Душанба куни Ўзбекистон қаҳрамони, «Нурли обод» фермер хўжалиги раҳбари Лола Муротова вафот этганлиги муносабати билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамдардлик билдирди.

Таъзия мактубида шунингдек, Сенат раиси Танзила Норбоева, Олий мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, бош вазир Абдулла Арипов, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров, бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси раиси, ЎзЛиДеП партияси етакчиси Актам Ҳаитов номи ҳам қайд этилган.

Бутун мамлакатнинг ғурур ва ифтихори бўлган Лолахон Муротова 1958 йил 9 мартда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг меҳнат фаолиятини Олтиариқ туманидаги «Нуробод» жамоа хўжалигида механизатор сифатида бошлади, ўз ҳаётини мамлакат иқтисодиётининг етакчи тармоғи бўлган қишлоқ хўжалиги билан боғлади.

Ёшлик йилларидан бошлаб деҳқончилик илмини пухта ўрганган Лола Муротова жамоа хўжалигида бош пудратчи, бўлим бошлиғи, хўжалик раиси каби лавозимларда фидокорона меҳнат қилиб, ишни ташкил этиш, мўл ҳосил етиштириш, хўжаликни самарали бошқариш соҳасида катта тажриба орттирди, дейилади хабарда.

«Фермерлик ҳаракатига кенг йўл очилиши билан моҳир ва миришкор деҳқон мамлакатда биринчилардан бўлиб „Нурли обод“ фермер хўжалигига асос солди ҳамда ернинг ҳақиқий эгаси сифатида мамлакатда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш ва уни янги босқичга кўтаришга катта ҳисса қўшди», — дейилади таъзияда.

Ўз фаолиятида доимо янгиликка интилиб, эзгу ташаббуслари билан барча фермерларга, айниқса, ёшларга ибрат бўлиб яшаган Лола Муротова Янги Ўзбекистон шароитида алоҳида жонбозлик ва ғайрат-шижоат кўрсатиб ишлади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор агротехнологияларни, бошқарувнинг замонавий усуллари ва самарали воситаларини қўллаш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ёш фермерлар авлодини тарбиялашда ўзига хос тажриба мактабини яратди.

У ўз фолияти билан Ватанга муҳаббат ва садоқатнинг, касбига фидоийликнинг ҳақиқий намунасини намоён этди. Айнан ана шундай олижаноб фазилатлари билан Лолахон опа бутун халқи учун ўзбек аёлининг ҳақиқий тимсолига айланди, дейилади мактубда.

«Эл-юрт ишига умрини бағишлаган қаҳрамон фермер жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этди. Унинг бу борадаги серқирра фаолияти ёшларни, хотин-қизларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларни иш билан таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топишида яқиндан кўмак бериш, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқ ва маҳаллаларни обод этиш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган эзгу ишларида яққол намоён бўлди», — дейилади некрологда.

Лола Муротова «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» фахрий унвони, «Эл-юрт ҳурмати», «Фидокорона хизматлари учун» орденлари ҳамда «Ўзбекистон Қаҳрамони» олий унвони билан мукофотланганlb.

«Атоқли фермер, қишлоқ хўжалиги илмининг етук намояндаси, таниқли жамоат арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин ва самимий инсон, халқимизнинг фидойи фарзанди Лола Муротованинг ёрқин хотираси қалбларда ҳамиша сақланиб қолади», — дейилади хабарда.