Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев халққа мурожаат қилиб, бугундан (5 январь) бошлаб мамлакатнинг Хавфсизлик кенгашига раислик қилишини маълум қилди. Бунгача Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ушбу кенгашнинг бир умрлик раиси эди.

Таъкидлаб ўтамиз, Қозоғистондаги намойишлардан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоларда Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг ҳокимиятдан кетишига чақириқлар янграган эди. Парламентар республикани тузиш ҳам таклиф қилинган эди.

«Президент сифатида мен фуқароларимиз хавфсизлиги ва тинчлигини ҳимоя қилишим, Қозоғистон яхлитлиги ҳақида қайғуришим шарт, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев. — Мен томонимдан қабул қилинган чоралар кўпмиллатли Қозоғистоннинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган. Бироқ ҳозирча бу чоралар етарли эмас».

Давлат раҳбари шаҳар кўчаларида безорилик қилаётганларнинг юқори даражадаги ташкилий тайёргарлиги борлигини таъкидлади. «Бу фитначиларнинг пухта ўйланган ҳаракатлар режасидан далолат беради, улар молиявий мақсадларни кўзламоқда. Айнан фитначилар», — деди у.

Қасим-Жомарт Тоқаев Хавфсизлик кенгашининг раиси сифатида иложи борича қаттиққўллик билан ҳаракат қилишини маълум қилди. «Бу менга ўзлари ва оилаларининг ҳаётларини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилаётган фуқароларимизнинг хавфсизлиги масаласи. Бу бизнинг мамлакатимиз хавфсизлиги масаласи. Ишончим комил, халқ мени қўллаб-қувватлайди».

«Нима бўлган тақдирда ҳам мен пойтахтда бўламан. Бу менинг конституцион бурчим — халқ билан бирга бўлиш. Биргаликда биз Қозоғистоннинг тарихидаги ушбу қора кунларни енгиб ўтамиз. Улардан кучли бўлиб чиқамиз», — деди президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев яқин орада Қозоғистонни сиёсий трансформация қилиш бўйича янги таклифларни билан мурожаат қилишини маълум қилди.

«Мен олдингидек босқичма-босқич ислоҳотлар позициямда қоламан», — деди у.

Бугун кун давомида намойишчилар Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Олмаотадаги қароргоҳини эгаллаб олди. Бу ҳақда Zakon.kz воқеа гувоҳларига таяниб маълум қилди.

Шунингдек, намойишчилар Олмаота шаҳри маъмурияти биносига бостириб кириб, бинога ўт қўйди, дея хабар берди РИА Новости.

«Олмаота ҳокимлиги ходимлари ҳавфсиз. Давлат ҳизматчилари фавқулодда вазиятда ўз ҳизмат хизматларини бажармода. Шаҳарда коммунал хизматлар муаммосиз ишламоқда. Иссиқлик, газ, электр таъминоти таъминланган», — дея қайд этди шаҳар ҳокими ўринбосари Эржан Бабакумаров. У ҳокимиятга килинган ҳужумни «радикализмнинг намоён бўлиши» деб атади.


Интернет ишлашини таҳлил қилувчи NetBlocks ташкилоти маълумотларига кўра, бутун Қозоғистонда интернетнинг узилиши қайд этилди.

«Қозоғистонда бир кунлик мобил интернет узилишлар ва қисман чекловлардан сўнг бутун мамлакат бўйлаб интернет ўчирилмоқда. Бу ҳукуматга қарши кучайиб бораётган норозилик намойишлари ёритилишини кескин чеклаши мумкин», — деб ёзади мониторинг ресурси Twitter’да.

Бундан ташқари, Ақтўбе ҳокимияти биноси яқинида портлаш кузатилган, айрим манбаларда яраланганлар борлиги айтилмоқда.


Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2 январь куни намойишлар бошланган Мангистау вилоятида ҳамда Олмаота шаҳрида фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Қозоғистон президенти яна қатор фармонларга ҳам имзо чекди. Улардан бири билан ҳукуматнинг истеъфоси қабул қилинди. Бош вазир вазифаларини бажариш бош вазирнинг биринчи ўринбосари Алихан Смаиловга юклатилди.