Покистон парламенти 11 апрель куни Шаҳбоз Шарифни мамлакатнинг янги бош вазири этиб сайлади, деб хабар бермоқда Pakistan Today. Сайлов 9 апрел куни парламент томонидан бош вазир Имрон Хонга ишончсизлик вотуми эълон қилиниб, лавозимидан четлатилиши ортидан бўлиб ўтди.

69 ёшли Шаҳбоз Шариф аввалроқ унинг акаси Навоз Шариф бошқарган «Покистон мусулмон лигаси» партияси етакчиси ҳисобланади. Энди у 2023 йил августида бўлиб ўтадиган навбатдаги парламент сайловларига қадар фаолият юритадиган Покистоннинг янги ҳукуматини тузади.

Шаҳбоз Шариф 1990-йилларда Панжоб вилояти мажлисига сайланган ва 1999 йилги давлат тўнтаришидан кейин Саудия Арабистонида яшаган. 2000−2010 йилларда уч марта Панжоб губернатори этиб тайинланган. Навоз Шариф 1990−1993, 1997−1999 ва 2013−2017-йилларда уч марта Покистон бош вазири бўлган.

3 апрель куни парламентдаги Шаҳбоз Шариф партияси ва Имрон Хоннинг «Таҳрик-и-Инсаф» партияси ўртасидаги қарама-қаршилик Имрон Хон тавсиясига кўра Покистон президенти Ориф Алви томонидан Миллий ассамблеянинг (парламент қуйи палатаси) тарқатиб юборилиши билан якунланган эди.

Бу бош вазирга ишончсизлик вотуми блокланганидан кейин юз берди. Мухолифат бош вазирни заиф иқтисодий сиёсат ва коррупцияда айблади. Имрон Хоннинг ўзи муваққат бош вазир тайинлангунга қадар ҳукумат раҳбари вазифасини бажарувчи мақомга ўтди.

9 апрель куни эса мамлакат парламенти 174 овоз билан 2018 йилдан бери бош вазир лавозимида ишлаб келаётган Имрон Хонга ишончсизлик вотумини қабул қилиш учун овоз берди.