5 октябрь куни Европада табиий газ фючерс шартномаси нархлари рекорд даражага кўтарилди, дея хабар қилмоқда Fortune нашри. Энергия нархларининг кескин ўсиши минтақа иқтисодиётининг барча соҳаларига ўз таъсирини ўтказмоқда. Хусусан, қишда газ танқислиги юзага келиши эҳтимоли хонадонларни иситиш, электр энергияси таъминоти ва саноат ишлаб чиқаришга жиддий хавф туғдириши мумкин.

Хабарда айтилишича, сешанба куни еврозонада етакчи ҳисобланган Голландиянинг TTF биржасида ноябрь ойи учун етказиш шартларида газнинг нархи тарихан энг юқори даража — 14 фоиздан зиёдга кўтарилиб, мегаватт соатига 100 евродан (пешин вақтида 107 евродан зиёд) ёки минг куб метр учун 1197 доллардан ошди. Сўнгги кунларда газ нархлари ўсиши деярли вертикал трендни намоён қилмоқда.

Табиий газ фючерс шартномалари нархининг ўсиш динамикаси. Фото: fortune.com

Euronews`нинг хабар қилишича, Европа мамлакатлари вазирларининг 4 октябрь куни Люксембургда бўлиб ўтган учрашуви кун тартибидан энергия нархлари билан боғлиқ масала ҳам ўрин олди.

Энергия инқирозидан минтақадаги фуқаролар, хусусан, электр таъминотчилари билан ўзгарувчан нархли (қатъий ўзгармас нархдан фарқли ўлароқ) шартнома тузган фуқаролар энг кўп азият чекиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, сентябрь ойида еврозонада инфляция даражаси, Европа Марказий банки йиллик инфляция мақсадининг 2 фоизлик ставкасидан фарқли ўлароқ, 3,4 фоизга кўтарилди. Энергия нархлари инфляцияси 17 фоиздан ошди.

Хабарга кўра, учрашув вақтида Франция иқтисодиёт ва молия вазири Бруно Ле Мей ЕИ энергия бозорининг асосий камчилиги — бу электр энергияси умумий нархининг табиий газ нархига боғланганлиги эканлигини қайд этди. Шунингдек, Ле Мей энергия инқирозига қарши ЕИ миқёсида чора кўриш, шу жумладан спекуляцияларга қарши курашиш ва нархларнинг аниқлигини таъминлаш учун ЕИ бозорини тартибга солишни қайта кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлади.

Испания вакили Надиа Калвинё бутун ЕИ учун «стратегик газ захирасини» яратиш — коронавирусга қарши вакциналарни жамоавий сотиб олишда қўлланган умумий харидлар схемасини таклиф қилди.

Бироқ аъзо давлатларнинг нархлар кўтарилишини чеклаш бўйича кенг кўламли қўшма чора-тадбирларга муносабати турлича.

Финляндия молия вазири Анника Саарикко бу борада Россияни табиий газ экспортини глобал миқёсдаги талабга мос равишда оширишни истамаганлиги туфайли нарх инқирозини янада кучайтирганликда айблади.

Маълум қилинишича, комиссия аъзо давлатларга энергия инқирозини бартараф этиш ва уни юмшатиш учун фойдаланиш мумкин бўлган «инструментлар жамланмаси»ни таклиф қилишга тайёрланмоқда.

Европадаги вазият

Европада юзага келган энергия инқирози юзасидан Euronews нашри тайёрлаган материалларга таянилса, бугунги кунга келиб Европада табиий газ нархлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан олти бараварга ўсган. Газ нархларининг кескин ўсиши электр энергияси бозоридаги вазиятга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Европа Иттифоқида (ЕИ) электр энергиясининг бешдан бир қисми табиий газ ҳисобига олинади.

ЕИ табиий газ истеъмолида асосан импортга таянади. Eurostat маълумотларига кўра, 2019 йилда ЕИ фойдаланиладиган табиий газнинг қарийб 90 фоизини импорт қилишига тўғри келган.

ЕИ табиий газ импортининг экспортёрлар кесимида тақсимоти. Манба: Eurostat

Табиий газ нархлари нега ўсиб бормоқда?

Euronews нашрига кўра, дунё миқёсида COVID-19 билан боғлиқ карантин чекловларининг юмшатилиши ёки бутунлай бекор қилиниши ва мамлакатлар ташқи иқтисодий алоқаларининг қайта тикланиши кўплаб турдаги товарларга, шу жумладан, табиий газга бўлган глобал миқёсдаги ялпи талабни рағбатлантирди.

Европа ва Шарқий Осиёда ўтган қиш мавсумининг узоққа чўзилганлиги натижасида мамлакатларда газ резервуарларидаги захиралар кескин камайди. Бу, ўз навбатида, газ бозори харидорлари ўртасида рақобатни юзага келтирди ва нархларнинг кўтарилишига туртки бўлди.

Европа газ бозорида нахрларнинг рекорд даражада кўтарилишига ҳар икки томондан — талаб ва таклиф билан боғлиқ омиллар ўз таъсирини ўтказганлиги таъкидланмоқда. Жумладан:

  • Ўтган қишнинг нисбатан совуқ келганлиги газ истеъмолини оширди, шу сабабли Европада резервуарлардаги газ ҳажми кескин камайди. Натижада янги иситиш мавсуми яқинлашгани сайин қишнинг совуқ келиши тўғрисидаги ҳавотирлар ва табиий газга бўлган талаб билан бир вақтда нархлар ҳам ошиб бормоқда.
  • Бунинг устига кўмир истеъмолидан воз кечиш ва Европанинг айрим ҳудудларида энергия таъминотини мувозанатда ушлаб турувчи шамол энергияси ишлаб чиқаришнинг қисқариши ҳам табиий газга бўлган талабни ошириб юборди.
  • Шунингдек, Европа табиий газ ишлаб чиқаришни камайтирмоқда. Европанинг энг йирик маҳаллий табиий газ ишлаб чиқарувчиси Голландия 2018 йилда асосий газ кони Гронингенни фойдаланишдан чиқаришни бошлади. «Европа газ инфратузилмаси»дан олинган маълумотларга кўра, ҳозирда Европада фойдаланилаётган газ захиралари улуши 74 фоизни ташкил қилади, ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 94 фоизга тенг эди.

ЕИ энергия инқирозида Россиянинг роли ва «Шимолий оқим 2»

ЕИнинг табиий газ бўйича энг йирик экспортёри Россия ҳисобланади. 2019−2020 йилларда ЕИга жами газ импортининг 40 фоиздан ортиғи Россия ҳиссасига тўғри келган.

Халқаро энергия агентлиги (IEA) маълумотларига кўра, Россиянинг ЕИга газ экспорти ҳажми 2019 йилгига нисбатан камайган. Шунингдек, IEA Россиянинг Европага газ экспортини ошириб, келаётган иситиш мавсуми учун тайёргарликда газ резервуарларининг муносиб даражада тўлдирилишини таъминлаш имконига эга эканлигини қайд этган.

Мулоҳазаларга кўра, Газпром (Россия) «Шимолий оқим 2» (NS2) газ қувурини ишга туширилишига эришиш мақсадида қасддан ЕИга газ етказиб бериш ҳажмини оширишга шошилмаётган бўлиши мумкин. Яқинда Европа парламенти аъзолари Комиссияни бу борада текширув ўтказишга чақиришди.

Айрим экспертларнинг фикрича, Газпром Европа газ бозорида рақобат таъминланиши учун ўзининг бозордаги улушини 40 фоизлик чегарада ушлаб туришга қонунан ҳақли.

Сентябрда Россия ҳукумати вакили янги қувурнинг ишга туширилиши Европада табиий газ нархини «сезиларли даражада мувозанатлаштиришини» маълум қилгач, Россиянинг газни атайлаб тўхтатиб қўйган бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги шубҳалар янада кучайди.

Газпромнинг «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим 2» газ қувурлари йўналиши: Украинани четлаб ўтиб, Болтиқ денгизи орқали Германия соҳилига. Фото: Samuel Bailey/WikiCommons

Сентябрь бошида Газпром NS2 газ қувурини қуриш ишлари якунланганлигини ҳақида расман хабар берган эди.

NS2 газ қувури Россиядан Европага Болтиқ денгизи орқали газ етказиб берилишини таъминлайди. Узунлиги 1200 км бўлган мазкур газ қувурининг қуввати йилига 55 млрд метр-кубга тенг бўлиб, ЕИга газ етказиб бериш умумий қувватини икки баробарга ошириш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, NS2 лойиҳаси АҚШ ва Украинанинг кескин қаршилигига учраган эди. Reuters`нинг ёзишича, 2019 йил охирларида Дональд Трамп ҳукумати санкциялари туфайли қиймати 11 млрд долларлик мазкур лойиҳа қурилишини бир муддат тўхтатиб туришга ҳам тўғри келган эди. Гап шундаки, Россиянинг ЕИга газ экспортидан Украина транзит давлат сифатида даромад олиб келган. Бу борада Россия-Украина битимининг амал қилиш муддати 2024 йилгача. Шу сабабли NS2`нинг ишга туширилиши Украина манфаатларига зид келиши мумкин.

Газпром ҳозирча NS2`ни ишга тушириш Германия томонидан маъқулланишини кутмоқда. Германия ҳукумати сентябрь бошида NS2`ни ишга туширишни маъқуллашни ҳужжатлаштириш жараёнлари тўрт ой вақт талаб қилишини маълум қилган.

NS2`ни ишга тушириш орқали Россия ЕИ энергия бозоридаги ўрнини янада мустаҳкамлайди. Айрим мутахассислар ЕИнинг энергия бўйича Россияга қарамлиги кучайиши ва Россия ҳукумати бундан сиёсий қурол сифатида фойдаланиши мумкинлигидан хавотирда.

Халқаро энергия агентлиги (IEA) муносабати

Баъзи мулоҳазаларга кўра, энергия инқирозига ЕИда иқлим сиёсати — углерод эмиссияси рухсатномаси нархларининг ошиши ва тоза энергияга ўтиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар сабаб бўлган.

«Европа нархлари глобал газ бозори динамикасини ҳам акс эттиради. Шарқий Осиё ва Шимолий Америкада 2021 йилнинг биринчи чорагида совуқ ҳарорат кузатилди. Ундан кейин Осиёда иссиқ оқим ва турли минтақаларда, жумладан Бразилияда қурғоқчилик кузатилди. Буларнинг барчаси газга бўлган талабнинг ошишига сабаб бўлди. Осиёда, жумладан, Хитой, Япония ва Кореяда газга бўлган талаб йил давомида кучли бўлиб қолди. Таклиф тарафидан, дунё бўйлаб бир қатор режадан ташқари узилишлар ва кечикишлар, шуниндек, 2020 йилдан техник хизмат кўрсатишнинг кечикиши туфайли суюлтирилган газ ишлаб чиқариш глобал миқёсда кутилганидан паст бўлди», — дея қайд этмоқда IEA.

«Дунё бўйлаб табиий газ нархларининг сўнгги пайтдаги ўсиши бир қанча омилларнинг натижасидир. Бу борада тоза энергияга ўтиш масаласини сабаб қилиб кўрсатиш нотўғри», — дейди IEA ижрочи директори Фотиҳ Бирол.

Маълум қилинишича, Европада электр энергияси нархининг кескин ўсиши Европада газ, кўмир ва углерод нархининг ошиши билан боғлиқ. Газ нархининг кескин кўтарилиши Европанинг бир қатор бозорларида электр энергиясини этказиб берувчиларни электр энергиясини ишлаб чиқариш учун газдан кўмирга ўтишга мажбур қилди.

«Электр ва газ бозорлари ўртасидаги боғлиқлик яқин орада узилмайди. Газ бугунги кунда кўплаб минтақаларда электр бозорларини мувозанатлашда муҳим восита бўлиб қолмоқда. Тоза энергия алмашинуви аниқ нол эмиссия йўлига ўтиши билан, глобал газга бўлган талаб камая бошлайди, лекин у электроэнергетика хавфсизлигининг муҳим таркибий қисми бўлиб қолади. Бу, айниқса, электр энергиясига бўлган талабнинг мавсумий ўзгариши юқори бўлган мамлакатларда тўғри келади».