Хоразмлик журналист Давлатназар Рўзметов 6 ноябрь куни автомобиль авариясида ҳалок бўлди. Бу ҳақда унинг жияни Facebook ижтимоий тармоғи орқали хабар қилди. Дафн маросими пайшанба куни бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг хабар қилишича, журналистни 6 ноябрь куни тахминан 23:55 да Урганч-Хива йўлида ҳаракатланиб келаётган «ГАЗель» автомобили уриб юборган.

Бошидан жароҳат олган Давлатназар Рўзметов ҳодиса жойида ҳаётдан кўз юмди. Урганч ИИБ ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.

48 ёшли Давлатназар Рўзметов ўзининг танқидий мақолалари билан таниқли эди. У «Давлат НАЗАРдан хабарлар» Telegram-каналини юритар эди.

Сўнгги вақтларда «Жамият» газетаси мухбири лавозимида фаолият кўрсатган. Аввал «Хоразм ёшлари» газетаси муҳаррир ўринбосари эди.

Ўтган йилнинг октябрида маҳаллий ҳокимиятда пахта терими масалаларига бағишланган йиғилишни видеога олмоқчи бўлганидан сўнг жамоат тартибини бузганликда айбланиб маъмурий қамоққа ҳукм этилган эди.

Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги раҳбари Комил Алламжонов журналистнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.