Борис Жонсон Консервативлар партияси раҳбари лавозимини тарк этади, бироқ кузгача Буюк Британия бош вазири лавозимида ишлайди, деб хабар бермоқда BBC.

Партия етакчиси лавозими учун кураш шу йилнинг ёзида бўлиб ўтади ва янги бош вазир октябрь ойида бўлиб ўтадиган партия конференциясигача ўз вазифасини бажаришга киришади.

Борис Жонсон 7 июль куни тушдан сўнг истеъфога чиқишини эълон қилди. У ўз мурожаатини истеъфога чиқиши Консервативлар партиясининг парламентдаги фракцияси хоҳиши бўлганини ва дунёдаги энг яхши ишни тарк этганидан шахсан афсусда эканлигини айтиш билан бошлади.

Бош вазир глобал ва мамлакат миқёсида энг оғир даврларни бошдан кечирган ҳукумати эришган ютуқларидан фахрланишини айтди.

Унинг сўзларига кўра, улар Брексит масаласини шараф билан ҳал қилишди, пандемияни енгиш учун қўлидан келган барча ишни қилишди ва Путин агрессиясига қарши курашда жаҳон ҳамжамиятига етакчи бўлишди.

Борис Жонсон Украина халқига мурожаат қилиб, Британия ҳар қандай шароитда ҳам уларни қўллаб-қувватлашда ва барча ваъдаларини бажаришда давом этишига ишонтирди.

У британияликларга ва партиядошларига ишонч билдиргани учун миннатдорчилик билдирди ва ўз партиясини амалдаги ҳукумат эгаллаб олган лавозимлардан воз кечмасликка чақирди.

BBC`нинг қайд этишича, Британия ҳукуматидаги бош вазирга бўлган ишонч билан боғлиқ инқироз бир неча ойдан бери ривожланиб, шу ҳафта ўзининг энг юқори чўққисига чиқди.

Борис Жонсоннинг кетиши унинг ҳукумати ва аъзолари томонидан мисли кўрилмаган босим натижаси бўлди, деб ёзади нашр. Сўнгги кунларда 50 дан ортиқ вазир ўз лавозимини тарк этди, жумладан, бош вазирнинг энг яқин тарафдорлари, хусусан канцлер Риши Сунак ва соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жовид ҳам.

Бутун карьерасини Борис Жонсонга қарздор бўлган ички ишлар вазири Прити Пател ва транспорт вазири Грант Шеппс ҳам уни истеъфога чиқишга чақиришган.

Пайшанба куни эрталаб Сунак кетганидан кейин 48 соатдан камроқ вақт ўтгач лавозимга киришган янги кансцер Надим Захави Жонсонни истеъфога чиқишга чақириб, «бу чидаб бўлмас нарса ва бундан ҳам баттарроқ бўлади» деди.

Собиқ канцлер Риши Сунак ўзининг истеъфога чиқиш ҳақидаги мактубида бош вазирдан узоқлашгани, у ва Жонсон иқтисодий жабҳада «фундаментал келишмовчиликлар» борлигини таъкидлади.

Собиқ соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жовид ҳам истеъфога чиқиш нутқида у бошқача эканлигини таъкидлашни танлади. Хусусан, Жовид сиёсатнинг юқори поғонасига кўтарилиши учун қандай ҳаётий тўсиқларни енгиб ўтиши кераклиги ҳақида гапирди.

«Жонсон имтиёзли аристократлар оиласидан чиққан ва унга ўхшаш мансабдор сиёсатчилар кўпинча электоратнинг ҳақиқий ҳаёти ҳақида кам маълумотга эга бўлгани учун қораланади. Бошқа томондан, Жовид кўпинча унинг „оддий“ илдизлари борлигини таъкидлайди — жумладан, у хусусий мактабда эмас, оддий мактабда ўқиган ва туғилишдан элита доираларига мансуб бўлмаган». деб ёзади ББC.

Борис Жонсоннинг партиядошлари бутун йил давомида уни лавозимидан четлатишга ҳаракат қилишди. Июнь ойида Буюк Британия Консерватив партиясидан депутатлар бош вазир ва уларнинг етакчисига ишончсизлик вотуми ўтказган эди. Шундан сўнг бош вазир фракция аъзоларининг 58,5 фоизи қўллаб-қувватлаб, ўз лавозимини сақлаб қолишга муваффақ бўлди.