Сиёсатчининг нутқи The Guardian нашри томонидан чоп этилди.

Ҳукумат раҳбарининг Даунинг-стритдаги қароргоҳи олдида сўзга чиқиб, у ҳозирги вазиятда Консерваторлар партиясининг мандатини бажара олмаганини тан олди.

Лиз Трасс ҳукуматнинг янги бошлиғи сайланмагунча бош вазир бўлиб қолади. Келаси ҳафта Британия вазирлар маҳкамасининг янги раҳбари сайлови бўлиб ўтади.

Лиз Трасс бош вазир лавозимида 45 кун ишлади, бу Британия тарихидаги энг қисқа вақт. Унинг сўзларига кўра, у аллақачон қирол Чарлз III`ни ўз қарори ҳақида хабардор қилган.