Ўзбекистон 2022 йилда илм, фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларининг кўплаб таниқли вакилларидан айрилди, бир қатор сиёсат ва жамоат арбоблари вафот этди. «Газета.uz» уларни хотирлайди.

Январь

Кимёгар Саидаҳрол Тўхтаев

Фото: ЎзАФото: ЎзА

3 январь куни кимё-технология соҳасидаги йирик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, профессор Саидаҳрол Тўхтаев 79 ёшида вафот этди. У ўсимликлар осон ўзлаштирадиган микроэлементлардан иборат бирикмалар, физиологик фаол моддалар, мураккаб минерал ўғитлар олиш ва уларнинг самарадорлигини оширишга оид илмий ишлар олиб борган. Тўхтаев раҳбарлигида Кизилқум фосфоритларидан оддий ва бойитилган суперфосфат, қишлоқ хўжалиги экинларини барги орқали озиқлантириш учун сувда эрувчан янги мураккаб ўғитлар синтезининг назарий ва технологик асослари ишлаб чиқилган эди.

Адабиётшунос Бахтиёр Назаров

Фото: Видеодан лавҳа / YouTubeФото: Видеодан лавҳа / YouTube

Ўзбекистон фан арбоби, Фанлар академияси академиги, адабиётшунос олим Бахтиёр Назаров 18 январь куни 77 ёшида вафот этди. Унинг илмий ишлари ХХ аср ўзбек адабиёти тараққиёти, танқидчилик ва адабиётшунослик методологияси муаммолари, адабиёт назарияси ва адабий алоқа масалаларига бағишланганди. У 1990−1992 йилларда президент давлат маслаҳатчиси ҳам бўлган.

Адабиётшунос Умарали Норматов

Фото: Oyina.uzФото: Oyina.uz

29 январ куни адабиётшунос олим, академик Умарали Норматов 91 ёшида вафот этди. У замонавий ўзбек адабиёти, хусусан, ўзбек романчилиги масалалари бўйича етук мутахассис сифатида танилган эди. Профессор Норматовни нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё давлатлари филологик йўналишидаги олий таълим муассасалари, илмий марказлари ҳам мураббий, таниқли адабиётшунос олим сифатида эътироф этган. «Насримиз уфқлари» (1978) «Қалб инқилоби» (1986), «Қодирий боғи» (1996), «Умумбахш тамойиллар» (2000), «Қаҳҳорни англаш машаққати» (2000), каби китоблар муаллифи ҳисобланади.

Режиссёр Жўра Маҳмудов

Фото: Маданият вазирлигиФото: Маданият вазирлиги

23 январь куни «Она», «Қиёмат қарз», «Инсонликка номзод», «Оғриқ тишлар», «Сохта оқсуяк», «Қаердасан, жон болам», «Қирол Лир» каби спектаклларни саҳналаштирган театр режиссёри, педагог Жўра Маҳмудов 80 ёшида оламдан ўтгани маълум қилинди. У «Адолат куни», «Овсинлар», «Соҳибжамол», «Садоқат» каби саҳна асарлари, «Осмондан танга ёққан кун», «Томчи», «Алпомиш», «Иккивой ва Бешвой» каби ёш томошабинларга бағишланган эртак-пьесаларининг муаллифи ҳам ҳисобланарди.

Драматург Шароф Бошбеков

Фото: ЎзАФото: ЎзА

«Темир хотин«нинг муаллифи — драматург ва сценарист Шароф Бошбеков 26 январь куни оламдан ўтди — у 71 ёшда эди. Шароф Бошбеков, жумладан, «Темир хотин» (1989), «Қасосли дунё», «Масхарабоз» (1996), «Фарҳод ва Ширин» каби фильмларнинг сценарийсини ёзган, «Шариф ва Маъруф», «Юзсиз» (1993), «Тилла бола» (1994) каби фильмларнинг сценарийларини ёзишда қатнашган, шунингдек, режиссёр сифатида «Чархпалак» номли 60 қисмли видеофильмни суратга олган.

Февраль

Раққоса Вилоят Оқилова

Фото: Маданият вазирлигиФото: Маданият вазирлиги

2 февраль куни Ўзбекистон халқ артисти, раққоса Вилоят Оқилова ҳаётдан кўз юмди. У 1937 йилда Самарқандда Ўзбекистон халқ артисти Исаҳор Оқилов ва Маргарита Оқилова оиласида туғилган. Раққоса сифатидаги фаолияти давомида «Занг», «Ларзон», «Шодлик», «Хоразм лазгиси», «Помир рақси», «Афғонча», «Дилрабо», «Шодиёна» каби кўплаб рақсларни маҳорат билан ижро этиб, мутахассислар ва халқ эътирофига тушган. Вилоят Оқилова балетмейстер сифатида «Чорзарб», «Самандарий», «Бухоро тўлқини», «Тановар-2», «Сурнай лазгиси», «Мавриги» каби қатор рақсларни саҳналаштириб, ўзига хос мактаб ярата олган санъат дарғаларидан бири эди.

Педиатр-инфекционист Турғунпўлат Даминов

Фото: Тошкент тиббиёт академиясиФото: Тошкент тиббиёт академияси

6 февраль куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган врач, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, профессор Турғунпўлат Даминов 81 ёшида вафот этди. Академик Даминов болаларда учрайдиган гепатитнинг давомли ва сурункали хиллари шаклланишини клиник-патогенетик нуқтаи назардан ўрганиб, «В» вирусли гепатитнинг давомли хилини самарали даволаш усулини ишлаб чиққан ва амалиётга татбиқ этганди. У, шунингдек, кўпинча чақалоқлар ўлимига сабаб бўладиган нафас йўллари касалликлари белгиларини ҳам аниқлаган эди.

Археолог Эдвард Ртвеладзе

Фото: Ўзбекистон маданий мероси / TelegramФото: Ўзбекистон маданий мероси / Telegram

Асли Грузиянинг Боржомисидан бўлган ўзбекистонлик таниқли археолог, академик, тарих фанлари доктори, профессор Эдвард Ртвеладзе 10 февраль куни, 80 ёшида оламдан ўтди. У 1972 йили Амударё водийси археологик обидаларини ўрганиш жараёнида Кампиртепа шаҳарчаси қолдиқларини топган, кейинчалик ёзма манбалар ва хариталардаги маълумотлар, археологик материалларни ўрганиш давомида 2019 йилда Кампиртепа аслида македониялик Александрнинг йўқотилган Окс Александрияси шаҳри деган хулосага келган эди. «Кампиртепанинг Окс Александрияси сифатида тан олиниши — Эдвард Ртвеладзенинг ҳаёти ва меҳнати самарасидир», — деганди 2019 йилда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.

Футбол мураббийи Рустам Акрамов

Фото: ЎФАФото: ЎФА

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг биринчи мураббийи, профессор Рустам Акрамов 15 февраь куни 73 ёшида вафот этди. Ўзбекистон миллий термаси Осиё миқёсидаги мусобақалардаги ягона ғалабаси — 1994 йили Япониянинг Хиросима шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларидаги ғалабага айнан Рустам Акрамов қўл остида эришган эди.

Аскиячи Жўрахон Пўлатов

Фото: Oyina.uzФото: Oyina.uz

16 февраль куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жўрахон Пўлатовнинг вафот этгани маълум қилинди — у 88 ёшда вафот этди. Жўрахон Пўлатов халқона, самимий кулгига бой ҳар бир чиқиши орқали эл меҳрини қозонган, аския санъатининг дарғаларидан бири эди. У ҳатто бир сафар Оқсаройда президент Ислом Каримов билан бирга «бир жамоа» бўлиб аския айтган эди.

Агроном Иброҳим Файзуллаев

Фото: Oyina.uzФото: Oyina.uz

25 февраль куни Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, агроном Иброҳим Файзуллаев 89 ёшида вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев номидан эълон қилинган таъзияда таъкидланганидек, у «Денов туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожини таъминлаш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, таълим, тиббиёт ва маданият масканлари қуриш ва обод қилиш, янги боғ ва хиёбонлар барпо этиш, ёшларни она юртга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда жонбозлик кўрсатган эди».

Март

Актриса Тўти Юсупова

Фото: Ўзбек миллий академик драма театриФото: Ўзбек миллий академик драма театри

Ўзбекистон халқ артисти Тўтихон Юсупова 15 март куни 86 ёшда бандаликни бажо келтирди. 1958 йилдан Ўзбек миллий академик драма театрида ишлаган актриса фаолияти давомида Ҳафиза (Абдулла Қаҳҳор, «Шоҳи сўзана»), Соня (А.Чехов, «Ваня тоға»), Нури (Ойбек, «Қутлуғ қон»), Хонзода (Ҳамза, «Бой ила хизматчи»), Раҳима (Ў. Умарбеков, «Комиссия»), Сотти (С.Аҳмад, «Келинлар қўзғолони»), Фотима, Зеби (Ў.Умарбеков, «Шошма қуёш», «Қиёмат қарз»), Нодира (Т.Тўла, «Нодира»), каби турли қаҳрамонлар образини гавдалантирган. Шунингдек, ўзбек халқи уни «Абдуллажон» филмидаги Холида образи билан ҳам эслаб қолган.

Тўти Юсупованинг вафот этгани ҳақида аввал — 2015 ва 2021 йилларда ҳам хабарлар тарқалган, бироқ кейинроқ рад этилганди. «Вафотларидан аввал „Тўти Юсупова ўлди“ деб хабар тарқалганда жуда хафа бўлдилар. Ўшандан кейин уйимизга жуда кўп одамлар келишди, бу хабарни бувижонимдан яширишга қанча ҳаракат қилмайлик, иложи бўлмади. Чиндан вафот этганларида эса кўпчилик ишонмади», — деган эди унинг невара-келини Нилуфар Насриддинова.

Актриса Марям Ихтиёрова

Фото: Маданият вазирлигиФото: Маданият вазирлиги

Муқимий номидаги Давлат мусиқали театри санъаткори, Ўзбекистон халқ артисти Марям Ихтиёрова 22 март куни 82 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Узоқ йиллик фаолияти давомида «Водиллик келин», «Бомба», «Дев билан пакана», «Келгинди куёв» каби кўплаб фильмларда ва спектаклларда роль ижро этган. Шунингдек турли радиоэшиттиришлар ва хажвий телекўрсатувларда ҳам мунтазам қатнашган.

Апрель

Актёр Лутфулла Саъдуллаев

Фото: Кинематография агентлигиФото: Кинематография агентлиги

«Баҳор қайтмайди» видеофильми бош қаҳрамони Алимардон Тўраев образи орқали бутун Ўзбекистонга танилган халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев 10 апрель куни 81 ёшида вафот этди. У фаолияти давомида 20 дан ортиқ фильмлар, хусусан, «Беш қисмат», «Осмондаги болалар», «Фотима ва Зуҳра», «Цунами», шунингдек, «Баҳор қайтмайди», «Тақдир», «Уч илдиз», «Оталар сўзи», «Шайтанат» каби видеофильм ва сериалларда турли ролларни ижро этган.

Май

Ҳоким Нуриддин Абдураҳимов

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлигиФото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

11 май куни Ангрен шаҳри ҳокими Нуриддин Абдураҳимов ҳаётининг 44-йилида вафот этди. Унинг ўлимига бетоблик сабаб бўлган. Қайд этишларича, у икки кун аввал — Хотира ва қадрлаш кунида шаҳардаги янги масжидга биринчи ғишт қўйиш маросимида қатнашган эди. Абдураҳимов 2022 йил январида шаҳарга ҳоким этиб тайинланган эди, бунгача эса президент администрациясида турли лавозимларда ишлаган.

Бахши Абдуназар Поёнов

Фото: Oyina.uzФото: Oyina.uz

16 май куни Ўзбекистон халқ бахшиси, Шеробод достончилиги мактаби вакили Абдуназар Поёнов 73 ёшида вафот этгани эълон қилинди. У достончилик анъаналарини Мардонақул бахши, Умр бахшилардан ўзлаштирган эди. Абдуназар бахши репертуаридан «Алпомиш», «Маликаи айёр», «Шерали» ва бошқа достонлар, дўмбира куйлари ҳамда Ватанга муҳаббат, садоқат, халқ ҳаёти мавзуларида ўзи ижод қилган термалар ўрин олганди.

Фермер Лола Муротова

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлигиФото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Ўзбекистон қаҳрамони, «Нурли обод» фермер хўжалиги раҳбари Лола Муротова 30 май куни оғир хасталикдан вафот этди. У меҳнат фаолияти давомида аввал тракторчи, механизатор, оддий ишчи, механик, табелчи, бўлиб ишлаган кейинчалик бригадир, жамоа хўжалигида бош пудратчи, бўлим бошлиғи, хўжалик раиси каби лавозимларгача кўтарилган эди. 2019 йилги парламент сайловлари якунига кўра у Фарғона вилоятидан сенатор этиб сайланган, шунингдек, худди шу йили Ўзбекистон қаҳрамони унвони билан мукофотланган эди. Президент Шавкат Мирзиёев уни алоҳида ҳурмат қилар, Фарғона вилоятига ташрифлари чоғида Лола Муротовани йўқлаб ўтарди.

Спорт журналисти Ахбор Имомхўжаев

Фото: ЎзАФото: ЎзА

30 май куни таниқли спорт журналисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, республика тоифасидаги футбол ҳаками Ахбор Имомхўжаев 86 ёшда вафот этди. Унинг ҳаёти футбол, хусусан, Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси билан чамбарчас боғлиқ эди. «Футбол қувончим, дардим, фахрим», «Мафтунингман футбол», «Ўзбегимнинг Миржалоли», «Аср футболидаги асл қадрдонларим» каби китоблар муаллифи. Ўзбек спорт журналистикасининг катта авлоди Ахбор Имомхўжаевни ўзига устоз деб биларди.

Июнь

Президент ёрдамчиси Георгий Крайнов

Фото: islomkarimov.uzФото: islomkarimov.uz

4 июнь куни Георгий Крайнов вафот этди — у 89 ёшда эди. У 1977 йили Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси биринчи котиби (амалда — Ўзбекистон раҳбари) Шароф Рашидовнинг ёрдамчиси лавозимида иш бошлаган. Кейинчалик у президент Ислом Каримовнинг ёрдамчиси, президент қабулхонаси бош консультанти, президент девони Ишлар бошқармаси умумий бўлимининг протокол сектори бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2018 йилдан Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида етакчи илмий ходим бўлиб ишлаётган эди.

(Собиқ) ҳоким Бахтиёр Ҳамдамов

Фото: Kun.uzФото: Kun.uz

Навоий шаҳрига нақ 16 йил — 1992 йилдан 2008 йилга қадар ҳокимлик қилган Бахтиёр Ҳамдамов 13 июнь куни 72 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Ҳокимликдан кетгач, икки йилча Навоий шаҳридаги компанияларнинг бирига директор ўринбосари бўлган, 2011 йилдан буён эса нафақада эди.

Журналист Фарҳод Маҳмудов

Фото: ProToday.uzФото: ProToday.uz

27 июнь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Миллий телерадиокомпания (МТРК) раиси биринчи ўринбосари Фарҳод Маҳмудов вафот этди. 1995 йилдан буён МТРК тизимида ишлаган Маҳмудов «Ўзбекистон 24» телеканали ташкил этилгач, унга раҳбарлик қилганди. 2018 йили президент маслаҳатчисига ўринбосар, 2019 йили эса президент администрацияси раҳбарига ўринбосар этиб тайинланган эди. 2020 йили эса яна МТРКга қайтган эди.

Адабиётшунос Иброҳим Ҳаққул

Фото: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасиФото: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққул 28 июнь куни 73 ёшида вафот этди. У «Шеърият — руҳий муносабат» (1989), «Тасаввуф ва шеърият» (1991), «Камол эт касбким…» (1991), «Ғазал соғинчи» (1991) каби 20 дан ортиқ китоблар муаллифи эди. Шунингдек, Абдулҳамид Чўлпоннинг «Баҳорни соғиндим» (1988), Хожа Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикматлар» (1991) мажмуасини, шогирди Сайфиддин Рафиддинов билан ҳамкорликда «Боқирғон китоби» (1991), «Меърожнома» (1995) каби узоқ муддат нашр этилмай келинган асарларни ўқувчиларга етказганди.

Июль

Ҳоким Элёр Хўжаев

Фото: Янгиер шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматиФото: Янгиер шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

8 июль куни Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар ҳокими Элёр Хўжаев бетоблик туфайли вафот этгани маълум қилинди — у 45 ёшда эди. Хўжаев шаҳарга 2016 йилдан бери раҳбарлик қилиб келаётган эди. Бунгача эса у Гулистон шаҳар ва Боёвут тумани Молия бўлими раҳбари лавозимларида ишлаган.

(Собиқ) ҳоким Темир Хидиров

Қашқадарё вилоятининг мустақиллик йилларидаги биринчи ҳокими Темир Хидиров 14 июль куни 77 ёшида вафот этди. У 1992 йил 27 январдан 1995 йил 29 ноябргача вилоят ҳокими лавозимида ишлаган эди.

Сентябрь

Адвокат Умидбек Давлатов

йил якунлари, таниқли шахслар

Босим, таҳдид ва таъқиб остида қолган блогерларнинг суд жараёнларидаги иштироки танилган адвокат Умидбек Давлатов 42 ёшида вафот этди. У собиқ ўқитувчи ва блогер Ҳаётхон Насреддинов, блогер Нафосат Оллашукурова (Шабнам Оллашукурова таҳаллуси остида ёзган), марҳум журналист Давлат Назар (Давлатназар Рузметов), блогер Абдуфатто Нуритдинов (Facebook`да Отабек Нуритдинов), блогер Отабек Сатторий кабиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган эди. Умидбек Давлатов 1 сентябрь куни уйдан бошидаги оғриқдан шикоят қилиб чиққан ва тез ёрдам машинасида вафот этган. Ўлим тўғрисидаги гувоҳномада унинг вафотига юрак-ишемик — юрак-қон томир касаллиги сабаб қилиб кўрсатилган.

Хонанда Равшан Намозов

Фото: Instagram / Ravshan NamozovФото: Instagram / Ravshan Namozov

Халқ орасида «Чипрадалли», «Ковушим», «Ёр-ёр ёрон-эй», «Биё-биё», «Хаёл», «Мана шундоқ» каби қўшиқлари машҳур бўлган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда, бастакор Равшан Намозов узоқ вақт давом этган касаллик (қон саратони) асоратларидан 24 сентябрь куни 61 ёшида вафот этди. Рафиқаси Муҳаббат Намозованинг сўзларига кўра, санъаткор «кучли стресс сабаб» хасталикка чалинган эди.

«Турмуш ўртоғим ҳаётлик чоғида жуда қийналди. Баъзан бизга билдирмасди, аммо ичидан эзилаётганини яхши билардим. У 1996 йилдан то 2017 йилга қадар тақиқ ичида яшади… 21 йил давомида бирор концертда чиқиш учун борса, „Ака, узр сизга мумкин эмас экан“, деб саҳнага чиқаришмасди», — деган хонанданинг рафиқаси. Тақиққа эса, таъкидланишича, Мустақиллик байрамида саҳнага соқолини олиб чиқишдан бош тортгани сабаб бўлган — хонанда ўшанда соқолини бир мусиқий фильмда суратга тушиш учун махсус ўстираётган бўлган.

Шоир Жамол Камол

Фото: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасиФото: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Халқ шоири, 1991−1996 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раислик қилган Жамол Камол 26 сентябрь куни вафот этди — у 84 ёшда эди. У ўз шеърий тўпламларида мумтоз шеърий анъаналар билан замонавий шеърий жараённи ўзаро уйғунлаштиришга ҳаракат қилган. Жамол Камол таржимон сифатида ҳам салмоқли меҳнат қилганди, хусусан, Жалолиддин Румийнинг олти китобдан иборат «Маснавийи маънавий» асарини, Фаридуддин Аттор асарларини, Абдураҳмон Жомий ғазаллар китобини, инглиз драматурги Уильям Шекспирнинг 10 дан ортиқ асарларини бевосита инглиз тилидан, Александр Пушкининг «Моцарт ва Сальери», Ян Райниснинг «Олтин тулпор», Бартольд Брехтнинг «Сичуандан чиққан меҳрибон» асарларини рус тилидан таржима қилган.

Октябрь

Хонанда Даврон Ғоипов

Фото: Ижтимоий тармоқларФото: Ижтимоий тармоқлар

Ўзбек рок-поп қўшиқчиси Даврон Ғоипов ўзининг туғилган куни — 7 октябрда 61 ёшида оламдан ўтди. У фаолияти давомида ўзбекистонликлар ҳали ҳам севиб тинглайдиган «Керак эмас шаҳло кўзларинг», «Қайдасан», «Бу нима бу?», «Шошмагин» сингари ўнлаб машҳур қўшиқларни ёзган. Соҳа мутахассислари унинг Ўзбекистонда рок-поп йўналиши ривожига катта ҳисса қўшганини эътироф этади.

Ноябрь

Бодибилдингчи Алёна Нураева

Фото: Xabar.uzФото: Xabar.uz

2 ноябрь куни бодибилдинг бўйича кўп карра Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпиони Алёна Нураева оламдан ўтгани эълон қилинди. Спортчи лейкемия касаллиги асоратларидан вафот этган. Маълумотларга кўра, у республика ва халқаро мусобақаларда 9 та олтин ва 4 та кумуш медални қўлга киритган эди.

Хонанда Жасур Рафиқов

Фото: Instagram / UzNewsФото: Instagram / UzNews

Бир неча йиллардан буён саратон касаллиги билан курашиб келган хонанда Жасур Рафиқовнинг вафот этгани ҳақида 14 ноябрь куни маълум қилинди. У 2007 йили Зоҳид Рихсиев ва Шоҳрух Исамуҳамедов билан биргаликда ташкил этилган «Уммон» гуруҳи хонандаларидан бири эди. 2018 йили Зоҳид Рихсиев гуруҳни тарк этгач, Жасур «Уммон»даги фаолиятини Шоҳрух билан биргаликда 2020 йилга қадар давом эттирган. Хонандалик фаолиятини тўхтатганидан сўнг, у турли бизнес лойиҳалар билан шуғулланган.

Рассом Шавкат Музаффар

Фото: Muzaffar.uzФото: Muzaffar.uz

15 ноябрь куни Ўзбекистон Рассомлар уюшмаси аъзоси, мусаввир Шавкат Музаффар (Шавкат Туропов) 54 ёшида вафот этди. Унинг бир қатор рангтасвир, графика, карикатура, ҳаттотлик асарлари АҚШ, Германия, Чехия, БАА, Франция, Жанубий Корея, Малайзия, Саудия Арабистони каби мамлакатларнинг шахсий коллекцияларида, шу жумладан, АҚШ Конгресси кутубхонасининг Марказий Осиё фондида сақланади.

Декабрь

Генетик Абдумавлон Абдуллаев

йил якунлари, таниқли шахслар

Ўзбекистонда генетика соҳасининг етакчи намояндаси, Фанлар академияси академиги Абдумавлон Абдуллаев 8 декабрь куни 92 ёшида оламдан кўз юмди. У илмий фаолияти давомида ғўза генетикасининг фундаментал асосларини ривожлантиришга ҳисса қўшган. Олим яратган илмий мактаб асосида ғўзанинг бир қатор янги навлари кашф этилган ҳамда генетика селекциясида ғўзанинг ёввойи турларидан фойдали донорлар сифатида фойдаланиш имконияти пайдо бўлган.

Ёзувчи Собир Ўнар

Фото: Oyina.uzФото: Oyina.uz

18 декабрь куни ёзувчи ва журналист Собир Ўнар 58 ёшида вафот этди. Унинг «Орзуга тўла қишлок» (1989), «Овлоқ адирлар бағрида» (1990), «Чашма» (1991) каби ҳикоялар тўпламлари, «Чамбилбелнинг ойдаласи» (2006) асари чоп этилганди. Собир Ўнар қоракалпоқ адиби Х.Тожимуродовнинг «Ов хангомалари» (1990) ҳамда турк ёзувчиси Бакир Юлдузнинг «Карбало фожеаси» қиссасини ўзбек тилига ўгирганди.


Шунингдек, Ziyouz.com портали маълумотларига кўра, 2022 йил давомида филология фанлари доктори, профессор Ҳамдам Абдуллаев (1939−2022), филология фанлари доктори, профессор Нўъмон Раҳимжонов (1944−2022), кимё фанлари доктори, профессор Ҳасан Шарипов (1947−2022), тиббиёт фанлари доктори, профессор Сайдиғанихўжа Исмоилов (1948−2022), филология фанлари доктори, профессор Каримбой Қурамбоев (1949−2022), биология фанлари доктори, профессор Санжар Шеримбетов (1983−2022), санъатшунослик фанлари доктори, профессор Дилфуза Раҳматуллаева (1962−2022) каби олимлар, Ҳайдар Муҳаммад (1936−2022), Дилбар Маҳмудова (1936−2022), Искандар Раҳмон (1937−2022), Нилуфар Алихонова (1940−2022), Сойим Исҳоқ (1941−2022), Комил Аваз (1942−2022), Жўра Маҳмудов (1942−2022), Абдуғани Абдувалиев (1942−2022), Ўсарбой Алавов (1945−2022), Ёқубжон Хўжамбердиев (1947−2022), Жалғас Хушниязов (1947−2022), Абдумутал Абдуллаев (1949−2022), Аҳмад Хўжа (1952−2022), Туроб Юсуф (1954−2022), Исмоил Оллаберганов (1957−2022), Шойим Шерназар (1958−2022), Дилмурод Жаббор (1958−2022), Фароғат Камолова (1959−2022), Зариф Султоний (1972−2022), Обидхон Мамадалиев (1988−2022), Саидхўжа Холдорхўжаев (1931−2022) каби ижодкорлар ҳам вафот этган.